Мирзиёев Ақтўбе фожиасида давлат раҳбариятини айблади

автобус Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Шавкат Мирзиёев Ақтўбеда Россияга ишлаш учун кетаётган 52 ўзбекистонликнинг автобусда ёниб, ҳалок бўлишига муносабат билдирди. Мирзиёев одамларнинг ўзга юртларда сарсон бўлишида давлат раҳбарияти камчиликларни ўз вақтида бартараф қилмаганини сабаб қилиб келтирди.

"Мана кеча бўлган фалокатлар ҳам кўп нарсани одамга далолат қилади. Халқимизнинг олдида қарзимиз жуда-жуда кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрибди. Бу давлатчилик, давлат раҳбарияти, ҳамма тизимдаги раҳбарларнинг энг катта хато ва камчиликларни ўз вақтида қилмаганидан далолат", деб айтган Президент.

Видеони BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида томоша қилинг

Мирзиёев ўзга юртларга ишлашга кетаёган одамлар бир сўм пул топиш илинжида кетаётганини таъкидлаган.

"Бегона юртларда сарсон-саргардон юриш» деган гап бекорга эмас. У бечораларнинг ҳам Худодан умиди бор, не ниятлар билан боламни боқаман, отамга бир сўм олиб келаман, деб кетган. Ёш-ёш йигитлар деяпти. Ёш-ёш йигитлар. Ҳаммамизнинг мўмин мусулмонлар, ҳаммаси ўзбекистонликлар. Албатта, одам жуда катта қайғуда. Ота-оналарига ҳамдардлик юбордик".

Жасадлар Ўзбекистонга олиб келинди

18 январ куни Қозоғистонннинг Ақтўбе вилоятидаги Ирғиз тумани орқали ўтувчи Чикент-Самара йўналишида 55 ўзбекистонлик ва 3 қозоғистонлик ҳайдовчиси бўлган Сетра русумли автобус ёниб кетганди.

Натижада ҳожиса жойида 52 киши ҳалок бўлган, 5 киши жон сақлаб қолганди.

19 январ маҳаллий вақт билан 22:23 да автобусда ёниб кетган 52 ўзбекистонликнинг жасади ҳарбий учоқда олиб келинган.

Шу вақтгача 49 ўзбекистонликнинг шахси аниқланган.

Уларнинг орасида ака-ука ва ота-бола ҳам бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи daryo.uz

Шахси аниқланганларнинг 31 нафари Наманган вилоятидан. Фарғонадан 15 киши, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда Андижон вилоятидан 1 кишидан ҳалок бўлган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар