Сеул шаҳар ҳокимияти Тошкентда давлат хизматларини қулайлаштиришда ёрдамлашади

Сеул Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон ҳукумати нотариус, архив, газ, электр, сув таъминоти ташкилоти ва маҳаллада хизматларини жойларда ягона агентлик орқали амалга оширишни йўлга қўймоқчи. "Ягона дарча" хизматлари таркибида Тезкор давлат хизматлари агентлиги ташкил қилинади. Уни ташкил қилишда Сеул шаҳри маъмуриятидан 10 га яқин мутахассис икки йил давомида ёрдам беради.

Ушбу таклифни олдинга сурган Президент Мирзиёев бу борада Ўзбекистон ва Жанубий Корея мисолларини солиштирган.

"Бизда давлат хизматлари 25 та бўлса, у ерда давлат хизматлари 750 та. Мана қандай улар олдинга кетиб қолган. Бизда битта нотариуснинг олдига боринг неча соат ўтирасиз. Адлия вазирлигига бўйсинадиган ноинсоф хуши бўлса қабул қилади. Хушлари бўлмаса қабул қилмайди. Шу каби жуда кўп масалалар, одамларнинг кайфиятига жуда салбий таъсир қилмоқда", деган Мирзиёев.

Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда давлат хизматлари агентлиги фаолиятини йўлга қўйишда Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳар маъмурияти яқиндан ёрдам беради.

"Сеул шаҳри мэри билан ака-ука тутиндик. Мен Сеул фуқароси бўлдим. Энди мен ҳам сени қўл кўтариб сайлашга ҳуқуқим бор, деб ҳазиллашдим. Сеулнинг ҳокими жуда олийжаноб инсон. Бизга ўзининг 5-10 одамини 2 йилга беради. Икки йилда бу хизматларни Тошкентдан бошлаб ўргансак. Ҳозир ҳамманинг қўлида айпад бор, планшетлар ҳамма нарса бор. Энди у идораларга бориб бўйин эгиб юриш замони ўтди", деган Президент.

Президент аввалига ушбу қарор 15 куннинг ичида Президент қарори лойиҳасини киритишни таклиф қилди. Бироқ нутқи давомида "очиғини айтсам, қарор тайёр, агар сизлар қўлласангизлар уни тезроқ қабул қиламиз", деб айтди.

Залда ўтирганлар ушбу таклифни ўрнидан туриб гулдурос қарсаклар билан кутиб олди.

"Бу нимадан далолат, ҳамма нарса сизларнинг ҳам жонларингга тегиб бўлган экан-да", деб кулди.

Ўзбекистонда давлат идораларида узун ва тартибсиз навбатлар ҳақида кўп гапирилади.

Ижтимоий тармоқларда нотариус ёки бошқа хизмат ходимларининг қўпол муомалалари туширилган тасвирларни учратиш мумкин.

Олдинроқ Ўзбекистонда нодавлат нотариал идоралар ўз фаолиятини 2018 йилнинг 1 январидан қайтадан бошлаши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

2010 йил май ойида Президент Ислом Каримов фармони билан хусусий нотариуслар фаолияти тўхтатилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002