Мирзиёевни йиғлатган беморлар ва иккига бўлинадиган Тошкент вилояти

Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Шавкат Мирзиёев 2018 йил илк ташрифини Тошкент вилоятидан бошлади. Оддий одамлар ва беморлар билан кўришган Президент вилоят масъуллари билан гаплашиб муаммолар ҳақида гапирган.

5 сентябр куни Тошкент вилоятида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ташкил қилинган. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этган.

Xabar.uz нинг ёзишича, Шавкат Мирзиёев ҳокимларни пахта етиштириш ва унга жавобгарликдан озод қилишини маълум қилган.

"Ҳокимлар пахта билан шуғулланмайди. Таълим ва маънавият билан машғул бўлади. Пахтани кластер тизими орқали экамиз. Бу йил вилоятдаги 4та туманда кластер бўлади", деган Президент.

Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабридаги парламентга мурожаатида Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида пахта-тўқимачилик кластерларини яратиш доирасида пахта хомашёсини бозор талаблари асосида етиштириш, нарх-навони шакллантириш ва сотишни ташкил этиш бўйича тажриба бошланганини айтганди.

Келгусида бундай тажрибани бутун мамлакат миқёсида жорий қилиш таъкидланган.

Мирзиёев, шунингдек, Тошкент вилоятидаги шаҳарлар муаммолари билан Тошкент шаҳар ҳокими ва Бош вазир шуғулланишини айтган. У ушбу тажриба иш бермаса вилоятни иккига бўлиш режасини маълум қилган.

"Вилоятнинг 7 та шаҳридаги муаммолар билан Бош вазир ва Тошкент шаҳар ҳокими шуғулланади. Шаҳарлар уларга бўйсунади. Агар шундаям ўзгариш бўлмаса, вилоятни иккига бўламан. Вилоятдаги шаҳарлар Тошкент шаҳридаги раҳбарларга бўйсунади. Сектор раҳбарлари ҳар куни Бош вазирга ахборот беради. Ҳамма ишнинг тагида халқни рози қилиш туради. Агар раҳбарлар яна вилоят ҳокими атрофида уюшмаса, вилоят иккига бўлинади", дея Президент гапларидан иқтибос келтирган кун.уз нашри.

Мирзиёев топшириғи билан Республика Бош прокурори ва Ички ишлар вазирига вилоят прокурори ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғини ишдан олган.

Олдинроқ Шавкат Мирзиёев Янгийўл тумани аҳолиси билан учрашган. Кутилмаганда тумандаги шифохонага кириб бориб, у ердаги беморларнинг ҳолидан хабар олган.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, беморларнинг совуқдан чопонга ўраниб ётганини кўрган Мирзиёевнинг юраги ачиган ва кўзига ёш келган.

"Шавкат Мирзиёев: Янгийўлдаги шифохонада беморлар чопонда ётганини кўриб, кўзимга ёш келди. Кроватлар, бинонинг аҳволи юрагимда қолди", дея Президентдан иқтибос келтирган Мирзиёевнинг матбуот хизмати.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар