Мамаёқуб Ҳамроевни нега жиноятчига чиқаришмоқчи?

Мамаёқуб Ҳамроев

Россиядан Ўзбекистонга қайтган тадбиркор Мамаёқуб Ҳамроев ҳибсга олинган.

28 ноябрдан буён у Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон қамоқхонасида сақланмоқда.

Видеони BBC O'zbekнинг YouTubeдаги каналида томоша қилинг

Мамаёқуб Ҳамроевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-, 175- ва 209-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мамаёқуб Ҳамроев Навоий вилоятининг Лангар посёлкасидаги мармар ишлаб чиқариш корхонасини бошқарган.

2000 йиллар бошида уни даромадли корхона раҳбарлигидан четлаштиришга муваффақ бўлганлар.

Мамаёқуб Ҳамроевга нисбатан жиноят иши қўзғатганлар.

У ўзининг ҳаётига таҳдидлар бўлганини айтган ва ватанини тарк этишга мажбур бўлганди.

Россияда у Лангардаги талон-тарожликлар, бутун бошли ишлаб чиқариш бинолари худди уруш бомбардимони остида қолиб вайрон этилганига ўхшаш ҳолатга келгани ҳақида интервьюлар берган, турли Интернет нашрларида мақолалар эълон қилган.

Хатирчининг Лангарини ким бомбардимон қилди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи langar
Image caption Лангар посёлкаси бомбардимондан кейинги аҳоли яшаш жойига ўхшаб қолди

Мамаёқуб Ҳамроев ушбу ноқонуний, ноинсоний амаллар ўзларининг шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйган нопок раҳбарларнинг ишлари оқибати экани ҳақида айтган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг дунёнинг турли бурчакларида бўлган ўзбекистонликларнинг ватан тараққиётига ҳисса қўшиш ҳақидаги чақириғидан руҳланган Мамаёқуб Ҳамроев Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди.

У Ўзбекистонга қайтиш қарори ўзи учун таҳликали бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирган ҳам.

Россияда фаолият юритадиган тадбиркор Аъзам Абдуллаевнинг Би-би-сига айтишича, ўзбекистонлик милиция ходимлари Мамаёқуб Ҳамроевни Қозоғистон ҳудудида кутиб олишган ва Самарқандга олиб кетишган.

Интернетда Мамаёқуб Ҳамроевни озод этиш талаби билан имзо тўплаш бошланган.

Фаолларга кўра, ўзларининг жиноий ҳаракатларини фош этган ўзбекистонлик амалдорлар Мамаёқуб Ҳамроевдан ўч олиш мақсадини кўзламоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар