Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-2

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Набижон Боқий Сталин қатағонларига доир "Қатлнома" ҳужжатли қиссаси муаллифи.

Юртменбошининг хотира дафтари

Давоми.

Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-1

8. Амалия хонимнинг қизлари

Бўстонлиқдан вертолётда қайтишда Карл Отто Конраднинг "Гёте. Ҳаёти ва ижоди" номли китобининг иккинчи жилдини хатчўп қистириб қўйилган саҳифасидан бошлаб ўқиб келдим. Бошқаларни билмадим-у, ман бир ўтиришда битта китобни бошдан-адоқ ўқиб тугатолмайман: бирйўла бир нечта китобни аста-секин ўқийвераман. Қазини ҳам қанча кўп чайнасангиз, мазаси шунча кўп чиқади. Яхши китоб ҳам қазига ўхшайди. Гётенинг ёзувчилиги ўз йўлига, мани кўпроқ унинг инсоний қиёфаси қизиқтиради. Нега бизнинг ёзувчиларимиз хушомадгўйликни касб қилиб олган? Ростдан ҳам хушомадгўйлик бу касб эгаларининг одатими ёки улар ичида бошқа одам-у, сиртида бошқа одам бўладими? Агар шундай бўлса, демак, ёппасига мунофиқ экан-да!.. Биттаси мунофиқлик қилавериб рангпар бўлиб қолган, бошқаси нажасга тўйиб олган хўроз мисоли доим қип-қизариб юради. Адабиёт даргоҳида ўралашиб юрадиган мокиёнлару жўжахўрозлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади...

1808 йилда олмон диёрини ишғол қилган жаҳонгир Наполеон Бонапарт атайлаб Гётени ҳузурига таклиф этади. Учрашув чоғида: "Сиз эркаксиз!" дейди император. Сўнг "Ёш Вертернинг изтироблари" тўғрисида фикр-мулоҳазаларини баён этади. Муаллиф шаънига илиқ гаплар айтади. Гёте ўзини сипо тутади: ялтоқланмайди, эгилиб-букилмайди. Европанинг барча императорлари, бош вазирлари, қироллари букилиб турган даврда Гёте мағрур туриб Наполеоннинг саволларига қисқа-лўнда жавоб бериб кабинетни тарк этади. Генераллар қуршовида аллақандай ҳарбий операцияни муҳокама этаётган Император харитадан бош кўтариб Гётенинг орқасидан назар ташлайдию: "Voila in homme!" ("Бу ҳақиқий инсон!") деб хитоб қилади. Ўша учрашувдан сўнг орадан салкам чорак аср вақт ўтади. Етмиш уч яшар кекса адиб Мариенбад курортида ўттиз тўрт яшар Амалия хоним ва унинг қизлари билан танишиб қолади. Уч опа-сингилнинг тўнғичи Улрика - 17 яшар, кичик Амалия - 15 яшар, кенжатой Берта - 13 яшар эди. Амалия хонимнинг эри вафот этган, ёшгина бева эди. У машҳур адиб билан яқиндан танишганидан бағоят хурсанд бўлади. Гёте бўш вақтларини қизлар даврасида ўтказа бошлайди. Улрикага эндигина чоп этилган "Вилгелм Майстернинг дарбадарлик йиллари" китобини совға қилади. Улрика бу китобнинг "Ўқиш йиллари" номли дастлабки жилдини мутолаа қилмаган эди, муаллиф унга китоб воқеаларини ҳикоя қилиб беради. Туйғулар туташади. Гётенинг қалбидан отилиб чиққан оташин муҳаббат Улриканинг покиза юрагида акс садо беради. Улар бир-бирини севиб қолади. Улрика буюк адибдан 57 ёш кичкина эди! Ўртадаги ёш тафовути чинакам муҳаббатга тўсиқ бўлолмайди. Аммо умрида чин муҳаббат кўчасидан ўтмаган шаҳватпараст Амалия хоним қалқон кўтариб уларнинг йўлига ғов бўлади: "Одамлар нима дейди? Қизимга эмас, ўзимга уйланса, майли, розиман! Ҳатто дунёни титратиб турган Наполеоннинг ўзи совчи бўлиб келганида ҳам Улрикани эсини еган Гётега бермасдим..."

Улрика ўз ёғига ўзи қовурилиб юраверади. Гёте сўнгги муҳаббатидан хотира сифатида "Элегиялар" туркумини яратади, бир қатор шеърларини севгилисига бағишлайди.

Гарчанд Улрика онасининг дийдиёларидан сўнг Гётега турмушга чиқмаган бўлса-да, аммо бир умр ҳақиқий муҳаббатга содиқ бўлади - то умрининг охиригача эрга тегмайди. Орадан 76 (етмиш олти-я!) йил ўтгач, Гёте вафот этганидан кейин 66 йил ўтгач "Мариенбад хотиралари"ни қоғозга тушириб, илк муҳаббатини 94 (тўқсон тўрт!) яшар кампир бўлган чоғларида соғиниб эслайди. Улрика салкам саксон йил давомида ўкинч билан яшайди, алам билан яшайди. У ҳақиқий муҳаббатга муносиб эди. Гёте уни бекорга яхши кўрмаган эди: покиза қалбни покиза туйғулар излаб топади.

Амалия хонимни кимга ўхшатиш мумкин? Ҳозир ҳам унга ўхшаган - қизларига ўз ҳукмини зўрлаб ўтказишни "оналик бурчи" деб ҳисоблайдиган жанговар хотинлар бормикан?..

(Гётенинг муҳаббати тўғрисидаги сафсаталарни чорак асрдан буён манга югурдаклик қилиб юрган А. С. деган ҳуқуқшунос ёзиб берди. Илойим, қўли дард кўрмасин!)

9. Нонушта

Нонушта кечикиб кетди. Ҳадемай тушлик бўлади. Яхшиям саҳармардонда балдоқ-пиёлани тўлдириб ширава ичиб олган эканман. Оқшом сигирдан соғиб олинган сут бетида эрталаб юпқагина қаймоқ пардаси пайдо бўлади. Шу нарса ширава дейилади. Ширава одамни тўқ тутади. Эрталаб аччиқ қаҳва ичиш одатимни тарк этганман. Аччиқ қаҳва одамнинг ичини шилиб юборади. Қаҳвани овқатдан кейин бир соат ўтказиб ичган маъқул.

Чала пиширилган икки дона тухумни бош томонидан чойқошиқ билан чақиб, ичига бир чимдим туз сепиб ютиб олдим.

Қўйлиқ бозорида ёнғоқ мағзи кўтарасига қанчадан савдо бўлаётганини аниқлатдим. Сара мағиз етти-саккиз минг сўм, мундайроғи олти минг сўм экан. Икки кило ёнғоқдан бир кило мағиз чиқса - тўрт минг сўм харажатга кетади. Йўлкираси, ҳаммол билан паттачининг ҳақи ҳам бор. Уларга ҳам беш юз сўм чиқим қилинса, харажат тўрт ярим минг сўмга боради. Шунда Ҳожига у ёқ-бу ёғи билан бир ярим минг сўмдан, борингки, икки ярим минг сўмгача соф фойда қолади. Ўрта ҳисобни олсак, бир миллион сўмлик товар икки юз минг сўм ташлайди; ўн миллиондан икки миллион қолади. Чепуха экан-ку!.. Мавсум охиригача Ҳожи ўн миллион сўмлик ёнғоқ харид қилишга улгурадими-йўқми, худо билади. Ҳойнаҳой, бу ишни бошлаганида ўн миллион сўм дастмояси бўлмаган, ўша пулни кимдандир қарз олган. Инсофли одамдан қарз олган бўлса, энг камида йигирма фойиз қўшиб қайтариб бериши лозим. Ия, соф фойдани қарзнинг фойизи еб кетар экан-ку! Ҳожига нима қолади? Унга войвоякдан бошқа ҳеч нарса қолмайди-ку! Айтгандай, ҳожи-мусулмон, у фоизга ишламайди, розиям бўлмайди.

Иноят Махсумга қатъий тайинлайман: Ҳожидан амнистиянинг суюнчи пулини ким олган бўлса, устига йигирма фойиз қўшиб қайтариб берсин! Ғар бўл, ўғри бўл, инсофли бўл, қисталоқ! Оббо ярамаслар-эй, мўмин бандаларни қонқара қақшатишни касб этиб олишганми дейман?!

Олой бозорида, Чорсуда саккиз минг сўмдан арзонроқ ёнғоқ мағзи йўқ экан. Товар учинчи қўлга ўтганидан сўнг, албатта, баҳоси ҳам қимматлашади. Чакана савдонинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Чакана савдо жараёнида сармоя ётиб қолади, ётиб қолган сармоя охир-оқибат зарар келтириши мумкин.

Раҳбарнинг оёғи ердан узилиб қолса, ўзини халққа яқин этиб кўрсатиш учун ҳатто масхарабозлик қилишдан ҳам қайтмас экан-да. Билл Клинтон охирги пайтларда сурнай (флейта) чалиб қолган эди.

Қаламкаш Навоий кўчасидаги "Букинист" дўконидан Чингиз Айтматовнинг 1978 йили чоп этилган икки жилдлик, сариқ муқовали қалин китобларини сотиб олибди. Китобга Комил Яшин сўзбоши ёзган экан. Ажаб, умр бўйи буюртма драма ёзиб юрган корчалон адиб Айтматов тўғрисида нималарни ёзиши мумкин? Сўзбошига кўз ташлаб кўриш керак. Қизиқ-да... Чамаси, Хирмонтепадаги тарсакидан сўнг Қаламкаш мутолаага зўр беряпти, шекилли. Баттар бўлсин!

Тушдан кейин куни битган элчиларни қабул қилишим керак. Муддати ниҳоясига етганидан сўнг Ташқи ишлар вазири билан хайр-хўшлашиб кетаверишса бўлмасмикан? Расмий учрашув, сипогарчилик баъзан одамни чарчатиб юборади. Бу маросимга барибир норасмий тус бердим: шайхлар пешингача Ҳасти Имом мажмуасига бориб чимзорда хотиржам сайр этиб юрган оппоқ лайлакларни обдан зиёрат этди. БАА элчиси: "Нега улар учиб кетмайди? Қишлаш учун жанубий ўлкаларга учиб кетмайдими?" деб савол берибди. Галварс, қаноти қирқилган лайлак Ачавотга ҳам учиб боролмайди-ку! Агар белгилаб қўйилган ҳудуддан ташқарига чиқса, дайди итларга ем бўлади.

Ҳожи Жунаидхон дўстимга яхшилик қилгим келди; унга берилажак рухсатнома матнини ўз қўлим билан ёзиб қўйдим: "Ушбу рухсатнома эгаси хоҳлаган узунликда соқол қўйиб, хоҳлаган узунликдаги ҳассани хоҳлаган жойида кўтариб юриш ҳуқуқига эгадир".

Унинг ғалати одатлари бор. Шулардан биттаси - кўпчилик олдида манга сизлаб мурожаат қилади-ю, лекин юзма-юз қолган пайтимизда нуқул сансирайди. Бундай пайтда ўзини ҳам сансирашга тилим бормайди. Одамнинг феъл-хўйини ўзгартириб бўлмайди, шекилли.

"Қобуснома"ни қўлимга олдим:

"Ҳукмингни улуғ тутгил, арзимаган нарсаларга ҳукм чиқараверма. Агар бирор нарсага ҳукм қилсанг, бу ҳукмнинг тескарисини қилмагил".

Кайковус ҳам қариганида жуда эзма бўлиб қолганмикан, нима бало!

10. Хоразм томонларда

Кўп палакат Хоразм томонларда содир бўлади. Ўтган ҳафтада Урганчга кетаётган йўловчи поезди Навоий шаҳри вокзалига кириб бораётганида битта вагонидаги ғилдиракларидан соққалари тўкилиб кетиб ўз-ўзидан тормозланиб қолади. Тепловоз анча жойгача ўша вагоннинг ғилдиракларидан учқун чиқариб судраб боради. Релисларнинг шпалга маҳкамланган болтлари синиб, темирйўлга жиддий шикаст етади. Ғилдираклар созлангунича олти соат вақт ўтади. Йўловчилар манзилга етиб боргунича Хоразмда ҳар хил мишмиш тарқалади.

Куни кеча Хоразмга кетаётган бошқа бир юк ташийдиган вагон яна Навоий шаҳри атрофида издан чиқиб, пахтазорга шўнғийди.

"Катта тезликда кетаётган поезд таққа тўхтаб қолди".

"Поезд издан чиқиб кетди".

Тасодифий ҳодисаларга ҳам албатта рамзий маъно юклайдилар: "Жар ёқасига келиб қолган иқтисод батамом издан чиқди; мамлакатдаги ижтимоий ҳаёт турғунлик даврини бошдан кечиряпти; жамият танлаган йўл замонавий тараққиёт талабларига мутлақо жавоб бермайди; мамлакат узил-кесил Россиянинг этагига маҳкам ёпишиб олиши керак ёки мамлакатни Хитой бус-бутун ҳолатида ютиб юборади..."

Маҳаллий шароитларда воҳада етиштириладиган гурвак қовунлари қуртлаб кетадиган бўлди. Қурт қовуннинг уруғи билан ичига кириб олар эмиш: айлантириб қаралса, тешик-пешик учрамайди, лекин ичи ёриб кўрилса ғиж-ғиж қурт бўлади.

Нима, гурвакка кириб оладиган қурт учун ҳам ман балогардон бўлишим керакми?! Ҳар бир вилоятнинг ҳокими бор, ёшуллиси бор, халқ томонидан сайлаб қўйилган депутатлари бор. Қуртларни ўшалар бартараф этсин, манга нима!

Носоз вагонларни йўлга чиқаргани учун Темирйўл ҳиссадорлик компанияси жавоб бермайдими? Компания раҳбари ҳатто намиқиб пўпанак босган чойшабларни пуллаб мўмай фойда кўради-ю, жавобгарлик мани зиммамга тушади. Ҳолвани Али есин-да, калтакни Вали есин!

Балки Навоий шаҳри атрофидаги бирорта азиз авлиё қўним топган қабристон қаровсиз қолгандир?.. Нурота зиёратгоҳи обод қилинганига ҳали ҳеч қанча бўлмади. Карманада амир Олимхон Зарафшонни лойқалатиб кечиб ўтиб жуфтакни ростлаб қолган кечув тарихий обида дейилмаса, бошқа диққатга сазовор қадамжо бўлмаса керак. Очкўз амир ўн минг бош қоракўл қўйини олдига солиб ҳайдаб кетган экан. Қизилқумда шувоқ-шўрак, жовсан, жузғунлар сероб - улар чорва учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Агар зотдор қоракўл қўйлари кўпайтирилса, қанчадан-қанча янги иш ўринлари пайдо бўлади. "Степторг"ни қайта ташкил этиш лозим, ветеринария хизматини йўлга қўйиш талаб этилади, медицинага ҳам эътибор қаратиш лозим бўлиб қолади... 1920 йилда амир Олимхон фойтун араваларига юкланган тиллоларини ҳам Зарафшонга ағдариб қочган дейишади: сапёр-искабтопарларни сафарбар этиб, эски ўзанларда қидирув ишлари амалга оширилса, ким билади, югурганники эмас, буюрганники дегандек, омад бизга кулиб боқармиди! Шу масалада мутахассислар билан маслаҳатлашиб кўриш лозим.

Аслан, Чингизхон балоси ҳам Марказий Осиёга Хоразмдан кириб келган. Агар Муҳаммад Хоразмшоҳ ўжарлик қилмасдан мўғуллар билан тил топишганда Темучин Туронзамину Хуросонни четлаб Оврупага ўтиб кетган бўларди. Калтабин Хоразмшоҳ Ўтрорда мўғулларнинг савдо карвонини қатлиом қилдирадию тарих ғилдираги чаппасига айланиб кетади: юрт вайрон бўлади, халқ қирилади; дин-диёнатдан ном-нишон қолмайди. Босқинчиларнинг кейинги авлодлари исломни қабул қилганидан кейингина эл-юртга қут-барака қайтиб келади... Айтишларича, Хоразм халқи уч марта исломга кириб, уч марта чиққан эмиш. Қизиқ, охирги марта динга кирганмикан ёки диндан чиққанмикан?..

Сурхондарёга борганимда атайлаб ер ағдарадиган белкурак олиб келган эдим. Сопи терак шадасидан ясалган экан. Гулзор остини юмшатаётганимда қирс этиб синди. Сопни тол ходасидан ясаш керак. Тол майишқоқ бўлади, унча-мунчага синмайди. Боғчани айланиб, сопбоп шох қидирдим. Тарвақайлаб ўсган тут шохлари орасидан биттасини тагидан дастарра билан кесиб олдим. Бутоқларини кесиб, пўстини арчимасдан олакўланкага ташлаб қўйдим. Суви қочганидан кейин пўстлоғини арчиб, ўроқранда билан паст-баландини текислаб ўзим соп ясайман. Ерни қўлда ағдарган маъқул. Тракторда шудгор қилинса, ҳатто қирқ см. чуқурликка омоч кирса ҳам тупроқ ён томонига ағнайди, холос. Ваҳоланки, шудгор пайти ер оёғи осмондан келтирилиб ағдарилиши шарт... Чамамда, Темур бобо ҳам Хоразмни икки-уч марта оёғини осмондан келтириб беармон шудгор этиб юборган эди.

Ҳайронман, нима учундир кўп палакатлар Хоразм томонларда содир бўлади.

11. Миллий ифтихор

XXI асрда ҳам ўзини тозалашга кесак ишлатиб юрган халқ тараққиётда қандай каромат кўрсата оларди?!

Қайсидир тарихий китобда ўқиганим бор: XIX аср ўрталарида Афғонистон орқали Бухорога юқори мартабали инглиз зобитлари келади ва Ҳиндистон вице-қироли номидан: «Русия императори тез орада Туркистонни забт этади, ҳозир қозоқ чўлларида мустаҳкам ҳарбий истеҳкомлар барпо этиляпти. Шошилинч равишда замонавий қурол-яроқ ишлаб чиқарилмаса, амир Темур замонидан қолган қилич ва қалқонлар билан юртингизни ҳимоя қилолмайсиз, мустақиллик бой берилади. Биз сарбозларингизни ҳарб илмига ўргатамиз. Хўш, дўстона алоқа ўрнатишга розимисиз?» деб аркони давлатга мурожаат этади. Ҳадеганда сас-садо чиқавермайди: қўшбеги Музаффархонга шикорга чиқишни таклиф этса, шайхулислом ҳарамда ҳомиладор бўлиб қолган хотинларнинг шаръий никоҳ масаласида ривоят айтиб ўтираверади... Меҳмонлар бошлиғи полковник Стоддарт дастурхончидан: «Мумкин бўлса, ҳожатга қоғоз топиладими?» дейди. «Ҳожатга?! Қоғоз-а?!» дейди дастурхончи таажжубланиб. «Оғзимизни артишга қоғоз бор, лекин ҳожатга ишлатадиган қоғозимиз соб бўлган эди. Маъзур кўргайлар...»

Дастурхончи инглизлар илтимосини амирга етказади.

- Астағфируллоҳ! - деб юборади Музаффархон соқолини тутамлаб. - Кофирлар тўхтовсиз зиндонга ташлансин!

- Олампаноҳ, улар ҳазрати Исонинг умматлари экан, - деб майингина эътироз билдиради тўпчибоши.

- Манга деса Мусонинг умматлари бўлмайдими! Зиндонбанд этилсин!

Подшонинг амри вожиб. Инглизлар дарҳол зиндонбанд этилади. Орадан кўп ўтмасдан асирлар Арк майдонида қатл қилинади.

- Ким бизнинг тоза имонимизни булғамоқчи бўлса, тўхтовсиз ўлим жазосига тортилажак! - деб жар солади ҳудайчи.

Бухоро амирлари имон фақат қоғозда бўлади деб ўйларди. Улар наздида қоғоз Оллоҳнинг каломи битилган табаррук мато ҳисобланарди. Муборак калом қоғоздан қалбга кўчмаса, қуруқ гапдан бошқа нарса эмаслигини ҳеч ким хаёлига келтирмасди.

Ота-боболар қоғоздагина, сиртдангина мусулмон бўлгани учун ҳам ғайридинлар ҳукми остида бемалол 130 йил итоатгўй қул бўлиб яшади. 130 йил давомида етти авлод келиб кетди. Қуллик руҳи бола-чақаларимизнинг қон-қонига сингиб улгурди. Наслимизнинг қонини янгилаш керак. Насл қонини қандай қилиб янгилаш мумкин?

Дарвоқе, сиртдангина мусулмон бўлиб юриши, ўйлаб қарасак, мангаям яхши экан. Асл ҳолига қайтса, маниям, қилаётган ишларимниям таниб қолади, бир кун ҳам чидамайди, бошидан улоқтириб ташлайди бу экстремистлар...

Яхшиси, мусулмончилик ўрнига миллий ифтихор туйғусини одамлар онгига сингдириш лозим. Шу пайтгача пахта ўзбекларнинг миллий ифтихори ҳисобланарди.

«Пахта терсанг, тоза тер, чаноғида қолмасин» деган мисра билан бошланадиган шеърни боғча болалари ҳам ёддан биларди, уни ҳар ким ўз мақомига солиб хиргойи қилиб юрарди.

Ўсимлик ҳатто стратегик хомашё манбаи бўлса ҳам миллий ифтихор тимсоли бўлиши мумкинми? Афсус, мумкин экан. Ҳозир ҳам ҳар-ҳар замонда пахтага алоҳида меҳр-муҳаббат қўзғатиб тураман. Лекин, барибир, халқимизнинг миллий ифтихор ориентациясини ўзгартириш пайти келди. Шу мақсадда пойтахтда "Бунёдкор" футбол командаси ташкил ҳам этилди. Айтмоқчи, бошланишида "Қурувчи" бўлиб ташкил бўлган эди, икки-уч йилдан кейин "Бунёдкор" бўлиб қолди. Қурувчи - тоза ўзбекча сўз эди. Нимаси ёқмай қолдийкан қизимга? Ҳай, майли. Ёшларнинг ишига аралашмайлик. "Бунёдкор" бўлса бўлақолсин, ҳатто унга дунёга машҳур донгдор футболчилар, тренерлар жалб этилганига кўз юмиб турдим. Команда миллий чемпионатда муттасил карвонбошилик қиляпти. Аммо қайсар томошабинлар ҳамон стадионда «Пахтакор» командасини қўллаб-қувватлаяпти. Агар «Бунёдкор» билан «Пахтакор» учрашадиган бўлса, Ривалдо командасига майл билдирган «ФАН» клуби аъзолари стадиондан калтак еб чиқиб кетади... Бундай ярамас ҳолатга узил-кесил чек қўйиш лозим.

Бултур йиғим-терим авж олган кезларда воҳа пахтакорлари билан учрашувга бордим. Чаман очилган битта пайкални атайлаб манга асраб қўйишган экан. Вилоят ҳокими билан эгат оралаб юрсам, тўсатдан ариқчада бир тутам пахта тўкилиб ётганини кўриб қолдим. Бир нуқтага тикилиб турганимни кўриб ҳоким дарҳол энгашиб пахтани икки қўли билан ҳовучлаб олди. Бадбўй ҳид гуп этиб димоғимга урилди. Афтимни буриштириб, икки қадам орқага чекиндим. Сездим, кимдир ўтириб... у ёғи маълум - устини пахта билан ёпиб қўйган... Атрофга қарасам, ҳув нарида тансоқчиларимдан биттаси белига этак боғлаб ёлғондакам пахта териб юрибди. Унга кўрсаткич бармоғимни ниқтаб зўраки пўписа қилиб қўйдим. Ҳоким эса пахтани рўмолчасига ўраб қўйнига тиқиб олди. Кун бўйи ҳокимдан бадбўй ҳид таралиб юрди. Янглишмасам, тансоқчим тушлик пайтида саримсоқ пиёзга роса тўйиб олган экан.

Ростини айтсам, халқ ҳеч бўлмаса пахта билан тозаланадиган бўлибди-ку, деб ич-ичимдан хурсанд бўлган эдим. Афсус.