Марҳум Президент Ислом Каримов отасининг сурати эълон қилинди

Ислом Каримов туғилишидан 10 йил олдинги сурат Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Karimov foundation
Image caption Ислом Каримов туғилишидан 10 йил олдинги сурат

Facebook даги "Каримов фонди" саҳифаси Ислом каримов туғилмасидан 10 йил бурун олинган оилавий суратни чоп қилди. Суратда шу вақтгача жамоатчиликка кўрсатилмаган Ислом Каримов ота-оналари ва опа-акаларини кўриш мумкин.

"Суратда у кишининг ота-оналари Абдуғани ота (1894 йилда туғилган) ва Санобар ая (1902 йилда туғилган) ҳамда опа-акалари Меҳринисо (1920 йилда туғилган), Амонулло (1922 йилда туғилган), Ибодулло (1926 йилда туғилган) акс этган", дейилади мақолада.

Хабарда ёзилишича, Ислом Каримов оиласида саккиз фарзанд ўсиб улғаяди: бир қиз - Меҳринисо ва етти ака-ука: Амонулло, Ибодулло, Арслон, Қуддус, Икром, Ислом ва Хуршид.

"Каримовнинг уч фарзанди бўлган"

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Марҳум Президент Ислом Каримовнинг онаси борасида армони

"Барча ака-укалар жуда кучли хотирага эга эдилар. Бу қондан қонга ўтиб келган фазилат бўлса не ажаб. Ака-укалар ўзаро мусобақалар ўтказишар эди, масалан, бирор матн ўқилиб, уни ёддан айтиб бериш борасида беллашилар эди", деб ёзилади суратга берилган изоҳда.

Ислом Каримов ҳаётлиги вақтида ёзилган таржимаи ҳолда унинг ота-онаси ва ака-укалари ҳақида маълумот берилмаган. Фақатгина Самарқанддаги хизматчи оиласида туғилиб вояга етганлиги айтилган.

Олдинроқ Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуаси расмий веб-сайти - islamkarimov.uz да марҳум Каримовнинг уч фарзанди бўлгани ҳақида маълумот берилганди.

Ўзбекистон расмий матбуотида ёзилганидек Ислом Каримовнинг икки қизи эмас, ўғли ҳам борлиги ҳақида Алишер Таксанов бир неча мақолалар ёзган.

Проза.ру сайтидаги Пётр Каримовга бағишланган мақола "Машҳур инсоннинг номаълум ўғли" деб сарлавҳаланган.

Алишер Таксановнинг айтишича, Пётр Каримов Ислом Каримовнинг биринчи рафиқаси Наталья Петровна Кучма билан турмушидан 1966 йил апрелида туғилган ўғлидир.

Алишер Таксанов сўзларига кўра, тириклигида Ислом Каримов ўзининг биринчи турмуши ва ўғли Пётр ҳақида гапиришни тақиқлаган.

Тошкентдаги Халқ иқтисодиёти институтини битирган Пётр Каримовнинг Россияда молия ташкилотларида фаолият юритаётгани хабар қилинади.

"Бугунга келиб Пётр ҳақидаги маълумотни яширишнинг ҳожати йўқ, деган қарорга келганлар", дейди Алишер Таксанов.

1991 йилдан буён Ислом Каримовнинг таржимаи ҳолида икки қизнинг отаси деб ёзиб келинган.

2017 йил сентябрида Президент Мирзиёев Ислом Каримов оиласига таъзия билдираркан, Гулнора Каримова номини тилга олмади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар