"МХХ тарқатилсин, кадрлар бошқатдан саралансин"

Рустам Иноятов 1995 йилдан бери МХХ раиси бўлиб ишлайди Фото муаллифлик ҳуқуқи official
Image caption Рустам Иноятов 1995 йилдан бери МХХ раиси бўлиб ишлайди

Шавкат Мирзиёев Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг кейинги сафарги кенгайтирилган тартибдаги йиғилиши Миллий хавфсизликка бағишланишини айтди. BBCUZBEK.COM Миллий хафвсизлик хизмати борасида қандай ўзгаришлар бўлишини сўраб ўқувчиларга юзланди.

Facebook да фикр қолдирганлардан бири МХХ ичида диндорлар кўпайиши керак дейди.

"МХХ ичида диндорлари кўпайиши, намоз, рўза амаллари эркин бўлишини хоҳлаймиз. МХХ диндорларни таъқиб қилиши, диний мотивлар билан мусулмонларни хўрлашига чек қўйиш вақти келди. Одамлар динимиздан узоқлашган сари жаҳолат жарига қараб кетаётганини англаш вақти келди. МХХ деганда халқ қўрқиши эмас аксинча ишонч хосил бўлиши, хотири жам бўлиши керак" дейди у.

Facebook фойдаланувчиси сўзларига Туркия давлатини мисол сифатида келтирган.

"Туркия бунга яққол мисол. Туркияга саёҳат қилиб борган давримизда масжидларда форма кийиб белидаги тўппончаси билан бемалол намоз ўқишганига гувоҳмиз. Турк халқи ҳам бирдам, уювушган, бир-бирини қўллаб қувватлаган эканлиги таҳсинга лойиқ. Лекин қанча қанча диндорлар, сўфилар, тариқатчилар бўлишига қарамай давлат қўл остидаги халқ тинч ва осуда яшайди. Бизда эса аксинча. Ҳар қандай масжидга борсангиз кузатяпти, соқолимга қараяпти деган ҳадик бўлади", деб ёзган у.

Matlyuba Muhammad МХХни тарқатиб юбориш ва кадрларни бошқатдан саралаш таклифини олдинга сурган.

"МХХ ни тарқатиб ҳақиқий ватанимиз, халкимиз, бойлигимиз, динимиз, ёшларимизни ташқи душманлардан ҳимоя қила оладиган ёш, малакали, мард ўғлонларни саралаб олиш шарт!!! Ўғри, қонхўр, қотил, одамхўрлардан бутунлай йўқ қилиниши зарур, етар шунча бегуноҳ ёшларни қони, жони, оналар, бева аёлларнинг ва тирик етим болаларнинг оху-фарёди", дейди Matlyuba Muhammad.

Rahimjon Turdiyev архивларни очиш кераклигини ёзган.

"СССР тарқатилганда архивни қайта ўрганилган эди, тарих ҳам очилганди. Яна шу ишни қайта амалга ошириш керак. Ҳозир қамоқда ётганларни қанчаси айби бор қанчаси бегуноҳ осонгина маълум бўлади".

Фикр қолдирувчилардан бири МХХ ходимларини миллий бойликларни ўзлаштиришда кўмакчи бўлганини айтади.

"Миллий бойликларни Хусусийлаштириш Хизмати керак эмас. Миллатдошни хам жонини, хам обрусини, хам молини Ҳимоя Хизмати керак. Миллий динни йўкотиш Ҳаракати Хизмати керак эмас. Миллатдошни динини Ҳимоя Хизмати керак. Миллатни барча бойликларини тийин тийинигача Миллатдошларга кайтиб берсин агар ким олган булса хам. Ёки тийин тийинигача армиямизга ва ноҳақ камалганларни моддий зарарини қоплашга сарфлансин ва бошқа бундай ишга руҳсат ва имкон берилмасин. Бутун ташкилот миллатни ўрнига битта ёки бир нечта одамга хизмат қиладиган хафсизлик хизмати керак эмас. Фақат ва фақат миллатга хизмат киладиган ташкилот керак", дейди фикр қолдирувчилардан бири.

Азиз Ражаматов МХХ ўз ишини қилиши кераклигини, айни дамда МХХ кўп нарсаларга аралашиб ваколатлари кенгайиб кетганини айтган.

Чак Чак Норис номли фойдаланувчи ҳозир МХХ ходимлари пистачиларни ҳам тинч қўймаётганини айтган.

"Бурун КГБ ходимини ҳеч ким билмас ва танимас эди. Энди эса СНБни маҳаллада, кўча-кўйда ҳамма танийди. Автобусда ҳам танитади ўзини. Милициядан бадтар, бозорчи, хатто пистачиларни ҳам қўймайди. Баралла мен СНБ ман деб ГАИга ҳам, сартарошга ҳам гапираверади. Гувоҳномасини кўрсатмаган ери йўқ. Бунақада шпионларни қандай тутади, ё унақа иш қилмайдиларми", дейди у.

Jamshid Turdiyev тўғри келган жойга аралашиб кетавермаслиги учун МХХ низомини бошқатдан тузиш кераклигини таъкидлаган.

"МХХ эски ҳолича қолишини истаймиз, илтимос. Эски ҳолида қолмаса, аввалгидан бадтар ёмонроқ бўлиши мумкин", дейди Azamat Azamatovich.

Зайд Джавхарович Залимов номли фойдаланувчи "Тезроқ ҳал бўлсин масала. Кутавериб бу кунларни кўзларимиз тўрт бўлди-ку. Бу МХХ ни орқасидан беайб фуқароларни қанчаси чет давлатлардан қайта олмаяпти", деб ёзган.

Шавкат Мирзиёев 22 декабр куни парламентга мурожаатида мамлакатнинг қудратли хавфсизлик хизматлари ислоҳ қилинишини эълон қилди.

Бу Мирзиёевнинг ҳокимиятга келганидан Миллий хавфсизлик хизматини биринчи марта танқид қилиши, дея баҳоланган.

Бунга қадар давлат раҳбари бошқа куч тизимлари фаолиятини кескин танқид қилган, аммо Ўзбекистоннинг энг қудратли шахсларидан ҳисобланган генерал Рустам Иноятовнинг идораси бу танқидлардан четда қолаётганди.

Мирзиёевнинг айтишича, МХХнинг ваколатлари асоссиз равишда кенгайиб кетган ва чекланиши керак.

У МХХ 26 йил олдинги низом асосида ишлаб келаётгани ва унинг фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун қабул қилиш вақти келганини таъкидлади.

"Ҳар қандай оддий ҳаракат ҳам МХХга қарши деб баҳолаб келинган. Ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган. МХХ фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келди. Шу сабабдан МХХ фаолияти тўғрисида қонунни ишлаб чиқиш вақти келди",- деб айтди Президент.

Мирзиёев собиқ шўро КГБсининг меросхўри бўлган МХХнинг ўтмишига ҳам ишора қилган.

"Шу тизим ичида ўзим ҳам ўсганман. Худодан сўраймиз, у кунлар қайтиб келмасин энди", - деган Президент.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek