Мирзиёев Ўзбекистонда пахта монополиясини йўқ қиладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи DENIS SINYAKOV/gettyimages
Image caption Пахтадан катта фойда олиш мумкин, аммо фермерлар эркин эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонга кўра, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги тўқимачилик корхоналари пахта хом ашёсини фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан бевосита сотиб олишлари мумкин бўлади.

Мазкур янги тартиб тажриба сифатида йўлга қўйилмоқда.

Бу билан маҳаллий тўқимачилик корхоналарининг пахта хом ашёсини экспорт нархларда монополиячи "Ўзпахтасаноат" ташкилотидан сотиб олиш тартиби бекор қилинади.

Фармонда айтилишича, пахта хом ашёси нархи шартнома асосида, ҳамда фермер хўжаликларининг харажатлари ҳисобга олинган ҳолда келишилади ва давлат ўрнатган нархдан паст бўлмаслиги керак.

Маълумки, пахта нархи ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. 2018 йилги пахта хом ашёси нархи 15 январгача белгиланиши кўзда тутилган.

Фармоннинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, унда "пахта хом ашёсига давлатнинг буюртмасини босқичма-босқич қисқартириш" ҳам тилга олинган.

Иқтисодий таҳлилчиларга кўра, Совет Иттифоқи давридан Ўзбекистонга мерос бўлиб қолган марказлашган пахта саноати ва пахта устиворлиги мамлакат иқтисоди тараққиётига тўсиқ бўлиб қолаётган омиллардан.

Ўзбекистон кўп йиллар давомида пахта теримидаги болалар меҳнати, ҳамда бюджет ишчилари ва талабаларнинг мажбуран теримга олиб чиқилиши туфайли халқаро ташкилотлар томонидан танқидларга учраб келади.

'Ўзбекистон болалар меҳнатига чек қўйди, мажбурий меҳнат давом этмоқда'

Ўзбек мулозими пахта майдонларини қисқартиришга қарши чиқди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002