Ҳукуматдаги ислоҳотчилар бир-бирини қўлламоқда

Алишер Саъдуллаев ва Олимжон Тўйчиев Президент назарига тушгач масъул лавозимларга тайинланганди Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Алишер Саъдуллаев ва Олимжон Тўйчиев Президент назарига тушгач масъул лавозимларга тайинланганди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов энг ёш вазир ўринбосари Алишер Саъдуллаевни дастаклаб чиқди. Вазир маошлари паст бўлган давлат ишларига малакали кадрларни жалб қилиш қийин бўлиб турган вақтда уларнинг вақтини самарасиз ишларга сарф қилмасликка чақирган.

Халқ таълими вазирининг ёш ўринбосари Алишер Саъдуллаев прокуратура орқали Халқаро пресс клубга чақиртирилгани ва эрталабдан кечгача ўша ерда бесамар ўтиргани ҳақида Facebookдаги саҳифасига ёзган эди.

"Шу фикрни қўрқмай айтганини ўзи ҳам Президентимизнинг ёш кадрларни қўйиш бўйича қилаётган ҳаракатларининг тўғрилигини кўрсатиб турибди. Аввалгидек фақат "хўп бўлади, хўжайин" дейдиган раҳбарлар билан "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни" ривожлантириб бўлмайди", деб ёзади Шерзод Шерматов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Sherzod Shermatov
Image caption Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов

Вазирга кўра, Алишер Саъдуллаев ўз фикрини эркин билдиргани учун уни айбдор қилиб эскича қолибга солишга ҳаракат қиладиганлар бўлади.

"Энди энг асосийси бу фикридан кейин, Алишерни айбдор қилиб уни эскича қолипга солишга ҳаракат қилувчилардан асраш керак," - дейди у.

Шу йилнинг феврал ойида Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазири этиб тайинланган Шерзод Шерматов давлат хизматчиларининг маоши пастлиги сабаб уларга малакали кадрларни жалб қилиш қийинлигини айтган.

Вазир маош оз бўлса-да келажакда жамиятга фойдаси тегиши сезса ва ғояларини жамиятга жорий эта олишга кўзи етса чидаб ишласа бўлишини таъкидлаган.

"Бунинг акси бўлса ва вақти бекор кетаётганин кўрса, унинг устига ўзи хоҳламаган ва айниқса нотўғри деб билган ишларини қилишга турли хил идоралар орқали мажбур қилишса, юқори малакали давлат хизматчилари синфини шакллантиришимиз жуда қийин бўлади", деб ёзади Шерзод Шерматов.

Халқ таълими вазирининг ёш ўринбосари Алишер Саъдуллаев 25 декабр куни Facebookдаги саҳифасига бир куни самарасиз ўтганлиги тўғрисида изоҳ қолдирганди.

"Кеча, соат 18:00. Прокуратурадан қўнғироқ қилишди ва бу сафарги чиқишнинг нечоғлик муҳим эканлигини таъкидлашди. Душанба куни соат 9:30 дан кечикмай Халқаро пресс-клубга келишимни тайинлашди", деб ёзди Алишер Саъдуллаев.

У кун бўйи Халқаро пресс-клубда ўтириб соат 19:00 да Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мукофоти билан тақдирлаш маросимига келган ёш вазир ўринбосари "Бугунги кундан қониқиш - 0%", деб ёзди.

Президент Мирзиёев ўз чиқишларида кадрлар муаммосига дуч келаётганини бот-бот такрорлайди.

У масъул лавозимларга ёш кадрларни қўйиш истаги борлигини бир неча лавозмларга тайинлашлар қилиш орқали кўрсатмоқда.

Шу йилнинг август ойида Шавкат Мирзиёев 37 яшар Русланбек Давлетовни Адлия вазири этиб тайинлаган.

22 ёшли жиззахлик тадбиркор Алишер Саъдуллаев 30 июн куни ёшларнинг Мирзиёев билан учрашувида Президент назарига тушган. Эртаси куни у Халқ таълими вазирининг энг ёш ўринбосари сифатида тарихга кирди.

Кўп ўтмай 25 ёшли Олимжон Тўйчиев Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар