Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-9

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Набижон Боқий Сталин қатағонларига доир "Қатлнома" ҳужжатли қиссаси муаллифи.

Юртменбошининг хотира дафтари

Давоми

Шу азиз ватан барчамизники.

Юртменистон - келажаги буюк кишвар.

Янги мақолалар

Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-1

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-2

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-3

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-4

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-5

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-6

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари - 7

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-8

Аҳмад ака ҳар йили икки сотих ерга бодринг экади. Бодринг етиштириш бўйича ўзига хос ва ўзига мос технологияси бор. Одатда, бодринг марзасининг эни энг камида бир ярим-икки метр бўлиши лозим. Аҳмад ака эса бор-йўғи эллик-олтмиш см. интервал қолдириб марза тортиб чиқади; уруғни марза четига эмас, жўяк-ариқчанинг ичига экади. Ер нами билан уруғ униб чиқади: икки қулоқ бўлади, сўнг чин барг чиқаради - тўрт қулоқ бўлади, танаси йўғонлашади. Бу пайтда эгат бошига кеч кузда кўмиб қўйилган гўнг уюмининг этак тарафидан ерга қадаб туйнук очади. Уюм усти сувалган, сувоқ қисман кўчириб олинади. Туйнукдан қиш бўйи куйиб кулранг тусга кирган майин гўнг кетмон билан тортиб олинаверади. Аҳмад ака худди пахта тераётган теримчи каби белига этак-партук боғлаб ичига гўнг солади-да эгат оралаб кўчатларнинг илдизидан икки-уч энли қочириб маҳаллий ўғитни ҳовучлаб сепиб чиқади. Гўнг устига тешадан каттароқ кетмонча билан юпқа тупроқ тортади. Бодринг палак отади. Ердан нам қочишига қараб жўякларга сув югуртиради. Икки кун ўтказиб бояги кетмончада жўякларни майда чопиқдан чиқаради. Кейин яна гўнг ташлайди. Бу гал ҳар туп бодринг кўчатининг икки тарафига икки ҳовучдан гўнг сепади, тупроқни катта кетмон билан тортади. Хуллас, эллик-олтмиш см. интервалдаги марза йўқолиб, ўртада жўяк пайдо бўлгунча бодринг кўчатлари қават-қават ўғитланади. Бодринг шунақа ўсимлик эканки, танаси ерга теккан жойидан попук илдиз чиқариб озиқланаверади. Палак отаётган пайтда тунда жўякларга сув жилдиратиб қўяди. Илдиз жўякдан нарида бўлгани боис марзалар қоп-қорайиб намлангунча суғорилади. Қуёш бир терак бўйи кўтарилган чоғда сув ёпилади. Токим, жўяклардаги сув қизимасдан ерга тортилиб кетиши лозим. Сув илдизни босмаган бўлса, ер қуригандан сўнг қатқалоқ бўлмайди, илдизни сиқиб қуритмайди. Палакда таноб-мўйловчалар пайдо бўлиши билан Аҳмад ака теракларни бутаб бир-бир ярим қулоч шохларини эринмасдан ҳар туп бодринг кўчатидан бир қарич нарига суқиб чиқади; палак учларини калтакка чирмаштириб қўяди. Палак таноб-мўйловчаси калтакка бир бора ўралиб-чирмашиб олса, кейин фақат юқорига қараб ўсади, ўрмалаб тепага чиқиб кетади. Палак ёнларидан палакчалар чиқади. Шуни ҳисобга олиб ярим метрдан сўнг калтаклар бир-бирига белдамчалар билан туташтирилади. Яъни, кўндаланг қилиб ингичкароқ калтак боғланади. Ён тарафдан чиққан палакчалар кўндаланг калтак бўйлаб ўрмалайди. Осилиб қолса, кўтариб қўйилади - юқоридан ҳам яна бир қават калтак боғланади. Қўйиб берилса, бодринг одам бўйидан ҳам ўсиб кетади. Ғуж-ғуж гуллайди, ғуж-ғуж бодринг тугади. Илдиз тубидан бошлаб ҳосил қилади. Ҳатто энг пастдаги гуллари чопиқ пайтида тупроқ остида қолиб кетади.

Бодрингнинг ҳузурини туну кун қароргоҳ оралаб санғиб юрадиган соқчиларим кўради десам, манимча, тўғри гапни айтган бўламан. Шу фикримга кўпчилик қўшилса керак.

Сўкичакнинг ҳар-ҳар жойида уруғликка атаб бодринг қолдирилади. Улар каттайиб хомакдек бўлади ва сарғайиб тўрлайди. Яқинроқ бориб қарасангиз, бодринг тўрларидан ҳар хил чиройли нақшлар пайдо бўлади.

Анчадан буён Аҳмад акани кўрмаган эдим. Кечки пайт теракзор томонларни айланиб қайтаётсам, Аҳмад ака уруғликка олиб қўйган сап-сариқ бодрингларни узиб чиқиб гўнгдан бўшаган "ғор" ёнига хирмон қилиб қават-қават териб қўйибди. Остига пўстак тўшаб бодринг уруғини ажратиб ўтирибди. Йўлкада тўхтаб қилаётган ишини кузатдим. У ошпичоқда бодрингни авайлаб кўндаланг қилиб кесиб, худди қовундек иккига ёриб ёнига териб қўярди. Сўнг бир палламини қўлига олиб ярмидан паст қисмининг уруғини кет тарафига қаратиб сидириб олади. Ярмидан юқорисида - уч тарафида қолган уруғларга тегмайди. Ярим-ёрти уруғи олинган хомакдек бодринглар паллами худди очиқ гўрдек қорайиб турган туйнукдан ичкарига отиб юборилади. Гўнгдан бўшаган ўратепа энди бодринг билан тўлдирилади.

Давоми бор