Муҳаммад Солиҳ: "Зиндонлардан МХХ маҳбусларини чиқаринг"

Муҳммад Солиҳ

МХХ нинг 23 йиллик раиси Рустам Иноятовнинг ишдан кетиши ортидан 1 ойдан бери муаллақ қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев ишида силжиш бўлган. Туркияда истиқомат қилаётган мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон Президентига мурожаат қилиб, Рустам Иноятов бошчилик қилган даврда МХХ айбловлари билан қамоқхоналарга ташланган маҳбусларни озод қилишга чақирди.

Мурожаат адолат тантанасини кутаяпмиз, деб бошланади.

Мурожаатни BBCUZBEK.COM нингYouTube даги каналида томоша қилинг

Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси "ўз қалами билан Каримов режимига қарши курашган, янги ҳукуматга хайрихоҳ журналистлар Бобомурод Абдулла, Ҳаётхон Насриддинов, Акром Маликов, Дилмурод Саидов ва ўз эътиқоди учун зиндонларда чиритилаётган мингларча бошқа мусулмонлар"ни озодликка чиқаришни сўраган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Муҳаммад Солиҳ: 'Мирзиёев мухолифатга умид берди'

"Узоқ йиллардан бери Ўзбекистондаги авторитар режимнинг репрессив қиёфасини ўзида мужассамлантирган Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовнинг вазифасидан узоқлаштирилиши аҳоли ўртасида мисли кўрилмаган севинч билан қарши олинди.

Инсон ўз қилмишлари билан халқ орасида муҳаққақ ёки ҳурматга ва ёки нафратга сазовор бўлишини бу воқеа яққол кўрсатди.

Бу мулозимга қарши Интернет тармоқларида юз кўрсатган халқ нафратининг нақадар хайбатли ва ҳалокатли бўлиши мумкинлигига гувоҳ бўлдик.

Аллоҳ бундай шармандаликни бандасига кўрсатмасин!

Энди бу шахс қолдирган чиркин меросни ўртадан олиб ташлаш керак.

Энди у бошқарган ташкилот зиндонларида ва ҳужраларида ҳали ҳам қийноққа солинаётган маъсум инсонларни қутқариш лозим.

Адолатнинг тантанаси биринчи навбатда МХХ ва унинг ишдан олинган раҳбари буйруғи билан ҳибсга олинган сиёсий маҳкумларни озод этишдан бошланиши керак.

Булар ўз қалами билан Каримов режимига қарши курашган, янги ҳукуматга хайрихоҳ журналистлар Бобомурод Абдулла, Ҳаётхон Насриддинов, Акром Маликов, Дилмурод Саидов ва ўз эътиқоди учун зиндонларда чиритилаётган мингларча бошқа мусулмонлардир.

Бу мавзуда мен тўғридан Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилмоқчиман:

Ҳурматли Президент, юқорида саналган қалам соҳибларининг айбсиз эканини сиз ҳам муҳаққақ биласиз.

Улар ҳаётининг ҳак ва ҳуқуқсиз, қийноқлар остида кечган ҳар дақиқаси ҳаммамизнинг виждонимизда бир яра бўлиб сизламоқда.

Виждонларимизга ягона малҳам - адолатнинг тантанаси бўлиши мумкин холос. Бу ишни амалга ошириш саодати бугун сизга кулиб боқаяпти. Бу гўзал имконни қўлдан бой берманг ва маҳкумларни озод қилинг!", - деб мурожаат қилади Муҳаммад Солиҳ.

Би-би-си олдинроқ "давлат тўнтаришида" айбланаётган ва Усмон Ҳақназавро тахаллуси остида ёзган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ишида Иноятов ишдан олингач ўзгариш бўлгани ҳақида ёзганди.

Журналистнинг тергови тугаганига 1 ойдан ошган бўлса-да, иши тасдиқланиш учун прокуратурага юборилмай келаётганди.

2 феврал куни Бобомурод Абдуллаев ишини олиб бораётган терговчининг ёрдамчиси Александр Веселов журналистнинг хотини Қутлиқиз Балхибаевага иш 6 феврал куни Бош прокуратурага тасдиқлатиш учун юборилишини маълум қилди.

Журналистнинг тергов-суриштирув ишлари 27 декабрда тугаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромовнинг айтишича, тергов тугаши билан иш чўзиб ўтирмасдан прокуратурага тасдиқлатиш учун юборилиши керак.

"Бунақаси ҳали бўлмаган. Тергов тугаганига бир ойдан ошди. Аммо улар нима қилишни билмай ҳали ҳам ишни прокуратурага оширгани йўқ. Иноятов кетганидан кейин журналистнинг хотинига иш 6 феврал куни Бош прокуратурага оширилишини маълум қилишибди", дейди у.

Инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромов Би-би-сига тақдим этган қарор нусхасидан маълум бўлишича, судъя Шамсуддинова Э.Р раислигида ўтган маҳкама Бобомурод Абдуллаев "2011 йилдан шу кунгача" "Усмон Ҳақназар" тахаллуси остида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳнинг "буюртмаларини бажариб келгани"ни аниқлаган.

Маҳкама аниқловига кўра, "амалдаги тузумни босиб олишга чақирувчи" мақолалар интернет орқали Муҳаммад Солиҳга етказиб турилган.

Маҳкама Бобомурод Абдуллаевни "ЎХҲ функционери" деб атаган.

Тергов Бобомурод Абдуллаевнинг асосий манбалари Салаев Равшанбек Бойжонович ва Оллоёров Шавкатжон Оллоёр ўғли исмли Ўзбекистон фуқаролари эканини айтган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Бобомурод Абдуллаев ҳибсга олинишидан олдинроқ ушланган блоггер Акром Маликов ҳамда кейинроқ МХХ томонидан ушланган журналист ва ўқитувчи Ҳаёт Насриддинов ишлари бир қилиб кўриб чиқилаётганини айтишади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek