Алишер Усмонов: 'Мирзиёевга маслаҳат беряпман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA
Image caption Усмонов ўз самолётини Мирзиёевга "текинга бермоқчи бўлган".

Кремлга яқин асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистоннинг Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги раҳбариятига маслаҳат ва ёрдам бераётганини тан олган.

"Мен Ўзбекистонга қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман ва ҳозирнинг ўзида беряпман ҳам", - деб айтган у Reuters агентлиги билан суҳбатда.

"Мирзиёев хавфсизлик сабаб Алишер Усмонов самолётини ижарага олган"

Усмоновнинг аниқлик киритишича, унинг роли "маслаҳат, консультация ва хайриядан иборат".

"Ўзбекистон иқтисодиётига қанча сармоя киритмоқчисиз?" деган саволга Усмонов "қурбим етганича" деб жавоб берган.

У ота юртига киритаётган сармоялар ҳажми ҳақида маълумот бермаган, аммо ўзининг UMS Холдинги билан Ўзбекистондаги метални қайта ишловчи корхоналар орасидаги алоқалар мустаҳкамаланиб бораётганини айтган.

64 ёшли Алишер Усмонов Россиянинг бешинчи энг бой одами ҳисобланади.

Forbes журнали унинг бойлигини $15.2 миллиард деб баҳолаган.

'Жадал ислоҳотлар'

Усмонов Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг суръатидан таъсирланганини айтган.

"Мен бу ислоҳотлар уч йилдан беш йилгача вақт олса керак, деб ўйлагандим. Чунки бошқа мамлакатларда шундай бўлган. Аммо Ўзбекистонда бу нарса бир йилда қилинди", - деб айтган Усмонов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MICHAEL KLIMENTYEV
Image caption 64 ёшли Алишер Усмонов Россиянинг бешинчи энг бой одами ҳисобланади.

Кремлга яқин миллиардер Президент Шавкат Мирзиёев хорижий сафарларда унинг шахсий самолётидан истифода этаётганини тасдиқлаган.

Усмоновнинг айтишича, у самолётини Мирзиёевга текинга бермоқчийди, аммо ўзбек томони буни тижорий асосда амалга оширишни истаган.

"Мирзиёевнинг парвози масаласи муҳокама қилинганда мен бор эдим. Аммо сафарни амалга ошириш учун узоққа учадиган ва муносиб тоифаадаги самолёт йўқ эди", деган Усмонов Рейтер агентлиги билан суҳбатда.

Матбуот хабарларига кўра, Усмоновнинг марҳум жияни Мирзиёев рафиқасининг жиянига уйланган.

Аммо бу ҳақдаги саволга жавоб бераркан, Усмонов "Диёра ортиқ менинг жиянимнинг беваси эмас, у бошқа одамга турмушга чиққан ва мен унга бахт тилайман", - деган Усмонов.

У агар сармоялар ҳимояланса, кўплаб давлатлар Ўзбекистонга сармоя киритишга тайёрлигини айтган.

Усмонов бошқа хориждаги ўзбекларни ҳам Ўзбекистонни фаровон ва ҳуқуқий давлатга айлантиришда ўз ҳиссаларини қўшишга чақирган.

Марҳум Ислом Каримов даврида Алишер Усмонов ўзбек расмийлари билан яқин алоқаларга эга эмасди.

Ҳатто Мирзиёев янги ҳокимиятга келган пайтлар ҳам Усмонов Ўзбекистон раҳбарияти билан алоқаларини рад этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002