ИШИДга қарши ҳужум: ‘Тўрт ўзбекистонлик ҳам ўлдирилди’

ИШИД Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Кутилмаган қўшалоқ ҳаво ҳужуми Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятида амалга оширилган.

Маҳаллий масъулларга кўра, ҳужум чоғида Афғонистон шимолидаги ИШИД юқори мартабали қўмондонларининг махфий йиғини нишонга олинган.

Ҳужум натижасида 30 га яқин жангари ўлдирилган, 20 дан ортиғи яраланган.

Расмий маълумотларга кўра, "ўлдирилганлар орасида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бўлган".

Аммо уларнинг шахслари ва қачон, қандай қилиб Афғонистонга ўтишгани борасида расмий маълумотлар ҳозирча имконли эмас.

Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳаммад Ризо Ғафурийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ҳалок этилган ИШИДчилар орасида француз фуқаролари ҳам бўлишган.

Унга кўра, бунга қўлларида бўлган жосуслик маълумотлари далолат қилган.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқига ИШИД жангарилари сизиб киришга муваффақ бўлган ўтган 3 йил бадалида бу каби воқеълик кузатилмаган.

Суҳбатдошимизга кўра, улар катта эҳтимол билан Покистон орқали Афғонистон шимолига ўтиб келишган.

Ўзбек аёллари ИШИД билан жанг қилишмоқчи

Афғонистонда ИШИДнинг ўзбекистонлик масъулларидан бири ушланди

Қўшалоқ ҳаво ҳужуми бир вақтнинг ўзида Дарзобнинг уч қишлоғи: Оқ Камар, Мўғул ва Сардарани қамраб олган.

Аммо, суҳбатдошимизнинг айтишича, бу ҳужумларда оддий одамларга бирор бир зиён-заҳмат етмаган.

"Мажлис"

Матбуот воизининг айтишича, Дарзобдаги мажлисга ИШИД гуруҳининг Балх, Бағлон, Фарёб ва Жаузжоннинг ўзидаги юқори мартабали қўмондонлари йиғилишган.

"Йиғиндан мақсад эса, қачондан бошлаб Афғонистон шимолидаги ўз амалиётларини йўлга қўйиш масаласини келишиб олиш бўлган".

Унга кўра, катта сондаги ИШИД жангариларининг ўлдирилиши билан якун топган қўшалоқ ҳаво ҳужуми Афғонистондаги НАТО кучлари билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Аммо сўнгги янгиликка ҳозирча ИШИД гуруҳи расман бирор бир муносабат билдирмаган.

Дарзоб Афғонистоннинг сўнгги йилларда ИШИД жангарилари анча фаоллашишга муваффақ бўлган саноқли шимолий минтақаларидан бири бўлади.

Масъуллар бу тумандаги ИШИД аъзоларининг сони тахминан 500 дан ортиқ эканини айтишади.

Агар, уларга имконли бўлган маълумотларга таянилса, бу жангариларнинг 40 дан ортиқроғи ўзбекистонликлари дохил хорижликлар бўлишади.

Ўтган ой айнан шу вилоят маркази Шибирғон шаҳрида ИШИДнинг ўзбекистонлик масъулларидан бири ушланганига оид хабарлар ҳам олинган.

Муҳаммад Ризо Ғафурийнинг айтишича, ИШИДнинг маҳаллий етакчиларидан бири, деб кўрилаётган Шерзод Анваров ҳануз пойтахт Кобулда, ҳибс остида қолмоқда.

Жаузжон, Дарзоб ва ИШИД

Жаузжон - Афғонистоннинг ИШИД жангари гуруҳининг Марказий Осиё билан бевосита чегарадош бир вилояти учун тайин этган ҳокими илк бор қўлга олинган вилоят бўлади.

Ҳодиса ўтган йил август ойида юз берган, ҳибсга олинган ҳоким Мавлавий Боз Муҳаммад Жаузжоннинг айнан Дарзоб ва Қўш-Тепасида ИШИД жангари гуруҳининг фаолиятини ёйиш истагида бўлгани айтилганди.

Худди ўша йилнинг октябрь ойида эса, ИШИД жангарилари бор-йўғи бир неча куннинг ўзида ўнга яқин тинч фуқарони ўлдиришган, қурбонлар орасида кексалардан ташқари, аёлларнинг ҳам борликлари айтилган.

Ҳатто, афғонистонлик масъулларнинг ўзлари ҳам, Ғарб бошчилигидаги катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, бу каби ҳолатга гувоҳ бўлишмаганини эътироф этиш даражасига боришганди.

Аммо орада кечган вақт давомида ИШИД жангари гуруҳи ўзларига қарши янграётган бу каби баёнотларнинг бирортасига расман муносабат билдиришмаган. Шу пайтгача Жаузжондаги қотилликларга ҳам масъулиятни ҳеч бир шаклда ўз зиммаларига олиб чиқишмаган.

Жаузжондаги ИШИД жангариларига асли дарзоблик, ёши 30 лардан ошган, Толибон ҳаракатининг собиқ нуфузли қўмондонларидан бири - Қори Ҳикмат исмли шахснинг бошчилик қилиши айтилади.

Агар, орада Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳамадризо Ғафурий билан қилган суҳбатларимиз тафсилотларига таянилса, ИШИД сўнгги пайтларда толиблар ҳисобидан ўз сафларини кенгайтириб, ҳам Дарзоб ва ҳам Қўш-Тепада янада фаоллашиш ҳаракатида.

Унга кўра, бу масалада ИШИД гуруҳига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари кўмак беришмоқда.

"Биргина ўтган йилнинг ўзида бу икки туманга ҳаракатга аъзо 55 оила келиб ўрнашишган. Аммо уларнинг қаердан ўтиб келишгани маълум эмас", - деганди матбуот воизи Би-би-си Ўзбек Хизматига яқинда берган суҳбатларининг бирида.

Матбуот воизининг сўзларидан маълум бўлишича, бу жангарилар Толибон ва ИШИД ўртасида воситачилик қилишмоқда, ИШИД га толиблар ҳисобидан ўзига янги жангарилар ёллашига кўмак қилишмоқда.

Баёнот, даъват ва хавотирлар

Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг яқинда қилган баёнотига таянилса эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ва раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ҳам қатор жангарилари билан айнан Жаузжон вилоятининг Дарзоб туманига ўтган.

Ўғлининг ИШИД гуруҳи номи остида Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий вилоятларида фаоллашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар отаси - Тоҳир Йўлдош ўлимидан қарийб ўн йилча ўтиб ўртага чиққан.

Шимоллик масъуллар Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Сарипул ва Жаузжон вилояти ўртасидаги минтақаларда катта молиявий имконият билан фаолият бошлаганидан жиддий ташвишларини изҳор этиш даражасига ҳам боришганди.

Генерал Абдулрашид Дўстум эса, мавжуд воқеълик Афғонистон шимолида ИШИДга қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо этишини айтганди.

Аммо орада кечган вақт давомида бу вилоят масъулларининг ИШИДга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётларни йўлга қўйишини сўраб, марказий ҳукуматга қилган мурожаатлари деярли жавобсиз қолган.

Яқинда Афғонистон Мудофаа вазирлиги айни шундай мазмундаги баёнот билан чиққан, Дарзобдаги қўшалоқ ҳаво ҳужуми эса, вазирликнинг ана шу ваъдасидан саноқли кунлар ўтиб амалга оширилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002