Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-8

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Набижон Боқий Сталин қатағонларига доир "Қатлнома" ҳужжатли қиссаси муаллифи.

Юртменбошининг хотира дафтари

Куни кеча тонг саҳарда, чин мусулмонлар сидқидилдан бомдод намозини адо этаётган масрур дамларда бир гуруҳ ислом экстремистлари қўққис Юртменбоши қароргоҳига қуролли ҳужум уюштирди. Юртменистон Ички ишлар вазири Зокиржон Холмат алоҳида жонбозлик кўрсатди.

Давоми

Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-1

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-2

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-3

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-4

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-5

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-6

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари - 7

69. МИНГТА БИР ТИЙИНЛИК ВА НОБЕЛ МУКОФОТИ

Эсимда, молия тизимида эндигина фаолиятимни бошлаган кезларим: "Кимки 1961 йилда Сиккахонада зарб этилган минг дона бир тийинликни тўплаб марказий банкка топширса, қўлига "ГАЗ-24" калитини бериб, енгил машинани миндириб юборишар эмиш!" деган гап тарқалган. Бу мишмишнинг чинми ёки ёлғон эканини, эҳтимол, раҳбарлар аниқ билган бўлса керак. Аммо оддий ходимлар ўша мишмишга чиппа-чин ишонади. Чунки "1961 йилда зарб этилган бир тийинлик чақа таркибига тўқсон фоиз олтин қўшилган экан". Тўқсон фоиз олтин мингта бир тийинлик чақадан ажратиб олинса, 2700 грамм бўлар эди. Давлат аҳмақ эмас, салкам уч кило олтинга битта эмас, учта "ГАЗ-24" ҳадя этса ҳам ютқазмайди. Кичик ходимлар ўзаро тил бириктириб ҳар хил йўллар билан 1961 йилда зарб этилган бир тийинлик чақаларни битта "айиқ қўғирчоқ" ичига тўплашга киришдик. Ўчакишгандек, муомалада айнан 1961 йилда зарб этилган бир тийинлик чақа жуда кам учрарди. Дўкон ва ошхоналарда, автобусларда кассирлар ҳеч қачон бир тийинлик чақани қайтим ўрнида қайтармасди. Биз баъзан таниш-билишларимиздан бир сўм эвазига битта бир тийинликни сотиб олардик. "Айиқ" ичидаги чақалар сони беш юзтадан ошганда ман режалаштириш қўмитасига ишга ўтиб кетдим. "Айиқ" оғайниларим ихтиёрида қолди. Эски улфатлар аҳён-аҳён учрашиб қолардик, ўшанда қўлга киритилган бир тийинликни бериб: "Қанча бўлди?" деб сўрардим. "Ҳали анча бор", деб мужмал жавоб қайтаришарди. Мужмал жавобни эшитиб кўнглимда гумон пайдо бўларди. Мишмишлар давом этаётган кезларда Москвага командировкага бордим. Бир куни ресторанда ичиб ўтириб Иван исмли тенгдошимдан: "Марказий банкда танишинг борми?" деб сўрадим. "Нимайди?" "Билмайсанми, ростдан ҳам 1961 йилда зарб этилган минг дона бир тийинликка битта "ГАЗ-24" бериладими?" Иван башарамга бирпас тикилиб ўтириб бирдан қаҳқаҳа отиб юборди: "Манга қара, ростдан ҳам давлат режалаштириш қўмитасида ишлаяпсанми?" деб савол берди. Қарасам, у мани расмона калака қиляпти. "Ҳазиллашдим, сани синаб кўрмоқчи бўлдим", дедим кулиб. Командировкадан қайтиб келганимдан сўнг улфатларимга бир тийинлик чақа тўғрисида умуман гап очмай қўйдим. Улар енгил машинага шерик бўладиган битта ҳиссадордан қутулганига ич-ичдан суюниб юришди. Шундай қилиб, ман улфатларимдан узоқлашиб кетдим: улар мандан, ман улардан қутулдим.

73. ОЛИЖАНОБ ҒОЯ

Боқувга қўйилган қўчқорни битта қозиққа боғлаб боқиш керак; қўрага бўш қўйиб ёки подага аралаштириб юборилса, асло семирмайди. Совлиқларга ирғишлайвериб ўзини семиртирмайди, оғзидан кирганини киндигининг остидан чиқариб кетаверади.

Халқ фаровон яшаши учун битта олижаноб Қозиқ ғоя атрофида жамулжам бўлиши керак. Олижаноб ғоянинг номи мустамлака даврида Бирлик эди, мустақиллик арафасида Бирлик парчаланиб ЭРК ғояси ўртага чиқди. Иккови билан ҳам муроса қилдим. Чунки кўпчилик аросатда қолган эди. Аросатда қолган одамларнинг қайси томонга оғиб кетишини аниқ билмасдим. Икки тарафга таъзим қилиб: "Сен яхшисан! Сеники тўғри!" дедим. Муҳими - Бирлик парчаланди. Қозиқ ўртадан кўтариб ташланди, пода-оломон икки фирқага ажралиб кетди. Фирқа қўчқорлари шохлашаётган бир пайтда ман нафасимни ростлаб олдим. Сув лойқаланди. Энди балиқ тутиш мумкин эди. Соҳил бўйлаб югура бошладим. Тилим осилиб, ҳаллослаб қолдим. Тобора ҳолсизланиб борардим. Қўлимдан қармоқ тушиб кетди, хўракни наҳанг эмас, битта қуш опқочди. Дўппи тор келиб, олам-жаҳон кўзимга зимистон кўриниб турган чоғларда осмондан тап этиб Мустақиллик тушди. Кўзларимга ишонмадим, ўзимга ишонмадим. Москвада ўркачли туяни шамол учирди, атрофида маъраб юрган эчкилар осмонга учиб кетди.

Давоми бор