"Тошкент пропискани бекор қилишга тайёр эмас"

Ўзбекистон фуқароси паспорти Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги масъулларига кўра, ҳозир Тошкент шаҳрида пропискани бекор қилиб бўлмайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Охирги кунларда ЎзА аксар ўзбекистонликлар учун оғриқли муаммо саналган прописка мавзусига эътибор қаратиб, бир неча мақолалар эълон қилди.

Давлат ахборот агентлиги Интернет социал тармоқларидаги муҳокамаларга ҳам ахборот, журналистик тадқиқот манбаи сифатида қарай бошлади, Интернет фойдаланувчиларининг фикр-мулоҳазалари ЎзА хабарларидан жой олмоқда.

Кўплаб қобилиятли мутахассислар Ўзбекистон пойтахтида пропискага туролмай қийналаётганлари, прописка коррупцияга йўл очиши анчадан буён эркин матбуотда айтиб келинади.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида прописка тизимининг бекор қилиниши республика ҳудудларида яхши мутахассислар тақчиллигига ҳам олиб келиши мумкин.

ЎзА Тошкент шаҳрида прописка бекор қилинадими, деган савол билан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Миграция вa фyқароликни расмийлаштириш бош бошқapмacи бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Тошхўжаевга мурожаат қилган

"Прописка" ҳақиқатан долзарб масала бўлиб турибди. Давлат дастури лойиҳасида белгиланганидек бу борада фуқароларга зарур қулайликлар яратилади. Лекин "прописка"ни бутунлай бекор қилолмаймиз. Бунга алоҳида тайёргарлик зарур. Барча ҳудудларнинг бирдек ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилиши бир кун келиб бунга ўз-ўзидан замин яратади", дея ЎзАга жавоб берган Ички ишлар вазирлиги мулозими.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ