Андижоннинг сўконғич ҳокими жаримага тортилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Айни пайтда ҳоким Дилмурод Раҳматуллаев лавозимида қолмоқда.

Андижондаги маҳкама қатор ўқув муассасалари раҳбарларини ҳақоратлаганликда айбланган шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевни энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида (5,167 млн сўм) жаримага тортган.

Андижоннинг сўконғич ҳокими жавобгарликка тортилиши мумкин

Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, суд ҳокимни Маъмурий жавобгарлик кодексининг 41-бандида кўзда тутилган (ҳақорат, шахснинг қадр-қимматини қасддан ерга уриш) ҳуқубузарликни содир этган, деб топган.

Аввалроқ Андижон вилоят прокуратураси Андижон шаҳар ҳокимининг шу йил 16 октябрида ўқитувчиларни ҳақоратлагани факти юзасидан текширув бошлаганди.

Шаҳар кенгашининг депутати бўлган ҳоким Дилмурод Раҳматуллаев дахлсизликдан маҳрум этилган.

Айни пайтда ҳоким лавозимида қолмоқда.

Бу амалдаги ижро органи раҳбарининг биринчи марта жавобгарликка тортилиши.

Сўконғич ҳокимлар

Кун.уз нашри Андижон ҳокимининг йиғилишда шаҳардаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга ургани ифодаланган аудиоёзувни ноябрь охирида чоп қилганди.

Раҳматуллаев раҳбарлигидаги йиғилиш 16 октябрда, Андижондан Тошкент вилоятига поезд орқали минглаб теримчилар олиб келинганидан кейинги кунларда бўлиб ўтгани хабар қилинган.

Аудиоёзувдан аён бўлишича, Раҳматуллаев белгиланган миқдорда теримчиларни пахтага жўната олмаган директорларни бирма-бир турғазиб, йиғилганлар олдида турли қўпол сўзлар билан сўкади ва ҳақоратлайди.

"27 дақиқалик аудиофайл Раҳматуллаевнинг тилга олиб бўлмас сўкинчли сўзлари билан тўлиб-тошган", - деб ёзади нашр.

«Ҳокимиятнинг кучини кўрсатиб қўяман сенларга. Бир жойимни қисиб юрувдим, очиғи. Бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаганманда, она товуққа ўхшаб буларни ёнимда олиб юровурганман. Булар бошқармаси билан юровурсин, бошқармасини айтганини қилсин, десам булар бошқача қилди. Қани, Маъруф ким билан ишлайсан экан. И***с, шу пайтгача сен демовдим. Ҳаммангни биламан».

"Бу унинг Андижон тиббиёт коллежи директори Маъруф Бувабековни таҳқирлаш давомида айтган энг юмшоқ сўзларидир", - деб ёзганди кун.уз.

2016 йилда шаҳар ҳокими этиб сайланган Дилмурод Раҳматуллаевнинг ўзи ҳам собиқан ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Аввалроқ пахта мавсумида мактаб, коллеж директорларини сўкиб, калтаклаган Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокимига нисбатан жиноий иш қўзғатилмаслиги хабар қилинганди.

Носиржон Эгамбердиев ишини Бош прокуратура ўз назоратига олган эди. Ҳуқуқ тартибот идораси мактаб директорлари калтакланишида жиноий аломатлар топмаган.

Ўқитувчиларни уриш ҳолати Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 82 - моддаси 2- банди бўйича ёпилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002