Истанбулда Абдулқодир Машарипов ва 57 киши устидан маҳкама бошланди

Абдулқодир Машарипов Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Истанбулда 39 кишини отиб ўлдиришда айбланаётган Абдулқодир Машарипов ва яна ўнлаб гумонланувчилар устидан маҳкама бошланди. Гумонланаётган 57 кишининг кўпчилиги Марказий Осиёдан эканлиги айтилмоқда. Айбланаётганлоар орасида Машариповнинг рафиқаси ҳам бор.

Отишмани уюштиришда гумонланаётган 57 кишидан 51 таси ҳибсга олинган ва Истанбул чеккасидаги қамоқхоналардан бирининг яқинидаги маҳкамада ҳозир бўлган.

Ўзбекистон фуқароси эканлиги айтилаётган Абдулқодир Машарипов расман қуролли террорчи гуруҳга аъзо бўлиш, қотиллик, оғир қуролга эга бўлиш ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланмоқда.

Прокурор Машариповга бир неча умрбод қамоқ жазоси сўраши кутилмоқда. Унинг хотини ҳам айбланмоқда.

Турк матбуотида шу йилнинг 1 январ куни даҳшатли қотилликка сабабчи бўлгани айтилаётган Абдулқодир Машариповнинг унга нақадар алоқадор эканлиги тўғрисида етарли ва очиқ маълумот чиқмаган.

Аввалроқ Истанбул вилоят ҳокими Васип Шаҳин ўзбек ҳужумчи "айбига иқрор бўлган"ини айтганди.

Унга кўра, Машарипов Афғонистонда махсус тайёргарликдан ўтган.

Васип Шаҳиннинг айтишича, Абдулқодир Машариповнинг бармоқ излари ҳодиса жойидан олинган бармоқ изларига тўғри келган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Истанбулдаги ҳужум юзасидан бирон-бир баёнот бермаган.

Аммо 2 февраль куни "Тошкент" телеканалида намойиш этилган ҳужжатли фильмда Машариповнинг "ўзбек" экани айтилган.

Турк расмийларининг сўзларига кўра, Машарипов Туркияга 2016 йил январида ноқонуний келган.

Ҳужум содир бўлган куни унинг Кўнё шаҳридан Истанбулга етиб келгани айтилганди.

Турк матбуотининг хабарларига кўра, Кўнёда Машарипов аёли ва икки фарзанди билан яшаган.

Турмуш ўртоғи унинг ИШИДга аъзолигидан хабари бўлмаганини айтган. Эндиликда унинг аёли ҳам отишмада алоқадор деб кўрилаётгани хабар берилмоқда.

Reina тунги клубига ҳужум учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олганди.

Ҳужумга алоқадорликда жаъми 50 киши ҳибсга олинган.

Ҳужумда 39 киши ҳалок бўлган, 40 одам яраланган,

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти хориж фуқароларидир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002