Мирзиёев қийноқ қўллаганларни жазолашга ваъда берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official

Президент Шавкат Мирзиёев тергов жараёнида қийноқ қўллаган шахслар, "ким бўлишидан қатъий назар, муқаррар жавобгарликка тортилишини айтган.

Бу ҳақда у 7 декабрь куни Констутициянинг 25 йиллигига бағишланган нутқида гапирган.

Мирзиёев 2 минг 700 нафар маҳкумни авф этди

Мирзиёев қийноқларни тақиқловчи фармонга имзо чекди

"Бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа шафқатсиз зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди.Бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилади", -деб айтган Президент.

Унинг сўзларига кўра, қийноққа солиш каби ноқонуний усулларни қўллашни қатъиян чеклаш мақсадида тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади.

"Энг муҳими, ноқонуний усуллар қўллаш тўғрисидаги биронта ҳам хабар эътиборсиз қолмаслиги шарт. Прокуратура органлари ҳар бир ҳолат бўйича чуқур текширув ўтказиб, айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлайди", -деб айтган Президент.

Ўтган ҳафта Мирзиёв "Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолаган.

Унга мувофиқ, қийноқ ва руҳий босимлар остида олинган далиллардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Аммо Ўзбекистон қонунчилигида қийноқ қўллаш бунга қадар ҳам тақиқланган, 2003 йилда "Қийноқларга қарши кураш миллий дастури" ҳам қабул қилинганди.

2012 йилда президент Каримов қийноқларни тақиқловчи махсус қонунга ҳам имзо чеккан.

"Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги қонун орадан бир йил ўтиб, 2013 йил охиридан кучга кирганди.

Аммо ҳуқуқ фаолларига кўра, амалда вазият ўзгаришсиз қолган.

Тергов ҳибсхоналарида қийноқлар қўлланаётгани ҳақидаги хабарлар шу кеча-кундузда ҳам келишда давом этмоқда.

Ўтмишда қийноқ натижасида ўнлаб маҳбусларнинг вафот этиш ҳоллари қайд этилган, аммо қийноқ қўллаганлар жазога тортилмаган.

Мирзиёев ўз нутқида судларнинг мустақиллигини таъминлаш учун ҳали кўп иш қилиш кераклигини айтган.

Унга кўра, жорий йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Мирзиёев" илгари битта оқлов ҳукми чиқариш ҳам судлар фаолиятида ўта кам учрайдиган ҳодиса" бўлганини қайд этган.

Айбсиз айбдорми?

Президент Мирзиёев "кўп-кўп одамларнинг адолатсиз қамалгани" ва ҳануз қамоқда ўтирганини айтган.

"Адолатсиз ўтиргани учун адолатсиз халққа ҳам, жамиятга ҳам душман бўлгани"ни айтган.

Айни пайтда у ноҳақ қамалганларни реабилитация қилиш ҳақида ҳеч нарса демаган.

Констутициянинг 25 йиллиги арафасида Президент 2700 нафар маҳбусни озод этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Ўзининг айтишича, у 10 минг нафар маҳбусни озод этишни режалаган, аммо маҳбусларнинг аксари "қилмишидан пушаймон бўлмаган".

Уларнинг орасида диний-сиёсий айблар билан қамалганларнинг бор-йўқлиги маълум эмас.

Бу каби сондаги маҳбус мамлакат тарихида илк бор авф этилмоқда.

Мирзиёев ўзи эълон қилган сўнгги авфнинг ялпи амнистиядан фарқли эканини урғулаган.

У ялпи амнистия қўллашда коррупцияга йўл қўйиб келинганлигини ҳам танқид қилган.

"Биласизларми, амнистияни афв этиш билан мутлақо фарқи бор. Амнистия қарор қабул қилади, бу йўналишлар бўйича. Кейин у ҳам коррупция бўлиб кетган. Пастдаги одамлар, у ердаги ноинсоф одамлар кимни чиқаришни ҳам, у ҳам кўп-кўп ўйинлар билан боғлиқ. Ҳақиқий адолатни билган, ўзи пушаймон қилган одамни топиш қийин бўлган. Шунинг учун афв дегани, очиқ гап, ҳозир 57 минг одамимиз қамоқларда ётибди. Мен 10 минг одамга режа қилгандим, топа олмадик", - деб айтган Мирзиёев.

Айни пайтда эктстремизмда айбланган икки нафар ўғли қийноққа солинганини айтган навоийлик она Инобат Арзиеванинг айтишича, фарзандлари айбсиз ва шунинг учун ҳам кечирим сўрашдан бош тортишган.

Навоийлик она аввалроқ Би-би-си орқали Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган ва қийноқ қўллаганларни жазолашни сўраганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002