Мирзиёев бюджетнинг асосий кўрсаткичларини маъқуллади

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилга мўлжалланган мамлакат тараққиётининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва бюджет параметрларини маъқуллаган.

Мирзиёев: '2018 ҳал қилувчи йил бўлади'

Унга мувофиқ, жорий йилда Ўзбекистонннинг ялпи ички маҳсулот ҳажми 5,9 фоизга ўсиши кутилади, инфляция даражаси эса 12,4−13,4% атрофида бўлади.

Охирги 10 йилда иқтисодий ўсиш 8 фоиз, инфляция эса 2,5-3 фоиз атрофида экани айтиб келинган.

Давлат бюджетининг тушумлари 62,229 трлн сўм, харажатлари эса 62,17 трлн сўмни ташкил этиши кутилади.

22 декабрь кунги нутқида Президент Шавкат Мирзиёев расмий ҳисоботлардаги иқтисодий ўсиш суръатларини "бадиий асар" деб атаган ва собиқ Молия вазиир Рустам Азимов ва бошқа мулозимларни иқтисодий рақамларни сохталаштиришда айблаганди.

Мирзиёев шунингдек, бир кун аввал парламент тасдиғидан ўтган бюджет лойиҳасини имзолашдан бош тортган.

"Халққа осон бўлган бюджетни имзолайман", - деб айтган Президент.

У 2018 йил осон бўлмаслигини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Мирзиёев аҳолини иқтисодий қийинчиликлардан огоҳлантирган.

"2018 йил биз учун осон бўлмайди. Буни очиқ айтиш керак. Лекин, халқимиз таъбири билан айтганда, сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам, танлаган йўлимиздан қайтмаслигимиз шарт. Нега деганда, бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди", - деган Президент 22 декабр кунги нутқида.

Аксар таҳлилчилар ўтган бир йилда Мирзиёев юритган иқтисодий сиёсатнинг асосий натижаси миллий валюта конвертациясининг жорий этилиши бўлганини қайд этишган.

Ўтган йилнинг 5 сентябрида конвертациянинг жорий этилиши натижасида ўзбек сўми қарийб икки баробарга қадрсизланганди.

Янги йил арафасида Марказий банк нархларни эркинлаштиришга қаратилган тузилмавий ислоҳотларни амалга ошириш маълум вақт талаб этиши ва бу вақт мобайнида инфляцион босимнинг баланд бўлиши ҳақида огоҳлантирган.

Марказий банк ҳисоботида айтилишича, ички валюта бозорининг либераллашуви натижасида банк тизимидан ташқаридаги пул айланмаларининг банкларга қайтиши кузатилмоқда.

2018 йил мобайнида Марказий банк ва ҳукумат нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатор чораларни кўриши кутилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002