Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари 1 ой визасиз юриши мумкин

Мирзиёев ва Раҳмон Фото муаллифлик ҳуқуқи Тожикистон ТИВ

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари виза ҳамда чегара бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда Тожикистон ҳукуматидаги манбага таяниб "Asia Plus" нашри хабар бермоқда. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Орипов Президент ташрифи олдидан икки томонлама ҳужжатларни тайёрлаш учун Тожикистонда келган.

"Эришилган келишувларга асосан яқин орада Тожикистон ва Ўзбекистон "Фуқароларнинг ўзаро сафари тўғрисида"ги янги ҳужжатга имзо чекади. Унга кўра, икки давлат фуқаролари Ўзбекистон ва Тожикистонда 1 ой муддат виза олмасдан юриши мумкин", дея Тожикистон ҳукуматидаги манбадан иқтибос келтирган "Asia Plus".

Ундан ташқари томонлар яқин орада йўловчи поезд ва автобус қатновлари ҳамда икки давлат ўртасида янги чегара назорат ўтиш нуқталари очишга келишиб олган.

Фарҳод ГЭС ҳудуди Тожикистонга ўтади

Икки ҳукумат масъуллари Фарҳод ГЭСи жойлашган ҳудудни Тожикистон ери деб тан олишга келишгани ёзилмоқда. Гидро электр станцияси эса Ўзбекистон мулки дея тан олинади.

Объектни қўриқлаш ишлари Тожикистон томонига топширилади. Унга техник хизмат Ўзбекистон томонидан амалга оширилади.

Ушбу келишувларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиёевнинг баҳорнинг бошида Душанбега амалга оширадиган расмий ташрифи давомида имзоланиши кутилмоқда.

Икки давлат ўртасида муносабатлар сўнгги 25 йил давомида ўта абгор ҳолатга келиб қолгани айтилади.

Тожикистон бир неча маротаба Ўзбекистонни темир ва автомобиль йўлларини тўсиб қўйишда айблаган.

Расмий Тошкент Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилишига қарши бўлиб келган.

2001 йили олдин Ўзбекистон, кейин Тожикистон виза режимини тадбиқ қилди.

Ҳали муваққат президент экан, Ўзбекистоннинг амалдаги янги раҳбари Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилаш истагида эканликларини айтган.

Мирзиёев Каримов даврида пайдо бўлган 20 йиллик музни эритиш осон бўлмаслигини таъкидлаган.

Ўзбекистон Президенти қўшнилар билан яхши бўлмасдан туриб бошқа давлатлар билан яқинлашиши мантиқсизлигини таъкидлаган.

"Дунё ҳамжамияти бизга нима дейди? Сен олдин қўшни билан тил топишгин, кейин сен билан дўст бўламиз, дейди. Сен қўшнинг билан тил топишмасанг, қандай қилиб биз билан дўст бўласан, дейди", деб гапирган Шавкат Мирзиёев.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002