ИШИДга хайрихоҳлиги учун 15 йилга қамалди

Манхэттен кўриниши

Нью-Йорк маҳкамаси "Исломий Давлат" гуруҳини қўллаб-қувватлашга тил бириктиришда айбдор деб топган инсонлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

20 декабрь куни Бруклин суди 22 яшар Қозоғистон фуқароси Аҳрор Саидахметовни ИШИДни дастаклашга тил бириктиришда айбдор деб топиб 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Прокурорларга кўра, Саидахметов Суриядаги жангари гуруҳи сафига бориб қўшилишга ҳаракат қилган.

У 2015 йил февралида Истанбулга парвоз қилаётган самолётга чиқмоқчи бўлаётган пайтида ҳибсга олинган.

Прокуратурага кўра, Аҳрор Саидахметов ва Бруклинда яшаб келган Ўзбекистон фуқароси Абдурасул Жўрабоев биргаликда Туркияга учиб бориш, сўнг ИШИД сафига қўшилишни режалаганлар.

Абдурасул Жўрабоев ҳам ИШИДни дастаклашга тил бириктиришда айбдор деб топилган ва октябрь ойида 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бруклиндаги суд жараёнида айтилишича, Аҳрор Саидахметовнинг онаси унинг ИШИДга бориб қўшилишидан хавотирга тушган ва паспортини яшириб ҳам қўйган.

Онаси бу ҳақда хавфсизлик хизматларидан бирининг хуфясига айтган.

Маҳкама ҳужжатларида айтилишича, тергов пайтида Аҳрор Саидахметов яна қайтиб келишни режалаштирганини, Ўзбекистонга, қариндошларини бориб кўриб келмоқчи эканини айтган.

Прокурорларга кўра, Аҳрор Саидахметов АҚШ армияси сафига қўшилишни ҳам истаган, мақсади қўлга киритган маълумотларини ИШИД имкони борича кўпроқ ҳарбийни ўлдириши учун "Исломий Давлат"га етказиб беришни кўзлаган.

Маҳкама ишида Аҳрор Саидахметов ва Абдурасул Жўрабоевнинг режасини амалга оширишда уларга яна тўрт киши ёрдам берган.

Улардан бирининг номи Аброр Ҳабибов деб айтилмоқда ва шу йил у айбдор деб топилган.

Яна уч киши - Дилҳаёт Қосимов, Азизжон Раҳматов ва Акмал Зокиров айбдор деб кўрилганлар.

2017 йилнинг август ойида яна бир Ўзбекистон фуқароси Дилшод Ҳусановга нисбатан бошқа бир жиноят ишида айблов илгари сурилган.

Ўша ишда Дилшод Ҳусанов ва Акмал Зокиров Саидахметовнинг Сурияга сафарини молиялаш ва бошқаларнинг ҳам ИШИДга ёки Нусра фронтига бориб қўшилишига ёрдамлашиш масаласини муҳокама қилганлари айтилган.

Ўзбекистондан хорижга чиққан ўзбекистонликларнинг радикаллашишлари мамлакат ичкариси ва ташқарида хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Шу йил 31 октябрида асли тошкентлик Сайфулло Соиповнинг Манхэттенда пиёдалар устига юк автомобилини ҳайдаб саккиз инсонни ўлдиргани кўпчиликни шокка солди.

Тошкентдаги мактабида ва маҳалласида Сайфулло Соиповни кўпчилик яхши сифатлар билан хотирлашди ва унинг АҚШда радикал исломий ғоялар таъсирига тушгани айтилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ