Андижоннинг сўконғич ҳокими жавобгарликка тортилиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Дилмурод Раҳматуллаев аввалроқ берган интервьюсида таълим ходимлари пахтага жалб этилмаслигини айтганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар қилишича, Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шаҳар таълим муассасалари раҳбарларини уят гаплар билан ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилиши мумкин.

Прокуратура ўз сайтида чоп қилган баёнотга кўра, Андижон шаҳар халқ депутатлари Кенгаши раиси ҳам саналувчи Раҳматуллаевга қарши текширув ўтказилган.

"Дилмурод Раҳматуллаев амалларида суд тартибида кўриб чиқилиши зарур бўлган маъмурий қонунбузарлик аломатлари борлигини ҳисобга олган ҳолда, вилоят прокуратураси Дилмурод Раҳматуллаевни жавобгарликка тортиш бўйича халқ депутатлари Кенгашига тақдимнома берилган", - дейилади хабарда.

Ҳозирда Кенгаш бу тақдимномани кўриб чиқмоқда.

Кун.уз нашри Андижон ҳокимининг йиғилишда шаҳардаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга ургани ифодаланган аудиоёзувни ноябрь охирида чоп қилганди.

Раҳматуллаев раҳбарлигидаги йиғилиш октябрда Андижондан Тошкент вилоятига поезд орқали минглаб теримчилар олиб келинганидан кейинги кунларда бўлиб ўтгани хабар қилинган.

Аудиоёзувдан аён бўлишича, Раҳматуллаев белгиланган миқдорда теримчиларни пахтага жўната олмаган директорларни бирма-бир турғазиб, йиғилганлар олдида турли қўпол сўзлар билан сўкади ва ҳақоратлайди.

"27 дақиқалик аудиофайл Раҳматуллаевнинг тилга олиб бўлмас сўкинчли сўзлари билан тўлиб-тошган", - деб ёзади нашр.

«Ҳокимиятнинг кучини кўрсатиб қўяман сенларга. Бир жойимни қисиб юрувдим, очиғи. Бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаганманда, она товуққа ўхшаб буларни ёнимда олиб юровурганман. Булар бошқармаси билан юровурсин, бошқармасини айтганини қилсин, десам булар бошқача қилди. Қани, Маъруф ким билан ишлайсан экан. И***с, шу пайтгача сен демовдим. Ҳаммангни биламан».

"Бу унинг Андижон тиббиёт коллежи директори Маъруф Бувабековни таҳқирлаш давомида айтган энг юмшоқ сўзларидир", - деб ёзганди кун.уз.

2016 йилда шаҳар ҳокими этиб сайланган Дилмурод Раҳматуллаевнинг ўзи ҳам собиқан ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Аввалроқ пахта мавсумида мактаб, коллеж директорларини сўкиб, калтаклаган Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокимига нисбатан жиноий иш қўзғатилмаслиги хабар қилинганди.

Носиржон Эгамбердиев ишини Бош прокуратура ўз назоратига олган эди. Ҳуқуқ тартибот идораси мактаб директорлари калтакланишида жиноий аломатлар топмаган.

Ўқитувчиларни уриш ҳолати Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 82 - моддаси 2- банди бўйича ёпилган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Бош прокуратура ҳокимнинг мактаб директорларини уришида жиноят аломатлари топмади