Кобулда худкушлик ҳужуми: камида 40 қурбон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Душанба кунги портлашда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган.

Афғонистон пойтахти Кобулдаги шиалар маданият марказида юз берган портлашда камида 40 инсон ҳалок бўлган, 30 киши яраланган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг Би-би-сига маълум қилишича, худкушлик ҳужуми бўлган ушбу портлаш ортидан Кобул ғарбидаги айни ҳудудда яна икки портлаш юз берган.

"Исломий давлат" экстремистик гуруҳи ҳужум учун масъулиятни зиммасига олган.

Президент Ашраф Ғани ҳужумни "инсониятга қарши жиноят" деб атаб, мамлакат ҳудудидаги барча террорчи гуруҳларни йўқ қилишга ваъда берди.

Кобулдаги шиалар маркази раҳбари Би-би-сига бино ичидан ўнлаб инсонларнинг жасадлари олиб чиқилганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хавфсизлик кучлари портлаш юз берган ҳудудни ўраб олган.

Хабарларга кўра, портлаш вақтида бино ичкарисида талабалар бўлишган.

Сўнгги пайтларда ИД Афғонистоннинг турли минтақаларида шиаларга қарши қатор ҳужумларни амалга оширган.

Душанба куни Кобулдаги хавфсизлик хизмати биноси олдида юз берган портлашда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган.

Октябрь ойида шиалар масжидига уюштирилган ҳужумда камида 39 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002