Обидхон қори суиқасдига буйруқ берганларни қидириш тўхтатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи YouTube/Islom Ovozi
Image caption Обидхон қори Назаров ҳозирда комадан чиққан ва доимий полиция қўриқлови остида яшамоқда.

Швецияда яшаётган ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаровни ўлдиришга буйруқ берган шахсларни қидириш вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақида Швеция матбуоти хабар тарқатди.

2012 йил февралида номаълум киши Швециянинг Стромсунд шаҳрида Обидхон қорига бир неча ўқ узиши ортидан яширинганди.

Обидхон қори жарроҳлик амалиёти ортидан омон қолган, аммо узоқ вақт комада бўлган.

Sverigesradio хабар қилишича, швециялик прокурор Кристер Петерсон қотилга пул ўтказган Ўзбекистондаги шахс ўлганлиги ҳақидаги хабарни олиши ортидан қидирувни тўхтатган. Ўзбекистондаги Интерполнинг маълумотига кўра, бу шахс 2017 йил мартида вафот этган.

"(Ўзбекистон ҳукуматининг) расмий версияси шуки, у ўлган, шундай экан, мен бу одамни топаман деб ўйламайман. Бошқа маълумотни олмагунимча, тергов вақтинча тўхтатилди. Ўзбекистондаги тизим бу суиқасд амалига алоқадор бўлганми ё йўқми деган савол жавобсиз қолмоқда", - деб айтган Петерсон.

Швецияда ўтказилган терговга биноан, қотиллик ҳаракатини Ўзбекистон ва Россия фуқаролигига эга бўлган Юрий Жуковский амалга оширган.

У сўнгра Россияда яширинишга муваффақ бўлган, аммо Россия уни сўнгра Швецияга топширганди.

2015 йилда Жуковский 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган. Аммо, 2016 йилда апелляцион суд жазони бир умрлик қамоқ жазосига ўзгартирган.

2015 йил ноябрида Швеция прокуратураси Остерсунд судига берган айблов хулосасида суиқасд ортида Ўзбекистон ҳукумати турганини айтганди.

Судда Жуковский буни рад этган ва уни "бир одамни" топиш ва видеога ёзиб олиш вазифаси билан Умидбек Аминов исмли киши йўллаганини билдирганди.

Обидхон қори жонига қасд қилган Юрий Жуковский 18 йилга қамалди

Обидхон қорига суиқасд маҳкамаси ҳукми қайта кўрилмоқда