Москвада автобус пиёдаларнинг ер ости йўлига кириб кетди

автобус Фото муаллифлик ҳуқуқи Yuri Kibirov/Facebook

Москвадаги "Славянский бульвар" метро станцияси ер ости ўтиш йўлига автобус кириб кетди. Россия матбуотининг ёзишича, камида 4 киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳатланган.

Москва Йўл хавфсизлик ҳаракати давлат инспекциясининг автобус иштирокидаги йўл ҳодисасида 4 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Интерфакс ва РИА Новости агентликлари ўз манбаларига таяниб нобуд бўлганларнинг сони 5 тага етганини ёзмоқда.

Хабарда айтишича, автобус ўтиш йўлидан кириб келган, йўлида учраган бир неча одамни урган ва ер ости ўтиш йўлига тиқилиб қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Makargeneralov/instagram

Автобус Сколкова йўналиши бўйлаб кетаётган бўлган.

Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда. Интерфакс агентлиги мансабига кўра, ҳодисада теракт версияси кўриб чиқилмаяпти.

Агентлик суҳбатдошининг айтишича, полиция олдида икки сабабни кўриб чиқмоқда.

Автобуснинг тормози ишламай қолган бўлиши ёки унинг олдини бошқа бир машина кесиб ўтишга ҳаракат қилган бўлиши мумкин.

Автобус ҳайдовчиси ушланган. Полициянинг маълум қилишича, ҳайдовчининг ҳолати уни сўроқ қилишга имкон беради.

Автобус ҳайдовчиси 20 йиллик иш тажрибасига эга бўлган. Тиббий экспертиза унинг хушёр эканлигини аниқлади.

"Интерфакс" манбасига кўра, ЙТҲ га учраган автобус "Сколково" инновация марказига хизмат қилган. "Автобус ҳайдовчиси мигрант эмасди", таъкидлади у.

Видеокузатув тасвирлардаги ёзувга кўра, автобус узоқ вақт бекатда туриб қолган, сўнг жойидан жилиб, бирдан йўлак томонга ўтган ва ер ости ўтиш йўлига юрган.

Mash Telegram-канали ҳайдовчи кўрсатма берганини келтирмоқда. Унда ҳайдовчи тормозни олиши билан автобус юриб кетгани ва тўхтатишни уддасидан чиқа олмаганини билдирган.

Воқеа жойига Москва шаҳар мэри Сергей Собьянин етиб борган. У ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изхор қилган ва автобус паркини текширишни буюрган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, автобусда йўловчилар деярли бўлмаган.

Ҳодиса қурбонлари ва жароҳатланган шахси, унда ўзбекистонликларнинг бор-йўқлиги ҳали маълум эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002