Мирзиёев бошқаруви остида инсон ҳақлари вазияти ўзгардими?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook.com/Mirziyoyev

Бундан роппа-роса 1 йил олдин - 2016 йил 4 декабрида Ўзбекистондаги президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди.

Жоанна Лиллис: Мирзиёев Ўзбекистон имиджини яхшилашни истайди

Бир йил ичида Каримов сиёсатидан нима қолди?

Шавкат Мирзиёев президентликка киришмоқда

"Тошкент милицияси Ўзбекистон қонунларини бузмоқда"

Бугун Ўзбекистондаги Шавкат Мирзиёев президентлигининг 1 йиллиги сарҳисоб қилинганда, аксар таҳлилчилар Ўзбекистонда барча соҳаларда кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бергани ҳолда мамлакат раҳбарияти эълон қилган ҳамма ислоҳотлар ҳам кўнгилдагидек бормаётганига эътибор қаратишади.

Хўш, Президент Мирзиёев қудрати остидаги Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига қандай баҳо бериш мумкин?

Би-би-си ушбу савол билан Human Rights Watchнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими тадқиқотчиси Стив Свердлоуга мурожаат қилди.

Стив Свердлоу:Мен ҳозир Ўзбекистон ичкарисида туриб мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятидаги ҳам ижобий ўзгаришлар ва ҳам бундан олдинги йилларда Ўзбекистонни танқид қилиб келишган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг инсон ҳуқуқларини поймол этаётганига оид маълумотларни олмоқдаман. Биз яхши биламизки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг фаолияти диний эркинликлар билан, диний айбловларга алоқадор таъқиблар ва экстремизмга қарши кураш билан боғлиқ. Ва бу йўналиш давлат учун жуда мушкул, мураккаб йўналишлардан ҳисобланади. Шу сабабдан, Ўзбекистон ҳукумати бир тарафдан, мамлакатга шу йил октябрь ойида БМТ махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳидни таклиф этганларини ҳам эътироф этадилар. Ҳукуматнинг БМТ махсус маърузачисини таклиф қилгани, у ўзининг ҳисоботи учун зарур маълумотни тўплаши учун махсус маърузачи билан ҳамкорлик қилгани, албаттаки, муҳим қадам қадам ҳисобланади. Ва ушбу таклиф ҳукуматнинг сўнгги 15 йил мобайнидаги амалиётлар Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига путур етказганининг эътирофи деб ҳам аташ мумкин. Биз Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу қадамларини олқишлаймиз. Бироқ бошқа тарафдан, биз 27 сентябрда хориждан Ўзбекистонга қайтган таниқли ёзувчи Нуруллоҳ Отахоновнинг шу заҳоти ҳибсга олинганини кўрдик. Ёзувчини аэропортда ҳибсга олдилар, сўнг унинг бўйнига экстремизм айбловлари қўйилди. Кейин у уй қамоғига қўйиб юборилди. Бу яхши ва бундай жиноий модда бўйнига қўйилган инсоннинг Ўзбекистонда қамоқхонадан уйига қўйиб юборилгани - мамлакатда шу пайтгача учрамаган ҳодиса эди. Бошқа томондан, унинг устидан бошланган тергов давом этаяпти ва орадан икки ой ўтганидан кейин ҳам ёзувчи бўйнига қўйилган айблар ҳали ҳам турипти. Чиндан ҳам китоб ёзган ва китобида Каримов замони ҳақида танқидий фикрлар мавжуд бўлган бир тинч ёзувчига илгари сурилган айблов ҳали ҳам кучда. Ноябрь ойи охирида ҳибсга олинган 7 инсон ишларида ҳам биз олдинги замон амалиёти яна қайтганини кўрмоқдамиз. Шуниси, кинояли ва қайғулики, айни шу оилалар аъзолари август ойининг охирида Сергели туман ҳокимлигига чақирилганлар ва бизга айтиб беришларича, бутун бошли комиссия уларни қора рўйхатдан чиқарилганлари билан табриклаганлар. Қора рўйхатдан чиқарилганлари бу инсонлар учун ўта муҳим. Энди улар жамиятдаги радди маърака эмаслар, ҳар ойда тушунтириш хати ёзиб бериш ёки таҳқирли савол-жавоблардан ўтиб туриш талаб қилинмайди. Бу нарсалар ҳукуматнинг реабилитация қилиш ёки ҳеч бўлмаганда мулоқотга киришиш мақсадида ўзгача йўл танлаганини намойиш этади. Лекин сўнгги ҳибслар, ҳибсдан кейин гумонланланганларнинг ёнига яқинлари ёки адвокатлари киришига рухсат берилмагани - яна Ўзбекистонда эски қаттиқ, шафқатсиз амалиётлар ортга қайтганини англатади. Биз ўйлаймизки, бундай амалиётларга чек қўйиш лозим. Албатта, биз исбот-далилларни пухта кўриб чиқиш тарафдоримиз. Агар жиноят содир этилганининг инкор этиб бўлмас исбот-далиллари бўлса, тергов қилиш лозим. Бу жуда муҳим. Бироқ Human Rights Watch ўз ўрганишларида жиддий жиноят содир этилганининг исбот-далилларини кўрмади. Биз бир нарсани биламизки, ҳибсга олинган инсонларнинг кўплаб яқинлари 2000 йиллар бошларидан қамоқ жазоларини ўтаяптилар. Яъни, камида 15-17 йилдан буён қамоқларда қолаётган инсонлар. Шундай таассурот ҳам туғиладики, айрим ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўзлари учун жиноят иши қўзғатиш учун объект қидираётганга ўхшайди. Биз жиноятнинг жиддий исбот-далили бўлмаса кескин хулосага келмасликка, ҳукуматни экстремизмдек жиддий ҳолат ва муаммоларга олдингига қараганда бошқача ёндашишга чақирамиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи HRW.ORG

Би-би-си: Президент Мирзиёевнинг сиёсатига икки хил муносабат билдирилаётганини кўриш мумкин. Кимдир раҳбариятнинг ислоҳот баёнотлари самимий эканига шубҳа қилмоқда. Яна кимдир Президент Мирзиёевнинг ислоҳотларни истамаётган амалдорларга куч етмаяпти, демоқда. Сиз Тошкентда бўлиб бу ҳақда қандай фикрга келдингиз?

Стив Свердлоу:Human Rights Watch ўтган 1 йил умидлар, эҳтиёткорона некбинлик йили бўлганини инкор этмайди. Ва биз шу бир йил мобайнида Ўзбекистонда аҳамиятли ва ижобий қадамлар ташланганини ҳам рад қилмаймиз. Мен ҳозир Тошкентда бўлган охирги ҳафталарда мамлакатдаги сўз эркинлиги, ўз фикрини эркин ифодалаш эркинлиги, ассоциациялар эркинлиги билан боғлиқ вазиятни яқиндан кузатдим. Журналистика соҳасида фаолият юритаётган сизнинг ҳамкасбларингиз билан мулоқот қиларканман, улар бир йил давомида ўзгаришлар бўлганини, қандайдир юмшаш кўзга ташланишини, цензура озгина ортга чекинганини айтишади. Human Rights Watch, бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича, камида 16 сиёсий тутқун Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан буён озод этилганини олқишлади. Биз талабалар, шифокорлар ва ўқитувчилар пахта далаларидан қайтарилганларини, яъни Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга чек қўйиш йўлида қўйилган муҳим қадамларни қутладик. Аммо ҳалигача мамлакатда инсон ҳуқуқлари жиддий поймол этилаяпти. Ўзбекистондаги вазиятни аянчли деб таърифлашдан ўзга илож йўқ. Нега? Чунки, афсуски, қийноқлар Ўзбекистонда ҳалигача ҳам мунтазамий бўлиб қолмоқда. Қамоқхоналарда ҳали минглаб сиёсий маҳкумлар ушлаб турилибдилар. Ҳамон мажбурий меҳнат ва диний эркинликлар чекланаётгани билан боғлиқ қатор жиддий инсон ҳуқуқлари бузилиши сақланиб қолмоқда. Мен сентябрь ойида ва ундан кейин учрашган ҳукумат мулозимларида қандайдир янги энергияни ва ислоҳотларни амалга ошириш истакларини кўрдим. Биз ҳақиқий ислоҳотларни олқишлаймиз ва бу ислоҳотларни чуқурлаштиришга чақирамиз. Яъни, ижобий қадамлар структуравий мазмун касб этмоғи лозим. Биз - инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, фуқаролик жамияти фаоллари, мусатқил оммавий ахборот воситалари - ҳаммамиз ўз фаолиятимизни давом эттириш билан ана шу ижобий қадамлар мустаҳкамланишига ҳисса қўшишимиз керак, деб ўйлайман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ