Мирзиёевнинг гаплари ўзбек келинларини йиғлатди

Шоҳруҳ Соипов Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Ўшдан маҳаллий журналист Шоҳруҳ Соиповнинг айтишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон билан икки ўртада "чегара бўлмаслиги керак"лигига оид сўзлари чегараолди ҳудуди аҳолиси томонидан худди ана шундай қарши олинган.

Видеони BBC O'zbek YouTube каналида томоша қилинг.

Мирзиёев 13 декабрь куни Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида Қирғизистоннинг янги президенти Сооронбой Жээнбеков билан учрашган, тор доирада музокаралар олиб борган.

Ўзбекистон раҳбарининг "вақти келиб, мамлакатларимиз ўртасида чегарага зарурат бўлмайди", деган сўзлари худди ана шу музокаралар ортидан ўтказилган матбуот анжумани чоғида янграган.

"...Бизнинг динимиз, урф-одатларимиз ягона. Биз битта халқмиз. Шунинг учун чегара бўлмаслиги керак ва биз бундай ютуқларга эришамиз ҳам. Биз бир йилда шунча масалаларни ҳал этишга муваффақ бўлган эканмиз, келажакда ҳам биронта ечими йўқ масала қолдирмасликка эришамиз, деган фикрдаман", - дея баён қилган президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Мирзиёев қирғиз ҳамкасби Жээнбековни қабул қилди

Президент Атамбаев: 'Мирзиёев-Ўзбекистон халқи кутган раҳбар'

Чегара муаммоси

Минтақадаги бу икки қўшни давлат ўртасидаги чорак асрлик чегара муаммоси президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви билан кечган ўтган бир йилнинг ўзида деярли якуний ечимини топиб бўлган.

Ўзбекистон янги президентининг шу йил сентябрь ойида Қирғизистонга қилган илк давлат ташрифи чоғида "Давлат чегаралари тўғрисида"ги ҳужжат имзоланган.

Қирғизистоннинг ҳозирда собиқ раҳбари Алмазбек Атамбаев айни шу ташриф манзарасида ўзбек-қирғиз чегарасининг 85 фоизи аниқлаб бўлинганини маълум қилган.

"Бунинг икки халқ 20 йилдан зиёд вақт кутган ҳодиса" эканлигини таъкидлаган.

Бишкекда бўлиб ўтган якуний матбуот анжумани чоғида, "Икки давлат тарихида кўплаб муаммолар, тўсиқлар бўлган, бироқ улар бартараф этилди. Бугун барча масалалар бўйича ўзаро келишувга эришдик", - дея баён қилган.

Алмазбек Атамбаев Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга қилган ташрифи бу икки "қардош халқ муносабатларида янги давр, янги замонни бошлаб бериши"ни ҳам қўшимча қилганди.

Орада, йилларки, ёпиқ қолаётган қатор чегара ўтиш пунктлари қайта ишга туширилган.

Муносабат

"Икки қардош халқ орасида чегара бўлмаслиги керак, деб айтилган илиқ сўзлар Қирғизистон аҳолисига бир хуш кайфият бахш этди, деб айтсак бўлади....Ҳаттоки, Ўзбекистондан келин бўлиб тушган келинларнинг кўзларида ёшларни кўриш мумкин".

"Йиллар давомида ота-оналаримизни кўролмасдан юрардик. Ва ниҳоят шу кунлар ҳам келди", - дея жуда бир қувончларини ичларига сиғдира олишмаяпти. Улар икки давлат раҳбарларидан жуда миннатдор", - дейди Ўшдан мустақил журналист суҳбатдошимиз Шоҳруҳ Соипов.

15 октябрь куни Қирғизистоннинг янги президенти этиб сайланган ва ваколати ижросига ҳали бир ой ҳам бўлмаган Сооронбай Жээнбеков сиёсий доираларда Алмазбек Атамбоевнинг "яқин одами" сифатида кўрилади.

Шавкат Мирзиёевнинг чоршанба куни Тошкентда журналистлар билан учрашувда "Қирғизистон янги президенти ўзининг чет элга биринчи ташрифини Ўзбекистондан бошлагани ўзлари учун "жуда қадрли" эканини алоҳида таъкидлаган.

Ўзбекистон "халқи номидан Сооронбай Жээнбековни президент бўлиб сайлангани билан табриклаган".

Журналист суҳбатдошимизнинг ўз суҳбати якунида айтишича эса, маҳаллий халқ энди Ўзбекистон ва Қирғизистонда ўртасида амалда бўлган виза тизимининг ҳам тез орада бекор қилиниши, бу икки давлат раҳбарларининг айни масалага ҳам лозим даражада эътибор қаратишларига умид қилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002