Ўзбекистон ўзи ўрнатган палов рекордини ўзи янгиламоқчи

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи chustiy
Image caption Тошкентдаги илк уринишдан...

Гиннес рекордлар китобига киритилган ва ўтган йил сентябрь ойида тайёрланган дунёдаги энг улкан палов 7360 кг ни ташкил этган эди.

Бунинг бош ташаббускори сифатида эса, Ўзбекистон "Milliy" телеканали чиққанди.

Би-би-си Ўзбек Хизматига маълум бўлишича, бу гал Сурхондарё вилоятининг Денов туманилик ошпазларнинг ўзлари ана шу рекордни янгилашмоқчи.

Ўзбекистонда "Ватан ҳимоячилари куни" сифатида байрам қилинувчи 14 январда 8 тоннага яқин палов пиширишмоқчи.

Денов тумани ҳокимлиги масъули Маҳмуд Расуловнинг айтишича, бу - маҳаллий ошпазлар ўзларининг ташаббуслари бўлган.

Тошкентдаги ўтган йилги тадбирга таклиф этилган, аммо бора олмаган айрим деновлик ошпазлар бунга қизиқиш билдиришган.

Туман ҳокимлиги фақат ташкилий масалаларда кўмак қилаётган бўлса, молиявий томонини маҳаллий ташкилотлар ва тадбиркорлар ўз зиммаларига олишган.

Суҳбатдошимизнинг билдиришича, янги рекорд Денов марказий стадионида ўрнатилади.

Тадбирга қизиқиш билдирган меҳмонлар учун эса, 2 минг ўринли жой ҳозирланади.

Ҳозирликлар

"Жаҳон рекорди"ни янгилаши кутилаётган палов, ташаббускор ошпазларнинг ўз таъбирлари билан айтганда, "Денов" палови бўлади.

Унга қанча масаллиқ кетиши ва янги рекорднинг ҳомийларга жаъми қанчага тушишига оид аниқ маълумотлар шу соатларда имконли эмас.

Аммо Тошкентдаги мегапаловга 1500 кг мол гўшти, 400 кг қўй гўшти, 220 кг қуйруқ ёғи, 1900 кг гуруч, 2700 кг сабзи, 220 кг пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг туз, 100 кг нўхат, 190 кг майиз, 5 кг зира, 2 кг майдаланмаган мурч, 1 кг зарчава ва 350 литр сув кетгани хабар берилган.

Бу палов Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган, Олмалиқ кон-металлургия корхонасида қуйилган ва ясалган диаметри 4 метрдан ортувчи, сиғими 8.8 минг тоннани ташкил этувчи қозон ва оғирлиги қарийб 3 тоннага етувчи ўчоқда пиширилганди.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистоннинг ўзи ўрнатган Гиннес рекордини янгилаши кутилаётган дунёдаги энг улкан ҳам палов ҳам худди ана шу ўчоқ ва қозонда тайёрланади.

Аммо уни пиширишда "Деновнинг ўзида ясалган" улкан капкир ва чангаклардан фойдаланилади.

Туман ҳокими масъулининг сўзларига кўра, янги мегапаловни 50 га яқин деновлик маҳаллий ошпазнинг ўзи тайёрлайди.

'Гиннес рекорди учун Ўзбек паловига махсус номинация'

Тошкентдаги мегапалов Жанубий Корея қолиб, Германияда ҳам акс-садо берди

Дунёдаги энг улкан палов

Тошкентдаги "Байрам" палови - Ўзбекистоннинг ўзида тайёрланиб, Гиннес рекордлар китобига киритилган биринчи ўзбек миллий таоми бўлган.

Аммо бу ғоя, ташаббус ва унинг ижроси ижтимоий мулоқот тармоқларида қарама-қарши муносабатларни келтириб чиқарган.

Табрик, олқиш, хурсандчилик, ифтихор баробарида бунинг ортиқча исрофгарчилик экани, мега паловга кетган шунча сарф-харажатни ундан кўра бошқа хайрлироқ мақсадларга нега сарфланмагани ва ёки ўзбеклар шу каби рекордларни илм-фан соҳасида қачон ўрнатишларига оид танқидлар ҳам янграган.

Аммо, бунинг зиддига, ўзбекистонлик ошпазларнинг бу каби оламшумул ташаббусларини қўллаб-қувватлаган, ҳар ким ўз соҳасида бу каби ютуқларни такрорласа, Ўзбекистон дунёнинг энг илғор давлатлари сафидан жой олишига оид фикрларни илгари сурган ўзбекистонликлик ҳам озмунча бўлмаган.

Аммо тайёр паловни тарқатиш жараёнида у ерга йиғилган одамлар ўртасида ур-йиқит келиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинган, бу каби тасвирлар бўй кўрсатган қисқа видеолавҳалар турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам пайдо бўлган, аммо улар аксарият ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари томонидан кескин қораланганди.

Деновдан масъул суҳбатдошимиз Маҳмуд Расуловнинг айтишича эса, тайёрланиши кутилаётган навбатдаги дунёдаги энг улкан палов ҳам текинга тарқатилади.

Лекин "Мегапалов асосан тумандаги Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, мактаб-интернат тарбияланувчилари, ногиронлар, шифохоналардаги беморлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари бошчилигида кам таъминланган оилаларга берилади".

Мегатаомлар...

Ўзбекистон ошпазлари бунгача мамлакат ташқарисида дунёдаги энг улкан норин ва лағмон тайёрлаб ҳам, Гиннес рекордлар китобига киришга муваффақ бўлишган.

Аммо ўтган йил сентябрь ойига қадар ўзбекистонлик бирор бир ошпазга рекорд тоннадаги палов тайёрлаб, бу каби шарафга нойил бўлиш бахти насиб этмаганди.

Айнан ўтган йил аввал Олмалиқ, сўнгра Тошкентда бу ишга муваффақ бўлган таниқли ўзбекистонлик ошпазлардан бири Баҳриддин Чустий xabar.uz интернет нашрига:

"Албатта, ҳар қандай рекорд эртами-кечми янгиланади. Қайсидир ҳамкасбларимиз шунга жазм қилишибдими, қандини уришсин. Аммо менда бир мулоҳаза бор — шунча оворагарчилик билан битта лойиҳани қайтаришдан нима наф?! Ахир бунинг қанчалар мураккаб жараён эканлигини мен яхши биламан-ку. Қолаверса, шунча меҳмонлар қаторида "Гиннес"дан ҳам вакиллар таклиф этилар экан, Ўзбекистонимизни машҳур қилувчи янги ва ўзига хос лойиҳа амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлмасмиди? Масалан, Сурхондарё тандир гўшти дунёга машҳур — мана ажойиб рекорд учун тайёр лойиҳа!", - дея деновлик ошпазларнинг ташаббуслари билан боғлиқ сўнгги янгиликка ўз муносабатини билдирган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати ҳозирча Деновдаги тадбирга Гиннес Рекордлар қўмитасидан вакилларнинг келиш-келмаслигига оид хабарларга расман ойдинлик кирита олгани йўқ.

Аммо, Денов тумани ҳокимлигидан масъул суҳбатдошимизнинг энг сўнггида айтишича, бу тадбирдан кўзланган бирламчи мақсад - халққа қувонч улашишдир.

Ўзбек ва Тожик палови бундан бир йилча бурун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ЮНЕСКО жамғармаси томонидан "Инсониятнинг номоддий маданий мероси" рўйхатига киритилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар