Диний айблар билан қамалганлар афв этиладими?

мусулмонлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Президент Мирзиёев 2700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармонни Ўзбекистон тарихида мисли кузатилмаган ҳужжат деб таърифлади.

Фармон диний айбловлар билан айбланиб узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбусларга нисбатан ҳам қўлланилдими, деган савол афтидан ҳамон очиқ қолмоқда.

Фармон имзоланган кундан бошлаб Ички ишлар вазирлиги қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармаси биноси олдида диний айблар билан қамалганлар яқинларининг кети узилмагани хабар қилинмоқда.

Бошқарма ходимлари аввалига йиғилганларнинг ҳужжатларини олиб афвга тушган ёки тушмаганини текшириб беришган. Аммо кейинчалик афвга тушганлар қамоқдан чиқиб бўлди, қолгани тушгани йўқ деган жавобни беришган.

"Жуда ҳам кўп ота-оналар бир неча кундан бери ўша ерда туришибди. Бошида текширишди, кейин ҳаммага умумий қилиб, афвга тушганлар чиқиб бўлди, деган жавобни беришяпти. Норози ота-оналар Президент девонига бориб аниқлик киритишни сўрамоқчимиз", дейди 16 йилга қамалган ўғлини 17 йилдан бери очиқликка чиқишини кутаётган Гулчаш Содиқова.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Рустамовга 50 дан ортиқ диний айбловлар билан қамалганларнинг яқинлари ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

"Мендан ҳуқуқий ёрдам сўраганлардан бирортасининг ҳам яқини Президент эълон қилган афвга тушгани йўқ. Ўзи бу афв фармони ҳам амнистия каби ўта мавҳум ва шубҳали. Бирор жойда авфга тушганларнинг рўйхати эълон қилингани йўқ. Бу ҳам коррупциядан дарак беради", дейди Шуҳрат Рустамов.

Ижтимоий тармоқларда ўнлаб диний айб билан қамалганларнингт озодликка чиққани ҳақида хабарлар босилди.

"Алҳамдулиллаҳ, кеча чиққан қори укамизни зиёрат қилдик. Айтишларича, яна 27 биродар озодликка чиқибди", деб ёзди Баҳодир Аҳмад

Бироқ бу хабарларда ушбу одамлар қамоқ муддатини ўтаб бўлгани учун ёки авфга тушгани учун озодликка чиққанлигига аниқлик киритилмаган.

Айрим изоҳ қолдирувчилар ўтган йили диний айблар билан қамалганларнинг афвга илингани ҳақида ёзган. Бироқ ушбу хабарларни тасдилатишнинг имкони бўлмади.

Фақат муддатини ўтаб бўлганлар чиқяптими?

Андижон ҳодисалари вақтида озод қилинган 23 тадбиркордлан бирининг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, озодликка чиққанлар орасида анжидонликлар ҳам бор.

"Мени эшитганим уч-тўрт киши муддати тугаб озодликка чиқишди. Мени тоғам ҳам шулардан биттаси, биз ҳам ҳурсанд булдик. Андижондаги қўшнилар муддатига қўшиб берилганлар ҳам чиқаркан дейишяпти экан аммо бунақасини ҳали эшитмадим", дейди ҳозир Европа давлатларининг бирида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик.

Тошкентдан ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов унга мурожаат қилган диндорларнинг бирортаси ҳам муддатидан олдин афвга тушмаганини айтади.

"Қамоқда ўтирган диндорларнинг кўпчилиги туҳмат сабаб тушган. Лекин уларга афв қўлланилгани йўқ. Бироқ муддатини ўтаб бўлганларга қўшимча жазо берилмасдан ўшаларнинг айримлари чиқаётган экан. Улар шунинг учун ҳам ҳурсанд бўлиб ўтиришибди", - дейди у.

Ҳуқуқбоннинг айтишича, кўпчилик диндорлар жазо муддатини ўтаган бўлса-да, "қамоқхона тартибини бузди" деган айб билан яна 3 йил қамоққа ҳукм қилинади. Унинг таъкидлашича, 5 марталаб қамоқ муддатини чўзилган диндорлар бор.

Сурат Икромов диндорларнинг афв ёки амнистияга тушмаслик сабабини уларга қўйиладиган Жиноят кодексидаги 159 ва 244 - моддаларнининг "ўта оғир жиноят" деб таснифланиши билан изоҳлайди.

"Диндорларни амнистия ёки афвга тушурмайди, чунки унга ўта оғир жиноят содир қилмаган маҳбуслар киртилиши белгилаб қўйилган. Диндорларни эса ўта оғир жиноятчи, деб қамашади. Шу сабабдан Жиноят кодексининг 99-моддасидаги одам ўлдириш жинояти билан қамалганлар амнистияга илиниши мумкин, аммо диндорлар илинмайди", дейди у.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, диний айбловлар билан қамоқда ўтирганларнинг амнистия ёки афвга тушиши учун уларга қўйилган моддалардаги "ўта оғир жиноят" тамғасини қонуний асосда олиб ташланиши керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ички ишлар вазирлиги қошидаги жазони ижро этиш бош бошқармасига боғланиб ушбу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

Бироқ одатдагидай Ички ишлар вазирлиги билан боғланиш уринишларимиз зое кетди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар