Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-12

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Набижон Боқий Сталин қатағонларига доир "Қатлнома" ҳужжатли қиссаси муаллифи.

Юртменбошининг хотира дафтари

Давоми

Шу азиз ватан барчамизники.

Юртменистон - келажаги буюк кишвар.

Янги мақолалар

Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-1

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-2

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-3

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-4

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-5

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-6

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари - 7

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-8

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-9

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-10

Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари-11

Иккинчи дафтар

101. Шикоят ва ҳикоят

Сайлов комиссиясига раис этиб қўйилган профессор адабиётшунос, Юртменистон Қаҳрамони унвонига ноил бўлган ғазалнавис Хўроз ва бошқалар сафарбар этилиб ҳикматли гапларни, келажак авлодни ҳам қойил қолдирадиган оқилона фикр-мулоҳазаларни махсус дафтарларга ёздириб олдим. Энди ўрни келиб қолса, ўша иқтибосларни ўзимнинг номимдан қайдномаларимга "ёздириб" юбораман. Келажак авлод хотира дафтаримни ўқиб, мани ниҳоятда ойдин фикрли зот экан деб ўйлайди, иншооллоҳ!

* * *

Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,

Айрилиқлардин шикоят айлагай.

Мавлоно Румий ўлмас "Маснавий"нинг биринчи дафтарини юксакдаги шоҳбайт билан бошлайди. Инчунун, "ҳикоят" билан "шикоят"ни ичдан қофия қилади. Мантиқ нуқтаи назаридан ҳам тўғри эди бу. Манимча, номага айланиб қоғозга тўкилган "шикоят" ўз-ўзидан "ҳикоят" тарзини олса, "ҳикоят" ҳам охир-оқибат "шикоят"га айланиб кетади.

Иккинчи хотира дафтаримни Мавлоно Румийнинг шоҳбайти билан бошласам, мақсадга мувофиқ бўлса керак. Ё нотўғри гапиряпманми?

101б. Оқ подшо оила-аъзолари билан қатл қилинган

Ман кўпинча ўзимни ё Ленинга, ё Сталинга ўхшатаман. Ленин бўлсам, ўлганимдан кейин пойтахтимизда ҳозир амир Темур от миниб турган жойга маним осмонўпар ҳайкалим ўрнатилади. Сталин бўлсам, ўлигимни қабримдан чиқаришиб Тошкент ташқарисидаги марказий ахлатхонага улоқтириб юборишади; мурдамни қарға-қузғунларга ем қилишади. Буни жуда яхши биламан.

Мухолифларим орқаваротдан мани Адолф Ҳитлерга ўхшатиб юради. Йўқ, ман Ҳитлерга ўхшамасам керак. Чунки Ҳитлер биргина "Манинг ғавғоларим" деган асар ёзган, холос. Умрини ўша асарида олға сурган ғояларга фидо қилган. Ман эсам, замонга қараб ғояларимни мослаштириб бораман, ҳар йили август ойида ҳаёт яхши бўлиб кетади деб оми халқни лақиллатаман; юрт обод, турмуш фаровон бўлиб кетади десам, астағфуриллоҳ, одамлар эрта баҳорда гурас-гурас бўлиб Ўрисия томонларга мардикорчиликка жўнаб кетаверади...

Доҳийларнинг тақдирини ўйласам, баъзан юрагим орқага тортиб кетади. Юртменбоши бўлиш ҳам осон эмас. Ҳаловат йўқ, одамларга ўхшаб кўчада бемалол юролмайсан, йўл четидаги ҳар бир дарахт орқасида пичоғини тишлаб олган қотил пойлаб тургандек туюлаверади...

Айрим қонхўр диктаторлар умрининг охирида бекорга восвос бўлиб қолмас экан; ҳадеб дуч келган жойдан душман қидирилса, бутун дунё душманзордан иборат бўлиб қолар экан.

Дунёнинг ишларидан ҳафсалам пир бўлиб қолса, ўтган-кетган улуғларнинг кундалигини мутолаа қиламан. Мана, ўзим ҳам кундалик ёзяпман. Бошқалар қандай ёзган экан?.. Билгим келади. Яқинда Лев Троцкий кундалиги қўлимга тушиб қолди. Кутубхона каталогини кўздан кечириб ўтирсам, қайта қуриш ва ошкоралик замонида роппа-роса бир миллион нусхада чоп этилган "Знамя" журналига дуч келдим. Бош муҳаррири Г. Я. Бакланов экан. А-ҳа, манга тутқич бермай юрган Қаламкашнинг устози Адабиёт институтини ташлаб бу журналга раҳбар бўлиб кетган экан-да! Балки, Қаламкашни ҳам ёнига чорлагандир... Хуллас, журналнинг уч-тўрт йиллик тахламини кутубхонадан олдирдим. Э-э, мутолаага шунчалик берилиб кетибманки, юрт ҳам, юртман халқи ҳам эсимдан чиқиб кетибди. 1990 йилда Лев Троцкий кундалиги чоп этилган. Хусусан, Иосиф Сталин томонидан хорижга бадарға қилинган Лев Троцкий "1935 йил кундалиги"да Россия империясини уч юз йил бошқарган Романовлар сулоласининг охирги подшоси Иккинчи Николай ва унинг оила аъзолари тақдири тўғрисида ўзи билган ҳақиқатни рўй-рост қоғозга туширади. "9 апрел" санаси қўйилган кундалик саҳифасидан кўчирма олдим:

"Бир замонлар мухолифат матбуотида подшо оиласи кимнинг фармони билан қатл қилинган деган масала қизғин муҳокама қилинган. Либералларнинг фикрига кўра гўё Урал ўлкаси Москвадан кесиб қўйилгани учун маҳаллий ижроия қўмита ўзбошимчалик билан қарор қабул қилган эмиш. Бундай бўлмаган. Қарор Москвада қонунлашган. Бу воқеа фуқаролар уруши авж олган кезларда рўй беради. У пайтларда манинг асосий вақтим фронтларда ўтарди. Подшо оиласига алоқадор хотираларим узвий эмас, узуқ-юлуқ. Эсимда қолганларини ҳозир айтиб бераман.

Романовлар сулоласининг охирги вакиллари қатл этилмасидан бир неча ҳафта олдин қисқа фурсатга Москвага келган эдим. Урал ўлкасида вазият қалтис тус олгани боис тезроқ подшони суд қилиш масаласи Сиёсий Бюрода кўрилади. Ман подшони очиқ суд қилиш керак деб таклиф қилдим; Романовлар ҳукмронлик қилган бутун давр сиёсати (ишчи-деҳқон сиёсати, миллий сиёсат, маданият масалалари, икки уруш ва бошқалар) фош этилмоғи лозим; ҳар куни суд мажлиси радио орқали мамлакат бўйлаб эълон қилиниб, суд ҳисоботи йиғилишларда кунма-кун ўқиб берилади, шарҳланади. Агар шу иш амалга оширилса, жуда яхши бўларди, дейди Ленин. Бироқ, вақтимиз етармикан? Улгурамизми?.. Бошқа ишлар ҳам бошимдан ошиб-тошиб ётгани учун бу масала юзасидан Ленин билан талашиб-тортишиб ўтирмадим. Эсимда, у пайтларда биз Сиёсий Бюро аъзолари уч-тўрт киши эдик: Ленин, ман, Свердлов... Каманев йўқ эди, шекилли. Ўшанда Ленин тушкун кайфиятда бўлиб, армияни ташкил этишимизга ҳам унчалик ишонмасди... Ман кейинги сафар Урал ўлкасининг маркази Екатеринбург қўлдан кетгач Москвага келганман. Гап орасида Свердловдан:

- Подшо қаерда? - деб сўрадим.

- Даф бўлди, - деди у, - отиб ташланди.

- Оила аъзолари нима бўлди?

- Оила аъзолари ҳам даф бўлди.

- Ҳаммасими?

- Ҳаммаси, - деди Свердлов пинак бузмасдан. - Нима бўпти?

У мандан эътироз билдиришимни кутган эди, лекин ман индамадим.

- Ким бундай қарор қабул қилди? - деб сўрадим.

- Биз қарор қабул қилдик. Ильич, ҳозирги оғир шароитда мухолифатга тирик байроқни бериб қўймаслик лозим, деди.

Давоми бор