Муҳаммад Солиҳ: "Қўлимизда МХХ ходимларининг рўйхати бор"

Фото муаллифлик ҳуқуқи UXH

Мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати "Каримов даврида ўзгача фикрловчиларга қарши курашган 700 дан ортиқ Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг рўйхати"ни қўлга киритганини айтмоқда.

Мирзиёев: "Миллий хавфсизлик хизмати ислоҳ қилинади"

Ташкилот ўз вебсахифасида МХХ ходимлари экани айтилган шахслардан баъзиларининг номларини эълон қилган.

ЎХҲ Президент Мирзиёевнинг МХХни ислоҳ қилиш режасини қўллаб-қувватлаган ва "МХХ идорасини бутунлай тугатиб, янги хавфсизлик ташкилотини тузиш"га чақирган.

Ўзбекистон халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг Би-би-сига айтишича, рўйхат "МХХдаги манба" томонидан тақдим этилган.

Муҳаммад Солиҳ ҳозирча рўйхат билан боғлиқ бир стратегия ишлаб чиқилмагани, лозим топилгани тақдирда, уни тўлалигича эълон қилишлари мумкинлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, рўйхатдагиларнинг айримлари давлат бошқарув тизимларига яширинча киритилган "МХХ агентлари"дир.

Президент Мирзиёев 22 декабр кунги чиқишида МХХнинг ваколатлари асоссиз равишда кенгайиб кетгани ва чекланиши кераклигини айтганди.

Президентга кўра, бундан буён "бутун ҳокимият ва заҳираларнинг битта тизим қўлида тўпланиши ва мувозанатнинг бузилишига"га йўл қўйилмайди.

Ўтган йил октябрида Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати Муҳаммад Солиҳни давлат тузумини ағдаришга уринишда айблаган.

Юнусобод туман маҳкамасининг 1 октябрь куни журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан чиқарган ажримида Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон ташқарисидан туриб "конституцион тузумни ағдариш"ни режалагани ва айни мақсадда "Йиғим-терим" ("Жатва") номи берилган уч босқичдан иборат "инқилоб лойиҳас"и ишлаб чиқилгани иддао қилинган.

Муҳаммад Солиҳ МХХнинг ушбу даъволарини рад этган.

Тафсилотлар учун bbcuzbek.comни кузатиб боринг.