Ўзбекистонда Қуръон нашри йўлга қўйилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи islom.uz
Image caption "Ҳилол" нашриётига марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асос солган.

Ўзбекистондаги диний адабиётларга ихтисослашган "Ҳилол" нашриёти Қуръони Карим нашрини йўлга қўйган.

Info.islom.uz сайтининг хабар беришича, муқаддас китоб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда Миср Араб Республикасидаги "Дорус-салом" нашриётининг расмий ижозати билан нашр қилинмоқда.

3 январь куни мусҳафи шарифнинг дастлабки саҳифаларини чоп этиш маросими бўлиб ўтган.

Би-би-си билан суҳбатда таниқли уламо Абдулҳаким қори Матқулов Қуръон нашрининг йўлга қўйилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа мусулмонлари учун аҳамиятли эканини айтди.

Айни пайтда у Қуръон биринчи марта Ўзбекистоннинг ўзида чоп этилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Уламонинг сўзларига кўра, Қуръони Карим нусҳаларини чоп этиш шўро даврида бошланиб, кейинроқ Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг ҳам давом эттирилган.

"Аммо улар оз нусҳада эди", - дейди Абдулҳаким қори.

Суҳбатдошнинг айтишича, "Ҳилол" нашриёти Қуръоннинг илк 10 минг нусҳасини келаётган 50 кун ичида чоп этишни режалаган.

Абдулҳаким қори Матқулов Қуръон нашридан кўзланган асосий мақсадлардан бири унинг таннархини камайтириб, оммабоп қилиш эканини таъкидлади.

Уламонинг айтишича, турли йўллар билан четдан келтирилган Қуръон нусҳаларининг бозордаги нархлари анча баланд бўлган ва кўпчилик мусулмонлар уни сотиб олишга қурблари етмаслигидан шикоят қилганлар.

Яқин ўтмишда Ўзбекистонда диний адабиётлар устидан қаттиқ назорат ўрнатилган бўлишига қарамай, энг кўп сотилган китоблар айнан диний адабиётлар, хусусан, марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб китоблардир.

Айрим мусулмонлар асосан бир нашриёт, марҳум Шайх асос солган "Ҳилол" нашриёти томонидан чоп этилган китоблар нархининг анча қиммат эканини ҳам айтишади.

Абдулҳаким қори Матқулов билан суҳбатни BBC O'zbek YouTube каналида тингланг.

Алоқадор мавзулар