"Навоийдаги қийноқлар Мирзиёевнинг шахсий назоратида"

Қийноқлар ва суд ҳукмидан норози ота-оналар Тошкентда намойиш ўтказганди Фото муаллифлик ҳуқуқи Malokhat Eshonqulova
Image caption Қийноқлар ва суд ҳукмидан норози ота-оналар Тошкентда намойиш ўтказганди

Навоийдаги тергов изоляторида даҳшатли қийноқларга тутилгани айтилган 6 фуқаронинг ишини Президент Мирзиёев ўз назоратига олган. Қийноқлар натижасида юролмай қолган Ҳасан Арзиевнинг онаси ва бошқа ота-оналар 18 январ куни Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов қабулида бўлган.

Ҳасаннинг онаси Инобат Арзиеванинг BBCUZBEK.COM га айтишича, вилоят ҳокими билан учрашувга вилоят прокурори, ички ишлар бошқармаси раҳбари ҳамда вилоят суд раиси ҳам қатнашган.

Суҳбатни тинглаш учун BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналига боринг

"Вилоят ҳокими нима бўляпти, нима гап, сизларнинг арзларингиз Президентимизгача борибди. Селекторда Президент "нима бўляпти Навоийда? Ота-оналар нимага бунча қайғуриб менга шикоят аризаси ёзаяпти", дедилар. Мен у кишига ҳисобот топширишим керак. Шунинг учун сизларни чақирдим. Сизларнинг шикоятларингизни мен тинглайман, нима дардларингиз бор дедилар", дейди Инобат Арзиева.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
"Навоийдаги куч тизимларига Мирзиёевнинг кучи етмайдими?"

Вилоят ҳокими фарзандлари қийноқларга тутилган ота-оналарнинг гапларини бирма-бир тинглаган. Уларнинг гапларини видеога тушириб олган.

"Бўлаётган воқеани Президентимизга тақдим этаман. Ҳамма дардларингизни етқазаман, дедилар", дейди Инобат Арзиева.

Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов учрашувда оқни оққа ва қорани қорага ажратишга, ҳамда қийноқ қўллаганларга жазо беришга ваъда берган.

Қийноқлардан шикоят қилаётган ота-оналар илк бор 28 январ куни Олий суд раиси Козимжон Комилов қабулида ҳам бўлган.

Суд раисининг ёрдамчиси унга 6 кишининг қийноқларга тутилиш ортидан айбига иқрор бўлишга мажбур бўлганлиги тўғрисида шикоятларни ўқиб берган.

Козимжон Комилов Ўзбекистоннинг айрим қонунларига ўзгартиришлар киртилгани ва ушбу ўзгартиришлар 1 апрелдан кучга киришини маълум қилган.

Олий суд раиси ота-оналардан 1 апрелгача кутишни сўраган ва ўшанда ушбу иш қайтадан кўриб чиқилиб, фарзандлари айбсиз бўлса ёки қийноқлар остида айбига иқрор бўлгани исботланса уларни суд залидан озод қилишга ваъда берган.

Навоий вилоят маҳкамаси сўнгги 3 йил ичида экстремизм ва терроризмда айблаб Россияда ишлаб келган 6 кишини 6 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Тергов давомида майиб қилинган фарзанднинг онаси Мирзиёевга мурожаат қилди

Уларнинг бошлиғи сифатида Ҳасан Арзиев айбланган.

Терговчи Мақсуд Фармонов уларни Суриядаги ИШИДга одам ёллашда айблаган. Диндор сифатида талқин қилинган йигитларнинг бирортаси ҳам намоз ўқимаган. Онасининг айтишича, Ҳасан Арзиев фарзандликсиз сабаб спиртли ичимлик ичиб юрган.

6 йигитнинг бир жиноий иш атрофида бирлаштирилишига эса уларнинг Россияда бир-бирини таниши ва маълум муддат бир квартирада яшаганлиги сабаб бўлган.

Инобат Арзиеванинг айтишича, йигитларни айбига даҳшатли қийноқлар ва таҳдидлар остида иқрор қилишган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek