Тошкентдаги 3 опа-сингил нотўғри муолажа сабаб ўлган

Бобир Деҳқонов Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

Тошкент шаҳар прокуратураси тўсатдан вафот этган 3 опа-сингил ўлими бўйича суд-тиббий экспертиза натижаларини эълон қилди. Маълум бўлишича 4 ёшдан 7 ёшгача бўлган қизалоқлар дори воситасини қабул қилганидан сўнг оламдан ўтган.

9 ноябр куни Тошкент шаҳар ИИББда ўтган бирифингда шаҳар прокуратураси бошқарма бошлиғи Бобир Деҳқонов ҳам иштирок этган.

У тўсатдан вафот этган 3 опа-сингил ўлими бўйича суд-тиббий экспертизаси натижаларини эълон қилди.

"Суд-тиббий экспертизаси натижаларига кўра, қизлар гипотензив дори воситасини (артериал қон босимини туширадиган) қабул қилишганидан кейин вафот этишган. Дори воситасини давомли қабул қилиш натижасида, қизларда кардиоген шок ҳолати юзага келган", деб хабар беради соф.уз сайти.

Бир оиланинг 3 қизи 2010 йилда туғилган Муниса Қосимова, 2011 йилда туғилган Мухлиса Қосимова ва 2013 йилда туғилган Моҳира Қосимовалар 8 ноябрь куни Тошкентда вафот этишган.

Ижтимоий тармоқларда уларнинг кабоб еб заҳарлангани ҳақида хабарлар чиқди.

Уларнинг энг кичиги шифохонага олиб кетилаётганда тез ёрдам машинасида оламдан ўтган. Қолган икки нафари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий- тадқиқот институтига етказилган ва ўша ерда жон таслим қилган.

Ижтимоий тармоқларда оилани яқиндан таниган қўшниларнинг сўзларига кўра, қизлар қийма кабоб тановул қилганидан сўнг қоринда оғриқ пайдо бўлганини айтишган. Кейин эса оғриқ қолдирувчи дори истеъмол қилишган.

Бироқ бироз вақт ўтгач, қизларнинг аҳволи янада оғирлашади ва улардан бирининг жони «тез ёрдам» машинасида узилади. Қолган қизларнинг ҳам аҳволи оғир бўлганлиги сабаб юқумли касалликлар шифохонасига жўнатилади. Улар ҳам бирин-кетин вафот этишган.

Тошкент прокуратураси расмийси Бобир Деҳқоновнинг таъкидлашича, тергов давомида бу дорихона ходимининг хатоси бўлганми ёки даволовчи шифокорнинг хато ташхиси бўлганми аниқланишини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар