Мирзиёев: "Миллий хавфсизлик хизмати ислоҳ қилинади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident.uz
Image caption Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Миллий хавфсизлик хизматини биринчи марта танқид қилиши.

Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг қудратли хавфсизлик хизматлари ислоҳ қилинишини эълон қилди.

Бу ҳақда Президент жума куни Тошкентда парламентга илк мурожаатномасида гапирган.

Бу Мирзиёевнинг ҳокимиятга келганидан Миллий хавфсизлик хизматини биринчи марта танқид қилиши.

Мирзиёев-Иноятов қудрат тандеми. Азимов қаерда?

Бунга қадар давлат раҳбари бошқа куч тизимлари фаолиятини ткескин танқид қилган, аммо Ўзбекистоннинг энг қудратли шахсларидан ҳисобланган генерал Рустам Иноятовнинг идораси бу танқидлардан четда қолаётганди.

Мирзиёевнинг айтишича, МХХнинг ваколатлари асоссиз равишда кенгайиб кетган ва чекланиши керак.

У МХХ 26 йил олдинги низом асосида ишлаб келаётгани ва унинг фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун қабул қилиш вақти келганини таъкидлади.

"Ҳар қандай оддий ҳаракат ҳам МХХга қарши деб баҳолаб келинган. Ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган. МХХ фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келди. Шу сабабдан МХХ фаолияти тўғрисида қонунни ишлаб чиқиш вақти келди",- деб айтди Президент.

Мирзиёев собиқ шўро КГБсининг меросхўри бўлган МХХнинг ўтмишига ҳам ишора қилган.

"Шу тизим ичида ўзим ҳам ўсганман. Худодан сўраймиз, у кунлар қайтиб келмасин энди", - деган Президент.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru
Image caption Ўтган ҳафта МХХ раҳбари Иноятов Москвада Путин билан учрашувда иштирок этган.

Ўтган ҳафта МХХ раҳбари Рустам Иноятов Москвада Путин раҳбарлигидаги МДХ хавфсизлик хизматлари раҳбарларининг йиғинида иштирок этган.

Ушбу йиғинда Путин иштирокчиларни шўроларнинг махфий полицияси ВЧКнинг 100 йиллик юбилейи билан табриклаганди.

ВЧК ўтган асрнинг 20-30 йилларида миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлган сиёсий қатағонлар учун масъул деб кўрилади.

Иноятов раҳбарлигида МХХ Ўзбекистонда энг қудратли тизимга айланган.

Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг генерал Иноятов муҳим қудрат брокери сифатида кўрилган.

Таҳлилчилар 73 ёшли МХХ раҳбари билан Президент Мирзиёев ўртасида қудрат учун яширин кураш мавжудлигини айтишади.

Ҳозирга қадар бу каби кураш юзага сизиб чиққанининг бирон белгилари кўрилмаган.

Айрим таҳлилчилар ушбу рақобатни мамлакатни беқарорлаштириши мумкин бўлган эҳтимолий омил сифатида кўришади.

Президент Мирзиёев ўз чиқишида бундан буён "бутун ҳокимият ва заҳираларнинг битта тизим қўлида тўпланиши ва мувозанатнинг бузилишига"га йўл қўйилмаслигини айтган.

"Каламушлар"

Ўз мурожаатномасида Мирзиёев ҳукумат фаолиятини танқидий таҳлил қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи O'zbekiston24
Image caption Рустам Иноятов

Шунингдек, биринчи марта мамлакатда юзага келган инқироз учун ўзи ҳам масъуллигини очиқ тан олган.

"Атроф яхшимас эди", - деб айтган 13 йил мобайнида Бош вазир лавозимида ишлаган Мирзиёев.

У Каримовдан қолган бутун тизимни кескин танқидга тутган, аммо Каримов номини тилга олмаган.

Президент Ташқи ишлар вазирлиги тизими қайта ташкил этилишини айтиб, Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналарини ёпиш билан таҳдид қилган.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бундан буён Ўзбекистонга инвестиция олиб келмаган элчилар ишламайди.

Мирзиёев энг кўп танқид қилган тизимлардан бири Молия вазирлиги бўлган.

У молия мулозимларини "каламушлар" деб атаган.

"Молиянинг аввалги раҳбарларини ҳайдадим, лекин пастдаги каламушлар ҳали ҳам ўтирибди", - деган у.

Президент ўзининг рақиби сифатида кўрилган ва шу йил бошида лавозимидан четлатилган собиқ Молия вазири Рустам Азимов номини тилга олмаган.

У шунингдек, солиқ тизими ва хорижий сармоя ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда коррупциянинг кенг тарқалганини айтган.

Мирзиёев "ҳали кўп вазирларни ишдан олиши"ни айтган.

Президент янги 2018 йилни "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб номлашни таклиф қилган.

У шунингдек, 2018 йил учун аввалроқ парламент қабул қилган ва Сенат маъқуллаган давлат бюджетини ҳам имзолашдан бош тортган.

"Мен фақат халқнинг ҳаётини енгиллаштирадиган бюджетнигина имзолайман", - деган давлат раҳбари.

У бюджет лойиҳасини ҳар томонлама қайта кўриб чиқишни таклиф қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02