"Тожикистонликлар Мирзиёевни тинимсиз дуо қилмоқда"

Раҳмон Фото муаллифлик ҳуқуқи Тожикистон ТИВ

Президент Мирзиёев Тожикистон билан ўртада пайдо бўлган 20 йиллик муз эриши керак, деганидан сўнг икки давлат кўп масалада келишувга эришган. Ҳукуматлар ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашуви икки давлат ўртасидаги чегарадан ўтишда ҳам ижобий ўзгаришларга олиб келгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда фикр қолдираётган ўзбекистонликлар Каримов давридаги ва ҳозир ўзбек-тожик чегарасидаги аҳволни солиштирган.

Ўзбекзабон Facebook да анча фаол бўлган блоггер Саййид Ислом тоғасининг Тожикистондан туширган келини чегарада дуч келган ҳолатлар ҳақида ёзган.

"Тоғам Тожикистондан келин туширганлар. Келин ойим қарийб йигирма йил шу ерда яшашига қарамай, ҳалигача фуқаролик ололмаган. Ҳар ой Тожикистонга бориши бир азоб. Виза масаласи, чегарадаги ноқулайликлар... У ёқдагиларни келиши ундан ҳам катта муаммо. Айниқса тўй ҳашамларда жуда қийналади, бечора.

Куни кеча бир нарса айтиб берди:

"Ўтган йили чегарадан ўтиб, Тожикистонга бордим. Қайтишда Тожик чегарачиларидан ўтдим. Тожик ва Ўзбек чегарасигача анчагина пиёда юрадиган масофа бор. Нейтрал ҳудуддан токи Ўзбек чегарасига қадар, қўлида сумкалари билан ёшлар ҳам чарчаб қолади. Қарияларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади.

Ўзбек чегарасига бир амаллаб етиб келдим. Мени ёнимда қари чол-кампирлар ҳам бор эди. Кампири чарчаб, чегарачилар олдида ўтириб қолди. Мадори қолмади ортиқ юришга.

Чегарадаги солдатлардан бири: "тур ўрнингдан, катта холангни уйими? Қани, тез тур, жўна", деб бақира бошлади.

Қўпол муомала, уни устига отаси тенги одамга сансираб мурожаат қилиши жаҳлимни чиқарди.

"Хой, ука, сизни ҳам ота-онангиз бордир, уялмайсизми бундай дейишга?", деб гапимни тугатишга ҳам улгурмадим, ёнидаги шериги "бизни ота-онамиз сенларникига ўхшаб бундай хор бўлиб юрмайди, тез жўна, эй, ... тожиклар", деди.

Бояги чол кампирини амаллаб тургазиб, юриб кетди. Аёл бошим билан индай олмай мен ҳам ўтиб кетдим...

Йиллар давомида мана шундай муомала ва қийин шароитларда бориб-келавериб эзилиб кетдик. Чегарачилар одам ҳисобида кўрмас эди.

Алҳамдулиллаҳ, ўтган ҳафта яна бориб келдим. Ҳудди Ўзбекистон эмас, бошқа давлатга ўтиб қайтаётгандай ҳис қилдим ўзимни. Хушуомала, жуда самимий сўзлашишлар.

Чегарачилар қарияларга сув беряпти. Нарсаларини олиб ўтиб беряпти. Ҳаттоки "хуш келибсизлар" деб айтишни ҳам унутишмаяпти.

Биргина шахс шундай катта ўзгаришларга сабаб бўляпти. Тожикистонда ота-оналаримиз тинимсиз Ўзбек раҳбарини дуо қилишяпти. Эҳтимол, менинг йигирма йиллар давомида чегарадаги қийинчиликларимни билмаган одам, бу гапларни ҳис этмас. Аммо ичимдан ўтаётганини ўзим биламан. Кимлар учундир бу арзимас нарса, мен учун жуда катта ўзгаришдир".

Мана шунақа гаплар. Аллоҳ қўшниларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкам қилсин. Давлат раҳбарига инсоф берсин. Ҳайрли ишларда бардавом қилсин. Икки қардош миллатни қийинчиликлари ортда қолгани рост бўлсин", деб ёзади Саййид Ислом.

Олдинроқ Панжакент чегара ўтиш нуқтаси очитлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиқди.

Шермамат Жалилов чегара бўйлаб яшовчи қариндошлар 500 чақирим босим бир-бирини кўришга мажбур бўлаётганини ёзади.

"Самарқандни Ургути билан Панжакент тумани чегара. Чегарани уёғи ҳам ўзбеклар бу ёғиям. Қиз олиб, ўғил уйлантириб, қуда-анда эди кўпчилик. Шахсан қайнисинглим Панжакентга келин бўлиб тушган. Болалари улғайиб катта бўлиб уйлантирди. Қиз чикарди. Қайнонамиз бир азобда Бекобод орқали виза қилиб 50км йўлни 550км қилиб бориб келар эди. Иншоллоҳ энди яхши бўлар", дейди Шермамат Жалилов.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek