Каримов ёдгорлигини яратаётган британ ҳайкалтарош танқид остида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Leon Neal/AFP/Getty Images
Image caption Лондоннинг Сент-Панкрас вокзалидаги "Учрашув жойи" Пол Дейнинг энг машҳур санъаьт асарларидандир.

Британиялик таниқли ҳайкалтарош Пол Дей Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг Москвадаги ёдгорлигини яратишга рози бўлгани учун британ матбуотида кескин танқидларга учрамоқда.

The Times газетаси ўз мақоласида Каримовни 25 йиллик президентлиги даврида инсон ҳуқуқлари топталиши ҳолларига бошчилик қилган "золим" ва "диктатор" дея тасвирлади.

Guardian эса Каримовни "яқин ўтмишдаги энг шафқатсиз диктаторлардан бири" дея баҳолади.

"Унинг режими танқидчиларни қамади ва қийноқларга солди, 2005 йилда Андижонда юзлаб қуролсиз намойишчиларни қирди", - деб ёзади Guardian.

Ислом Каримовнинг Москвадаги ҳайкалига буюртма марҳум президентнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева раҳбарлик қилувчи Ислом Каримов номидаги Фонд томонидан берилган.

Ёдгорлик қандай тус олиши ёки унга қанча маблағ сарфланиши ҳақида маълумот берилмаган.

Жорий йил май ойида Каримова-Тиллаева ўз онаси ва Пол Дей билан Москвага ташриф буюрганини ўз Фейсбук саҳифасида эълон қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Lola Karimova-Tillyayeva
Image caption Лола Каримова-Тиллаева ва Пол Дей (ўнгдан иккинчи) бу лойиҳани Москва шаҳрининг масъул шаҳслари билан муҳокама қилиш учун Россия пойтахтига ташриф буюришганди.

The Times ёзишича, Пол Дей ўз вазифаси ижодкор сифатида кимгадир ҳукм чиқариш эмаслиги, балки ўзига тушган буюртмани имконқадар яхши амалга ошириш эканини айтган.

Guardian унга боғланганида эса у бу масаланинг ахлоқий тарафини муҳокама қилишдан бош тортган.

"Сиёсатчи ё журналист эмас, балки ижодкор сифатида, менинг вазифам турли мавзуларда давомий сифат ва жозибага эга нарсаларни яратишдир. Мен қиладиган ҳар бир иш карьерамга ижобий ё салбий таъсир қилиши мумкин. Ҳаёт бизга имкониятлар тақдим этади ва мен оқим билан ҳаракат қиламан", - деб айтган Пол Дей Guardian нашрига.

Guardian мақоласида ёзилишича, Москва марказидаги Якиманка тумани маҳаллий кенгаши раиси Андрей Морев кенгаш аъзолари 8-1 овоз билан ҳайкал ўрнатилиши қарорини бекор қилишга овоз берганлар. Аммо, Москва шаҳар ҳукумати афтидан лойиҳани давом эттиришга бел боғлаган.

Андрей Моревнинг Guardian газетасига айтишича, 100дан ошиқ маҳаллий фуқаролар ҳайкалнинг ўрнатилишига қарши шикоят ёзганлар.

Ҳайкалтарош Пол Дей "Британия учун жанг" монументал иншооти, Қиролича-она ҳайкали ҳамда Лондоннинг Сент-Панкрас станциясидаги "Учрашув жойи" бронза ҳайкаллари билан ном чиқарган.

Унинг сўнгги санъат асари "Ироқ ва Афғонистондаги урушлар" мемориал ёдгорлиги 2017 йилнинг март ойида Буюк Британия Қироличаси Елизавета II томонидан тантанали очилган.

Москвада Каримовга ҳайкал ўрнатиш таклиф қилинди

Россия: ‘Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилсин’

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002