Мирзиёевдан Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга қайтаришни сўрашди

Муҳаммад Солиҳ Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов Президент Мирзиёевга муҳожиротдаги мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ номини оқлаш ва уни ватанга қайтариш чақириғи билан чиқди.

Сурат Икромовнинг ёзишича, Мирзиёевнинг 22 декабр куни Ўзбекистон парламентига мурожаати инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари каби танқидчилар қатламида ҳам умид учқунларини пайдо қилди.

"Сизнинг сўнгги чиқишингиз биздаги шубҳани ағдар-тўнтар қилди ва бизда сизга ишонч уйғотди. Шу қадарки, энди биз сиздан, ўлкамизнинг Президентидан каттарок нарсалар кутишга бошладик. Энди биз сиздан ҳокимият ва мухолифат орасини тузатиш, илиқ муносабатларга туртки беришингизни кутишга бошладик", дейилади унда.

Сурат Икромов билан суҳбатни bbcuzbek.com нинг YouTube даги каналида тингланг.

Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистонда 80 йилларнинг ўрталарида бўй кўрсата бошлаган сўз эркинлиги Ўзбекистон мустақиллик декларацияси ёзилишига ва Олий мажлис томонидан қабул қилинишига туртки берганини айтади.

Сурат Икромов бу каби ҳаракатлар ўша пайтдаги машҳур шоир ва публицист Муҳаммад Солиҳ атрофида бирлашганини ёзади.

"Солиҳ ўз сиёсий фаолиятини «Политбюрога мактуб» ни ёзишдан бошлади. Мактуб 56 та ёш шоир ва ёзувчи номидан 1984 йил декабр ойида ёзилиб, 1985 йил январда Москвага жўнатилди. Бу мактуб ватанпарвар ёшларни ҳалққа кенг танитди, уларга шуҳрат келтирди. Одамлар жонли сўзнинг кучини ичдан ҳис этдилар".

Мустақиллик эълон қилинганда кейин Муҳаммад Солиҳ "Эрк" партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод сифатида кўрсатилди ва шубҳали кечган овоз бериш натижалари бўйича Солиҳ овозларнинг расман 12.7 фоизини олганди.

"Бу Каримовни қўрқитиб юборди. Ва у бутун айёрлигини ишга солиб мухолифат лидери Солиҳни мамлакатдан қувиб чиқаришга эришди. Бу ҳам етмади. 1999 йилда Солиҳга қарши уйдирилган "16 феврал портлашлари" баҳонаси билан ташқаридан 15,5 йил оғир ҳибс ҳукмини чиқардилар", деб ёзади Сурат Икромов.

Ҳуқуқбон "бир бегуноҳ инсонга отилган тошларни териш пайти" келганини таъкидлайди.

"Бугун Сизнинг жамиятимизни эркинлаштириш саъй-ҳаракатларингизни саботаж қилишга уринаётган кимсалар буни истамаяпти. Улар мухолифат ва ҳукуматнинг Ўзбекистондаги сиёсий режим ислоҳидаги яқинлашувига тўсиқ бўлиш учун жон-жаҳди билан курашмоқдалар", деб ёзилади мурожаатда.

Сурат Икромовга кўра, Президент ислоҳотларини саботаж қилишга уринаётган кимсалар айнан Муҳаммад Солиҳнинг ватанга йўлини тўсиш учун журналист "Бобомурод Абдуллаев-Усмон Ҳақназаров иши"ни, яна бир "давлат тўнтариши" воқеасини ўйлаб топишган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Бобомурод Абдуллаев ишини 1999 йил 16 феврал портлашлари каби "МХХ тайёрлаган фитна"га тенглаштиради.

"Битта услуб билан айни ёлғонни халққа тақдим этиш мумкин эмас энди. Бугун хабаралашув воситалари шу қадар такомил топган-ки, ҳақиқатни 1999 йилдагидай яшириш деярли имконсиздир", дейилади унда.

Тошкентда истиқомат қилувчи Сурат Икромов Президент Мирзиёев зиммасига мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга қайтаришдек тарихий масъулият тушаётганини таъкидлайди.

"Ишонаманки, Муҳаммад Солиҳнинг ватанга қайтиши, Ўзбекистоннинг ўтган аср 80-йиллар охирида соҳиб бўлган «демократик ўлка» имижининг қайтиши бўлади. Муҳаммад Солиҳнинг ватанга қайтиши - 20 йил аввал Ўзбекистонни тарк эта бошлаган ва ханузгача давом этаётган ҳорижий сармоянинг Ўзбекистонга қайтиши демакдир. Ниҳоят, Муҳаммад Солиҳнинг юртимизга қайтиши миллий консенсус, миллий бирликка ташланган илк қадам, бу эса ўз навбатида, ўлкамиздаги сиёсий барқарорликка ва унинг тараққиётига ташланган қадамдир", деб ёзади у.

Ўзбекистон мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг номи шу йилнинг сентябр ойида Интерпол қидирув рўйхатидан олиб ташланган.

Муҳаммад Солиҳ 1988 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган илк норасмий мухолиф ҳаракат - "Бирлик"нинг асосчиларидан бири бўлган.

У мухолифатдаги "Эрк" демократик партиясини 1990 йилда ташкил этган.

Муҳаммад Солиҳнинг номзоди Ўзбекистонда 1991 йил декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ислом Каримовга рақиб сифатида илгари сурилган, расман 12,7 фоиз овоз тўплагани хабар қилинган.

Ўзбекистонда мухолифатга қарши бошланган тазйиқлар 1993 йилда Муҳаммад Солиҳни ватанни тарк этишга мажбур қилади.

Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Солиҳни 1999 йилги 16 феврал портлашларининг ташкилотчиларидан бири деб айблаган, лекин Ўзбекистон Олий судида кўрсатма берган ва кейин қамоқхонада ҳаётдан кўз юмган Зайниддин Асқаров Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги кўрсатмаларини қийноқлар натижасида олинганини айтган.

2011 йилдаги "Араб баҳори" муҳожиротдаги ўзбек мухолифатчиларини руҳлантирган, Олмониянинг Берлин шаҳрида қатор Ўзбек мухолиф гуруҳларини ўзида бирлаштирган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига асос солинган.

Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг раиси этиб сайланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002