Аксар ҳужжатларни нотариусдан тасдиқлатиш бекор қилинди

Нотариуслар олдида узун навбатлар одатий ҳолга айланган Фото муаллифлик ҳуқуқи Argumentua
Image caption Нотариуслар олдида узун навбатлар одатий ҳолга айланган

Вазирлар маҳкамаси одамларнинг нотариусларга мурожаат қилиш ҳолатларини камайтиришга қаратилган қарор қабул қилди. Энди Ўзбекистон ичидаги идоралар учун ҳужжатларнинг аслига тўғрилигини нотариус орқали тасдиқлатиш бекор қилинади.

20 декабр куни қабул қилинган қарордан маълум бўлишича, ҳужжатларнинг нотариал тасдиқдан ўтган нусхаси чет элда амал қилиши керак бўлган ҳужжатлар ва хориждан берилган ҳужжатларга талаб қилинади.

Жисмоний ва юридик шахслар тақдим қилган ҳужжатларнинг нусхаси давлат хизматларини кўрсатаётган тегишли идора томонидан тасдиланади.

Қарор иловасида ҳужжатларнинг нотариал тасдиғини талаб қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг узун рўйхати келтирилган.

Унда 53 ҳужжатга ўзгартириш киритилгани ва ўнлаб ҳужжатларнинг нотариал тасдиғини талаб қилиш бекор қилнганини кўриш мумкин.

Уларнинг ичида Тошкент шаҳар ва вилоятига доимий пропискага қўйиш учун керак бўладиган ҳужжатларни нотарисдан тасдиқлатиш бекор қилингани ҳам бор.

Нотариуслардаги узун навбатлар ва ноқулайликлар Президент Мирзиёевнинг бир неча бор нишонига тушган.

Адлия вазирлиги Каримов даврида фаолияти тўхтатилган хусусий нотариуслар 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб қайтиши айтган.

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 27 февралда чиқарган қарорига биноан нотариуслар ўзларига керак маълумотларни "Нотариус" компьютер тизими орқали олиши белгиланганди.

Шу пайтгача фуқаролар солиқ ва коммунал хизматлар олдидаги қарздорлик, иморатларнинг эгаси ва таркиби борасида кўплаб қоғоз справкаларни йиғишга мажбур эдилар

Айтилишича, "Нотариус" ахборот тизими вазирликлар орасида амал қилади, ҳамда у орқали турли идоралар маълумотларни электрон ва жонли тарзда бир-бирига узатади.

Тизим жорий йилнинг 1 июлида Тошкентда, келгуси йил 1 июлидан эса бутун Ўзбекистон бўйлаб ишлай бошлаши мўлжалланганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002