Афғонистон Президенти Бухорони зиёрат қилди

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Бухорога йўл олди. Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокараларнинг эртаси куни Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Бухорога сафар қилган.

Президент Ғанига Бухоро Давлат университетининг фахрий доктори дипломи топширилди, дея хабар қилади Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги.

Афғонистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг Тошкентдаги самимий музокаралари ҳам афғонистонликлар ва ҳам ўзбекистонликларни хурсанд қилди.

Икки мамлакат ўртасида ҳамкорликка оид 20 битим, 40 дан зиёд экспорт шартномалари имзоланган.

Бу битимлар Ўзбекистон электр энергиясини Афғонистонга етказиш линиясини барпо этиш, деҳқончилик маҳсулотлари, дори-дармон ва бошқа товарларни Афғонистонга етказишни кўзда тутади.

Ўзбекистон Афғонистонга Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган 25 Isuzu автобуси ва 3 New Holland трактори ҳадя қилган.

Имзоланган ҳужжатлар орасида Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаган темир йўлни кенгайтиришни кўзда тутган шартнома ҳам бор.

2011 йили "Ўзбекистон Темир йўллари" ширкати Амударёнинг чап соҳилидаги "Ҳайратон" шаҳарчасидан Мозори-Шариф шаҳригача темир йўл барпо этган эди.

Ўзбекистон бу темир йўлни Мозори-Шарифдан Эрон чегарасидаги Ҳирот шаҳригача узайтириш истагида эканини айтиб келган.

Ҳиротни Эрон билан боғлайдиган темир йўлни қуриш аллақачон бошланган, ушбу лойиҳаларнинг ниҳоясига етказилиши Ўзбекистонга Форс кўрфази соҳилидаги бандаргоҳларга чиқиш имкониятини яратади.

Тошкентда имзоланган Мозори-Шариф-Ҳирот темир йўли қурилишига оид битимнинг бу лойиҳани ким молиялайди ва бу қанчага тушиши ҳақидаги тафсилоти ҳозирча эълон қилинмади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ