Боксчи Шаҳрам Ғиёсов АҚШда профессионал карьерасини бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи YURI CORTEZ/afp/gettyimages
Image caption Шаҳрам Ғиёсов Ўзбекистоннинг энг таниқли спортчиларидан.

Ўзбекистонлик машҳур боксчи Шаҳрам Ғиёсов Лас-Вегасга кўчгани ва ўз профессионал карьерасини АҚШда бошлашини маълум қилди.

АҚШнинг ESPN спорт нашри ёзишича, 24 ёшли ўзбек боксчи 2016 йилда Рио де Жанейрода ўтган Олимпия ўйинлари ортидан ҳаваскор боксчи бўлиб қолишни танлаганди. Риода у ярим оғир вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритган.

Ўтган ёз ойларида у Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтган жаҳон ҳаваскор бокс чемпионатида айни тоифада олтин медални қўлга киритди ва турнирнинг энг яхши боксчиси дея тан олинди.

У Жаҳон бокс сериясида ҳам рингга тушган ва эндиликда профессионал боксга тайёрлигига ишонган.

"Мен АҚШга етиб келдим ва бу ерда келгуси ўзбекистонлик буюк чемпион бўлиб ўрнашишни режалаяпман. Менинг мақсадим ярим оғир вазн тоифасини забт этиш. Ўз олдимга юқори режаларни қўяман, чунки ўзимга ва атрофимда йиққан жамоамга ишонаман. Биргаликда энг юқори чўққига эришамиз", - дея иқтибос келтиради ESPN Ғиёсовдан.

Ғиёсовнинг менежери Руслан Хусинов ўз шогирди айнан Лас-Вегас шаҳрида ўрнашиши кераклиги, чунки у АҚШдаги энг машҳур бокс шаҳри бўлиб, энг яхши спарринг масканлари шу ерда жойлашганига ишонади.

"Ғиёсовни ҳудди ўз ватанида бўлгани каби АҚШда ҳам супер юлдуз қилиш режаларим бор", - дейди у.

Ҳали ҳеч қандай промоутер билан келишувга имзо чекмаган Ғиёсовнинг АҚШдаги тренери Жастин Гамбер бўлади.

"У ўз карьерасининг илк кунларида жаҳон титули учун курашишига кўзим етади", - дейди Гамбер.

Бокс, ЖЧ-2017: Шаҳрам Ғиёсов жаҳон чемпиони

‘Жаҳон чемпиони Шаҳрам яна ўзининг нимага қодирлигини кўрсатди’

Ўзбекистонда камида тўққизта кумуш медал

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар