"Қора рўйхат"да бўлган адиб Мамадали Маҳмудов мақоласи ЎзА да чиқди

Мамадали Маҳмудов Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида икки карра қамоққа отилган ва қора рўйхатда турган ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг мақоласи ЎзАда чоп қилинди. Эврил Турон адабий тахаллуси остида ёзган ёзувчи шу йилнинг апрел ойида "қора рўйхат"дан чиқарилганди.

ЎзАда 24 декабр куни чиққан мақола "Янги давр эшик очаяпти" деб номланади.

"Элга қайишадиган, элни иш, маош билан таъминлайдиган, шоир тили билан айтсам элни тўқ ва гулгун ҳаётга бошлайдиган янги давр эшик очаяпти", деб ёзади ёзувчи.

Кўпроқ бағишлов жанрига ўхшаб кетадиган кичик мақолада янги Президент Шавкат Мирзиёев улуғланади.

Мамадали Маҳмудов 1940 йил 12 декабрида Жиззахнинг Фориш туманидаги Боғдон қишлоғида туғилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz

Мустақиллик йилларида адиб икки марта озодликдан маҳрум қилинган. Иккинчи марта 14 йил қамоқда ўтириб 2013 йил озодликка чиққан адибнинг мақола ва асарлари Ўзбекистонда чоп қилинмаган.

Кузатувчиларнинг айтишича, махсус хизматлар ёзувчи Эврил Туроннинг исмини ҳам матбуотда кетишига изн бермаган.

У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби, Маданият Жамғармаси раиси лавозимларида ишлаган.

1994 йил 3 март куни мухолифатдаги "Эрк" партияси нашри-"Эрк" газетасини сақлашда гумон қилиниб, ҳибсга олинган ва кейинроқ давлат мулкини ўғирлашда айбдор, деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.

1996 йил 6 август куни авф қўлланиб, муддатидан олдин озод қилинган.

1999 йил 16 феврал куни Тошкентда юз берган қатор портлашлар ортидан қайта ҳибсга олинган ёзувчи бир неча "Эрк" фаоллари билан бирга портлашларга алоқадорликда айбланади.

Маҳкама жараёнида у ўзининг портлашларга алоқаси йўқлиги ва қийноққа солинганини айтган.

14 йилдан кўпроқ давом этган қамоқ муддати сўнггида 2013 йил апрелида озодликка чиқарилган Мамадали Маҳмудов номи ва асарларига Ўзбекистонда қўйилган норасмий тақиқ ҳануз амал қилаётган эди.

Ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келгач шу йилнинг апрел ойида адибнинг номи қора рўйхатдан чиқарилди.

"Озодликка чиққанимга 4 йил бўлган бўлса ҳам мен ва ўғлим ҳар ойда тилхат ёзиб бериб турардик, ҳар Янги йил, Мустақиллик байрамлари олдидан ўзимизнинг қаерда эканимизни хабардор қилиб туришимиз шарт эди", дейди ёзувчи.

Британияда чоп этиладиган "Цензура индекси" (Index on censorship) журнали 2015 йили атоқли ўзбек адиби Мамадали Маҳмудов (адабий тахаллуси-Эврил Турон)нинг "Қора рўйхатдаги ҳаёт" номли мақоласини чоп этган.

"Совет Иттифоқи парчаланиб, мен романларимда тасвирлаган миллий озодлик ва мустақиллик ғоялари давлат мафкурасига айланганидан сўнг энди мени тан олиб, хатто мукофотлашса керак, деб умид қилгандим. Аммо том терси юз берди. Икки марта ҳибсга олиниб, қамоққа ташландим. Иккинчи мартасида 14 йил қамоқда ўтирдим", деб ёзади Мамадали Маҳмудов.

У Халқаро ПЕН ва бошқа ташкилотлар олиб борган кампаниялар натижасида 2013 йилда озодликка чиқарилгани, аммо ҳануз тўла озод эмаслиги ҳақида ёзган.

"Мен ҳамкасбларим билан ҳеч қурса, совет даврида ёзилган асарларимни чоп этишларини сўраб, турли газета ва журналлар, нашриётларга мурожаат қилдим. Аммо уларнинг ҳаммаси мени "қора рўйхат"даги одам сифатида билишади ва ёзганларимни чоп этишга қўрқадилар".

Мамадали Маҳмудовнинг ўз ҳаёти ва ижоди ҳам мураккаб кечган ва кечаётган адиблардан бири.

Асарларида ўзбек халқининг миллий озодлик курашларини қаламга олган адибнинг ўзи бу озодлик юзага чиққан пайти озодликдан маҳрум қолган эди.

Адиб ўзининг 1981 йилда "Шарқ Юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романида айни мавзуни давом эттириб, Ўрта Осиёга рус босқинини қоралайди.

Ёзувчилар уюшмасидаги маслаҳатчилик лавозимидан ишдан олиниб, КГБ томонидан сўроқ қилинган Мамадали Маҳмудовни, ўзининг айтишича, ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов қамоқдан асраб қолган.

Асар тўлалигича фақат мустақилликдан сўнг, 1991 йилда китоб ҳолида дунё юзини кўрган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002