Бобомурод Абдуллаевнинг онаси: "Боламнинг орқаси моматалоқ бўлиб кетган"

Гавҳаржон ая Мадаминова ўғлининг қийноққа тутилганини айтмоқда
Image caption Гавҳаржон ая Мадаминова ўғлининг қийноққа тутилганини айтмоқда

МХХ ҳибсхонасида қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев онаси Гавҳаржон ая Мадаминовага МХХдаги қийноқлар ҳақида гапирган. МХХ терговчилари қўйилаётган айбни тан олмаса журналистнинг ўлиги чиқишини айтиб таҳдид қилган.

Журналист ҳолати ҳақидаги ҳар қандай маълумотнинг ташқарига чиқарилишидан сўнг қийноқлар авж олаётганини билдирган.

Гавҳаржон ая Мадаминова 10 январда МХХнинг Гвардейскийдаги ҳибсхонасида ўғли билан учрашув тафсилотларини очиқлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган журналистнинг онаси ўғли билан учрашгандан бери уйқуси қочганини айтган.

"Боламдан нима учун адвокат Мойоров хизматидан воз кечдинг, деб сўраганимда. Мени шунга мажбурлашди, деди. 14 декабрда Мойоров келганда менинг орқаларим моматалоқ бўлиб кўкариб ётганди. Мойоров кийимингизни ечиб кўрсам бўладими, деса, йўқ деб кўрсатмадим. Онажон сиздан илтимосим шу. Бу ердан чиққандан кейин ҳеч кимга ҳеч нарса деманг. Болам яхши экан деб қўяверинг, деб айтди", дейди Гавҳаржон ая Мадаминова Мирзиёевга қилган мурожаатида.

МХХ терговчилари Бобомурод Абдуллаевнга бўйнига қўйилаётган айбловларни тан олмаса, тергов изоляторидан ўлиги чиқишини айтган.

"Суд давомида ҳам мен шуларнинг қўл остида бўларканман. Агар бўйнингга олмасанг, бу ердан тирик чиқмайсан, дейишди. Шунинг учун иложим йўқ, онажон, ҳеч қаерга мурожаат қилманг. Фақат Худодан сўранг, деди. Кейин кийимини кўтариб орқаларини кўрайин, деб кийимини кўтармоқчи бўлсам, қўлимни итариб, қўйинг, деди. Унинг рўпарасида МХХ ходими қараб турарди", дейди Гавҳаржон ая Мадаминова.

10 январ кунги учрашувда Бобомурод жуда ҳам озғин, кўзлари ичга кириб кетган, қўлларидаги томирлари санайдиган даражада чиқиб кетган ҳолатда кўринган.

Гавҳаржон ая Мадаминова ўғли билан учрашганидан сўнг стресс ҳолатда юргани, тунлари ухлай олмаётгани ва фарзандини ўйлаётганини айтган.

У ўғлининг илтимосига қарамасдан, Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига Президент порталига ариза тайёрлаб беришни сўраб мурожаат қилишга аҳд қилган.

"У ушбу аризасини МХХнинг янги раиси Ихтиёр Абдуллаев ва Бош прокурор Отабек Муродов кўриб чиқишидан умид қилмоқда", деб ёзилади хабарда.

Олдинроқ МХХ раиси Рустам Иноятов лавозимидан олиниши ортидан Бобомурод Абдуллаев ишида силжиш бўлаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Журналистнинг тергови тугаганига 1 ойдан ошган бўлса-да, иши тасдиқланиш учун прокуратурага юборилмай келаётганди.

2 феврал куни Бобомурод Абдуллаев ишини олиб бораётган терговчининг ёрдамчиси Александр Веселов журналистнинг хотини Қутлиқиз Балхибаевага иш 6 феврал куни Бош прокуратурага тасдиқлатиш учун юборилишини маълум қилди.

Журналистнинг тергов-суриштирув ишлари 27 декабрда тугаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромовнинг айтишича, тергов тугаши билан иш чўзиб ўтирмасдан прокуратурага тасдиқлатиш учун юборилиши керак.

"Бунақаси ҳали бўлмаган. Тергов тугаганига бир ойдан ошди. Аммо улар нима қилишни билмай ҳали ҳам ишни прокуратурага оширгани йўқ. Иноятов кетганидан кейин журналистнинг хотинига иш 6 феврал куни Бош прокуратурага оширилишини маълум қилишибди", дейди у.

Сурат Икромовнинг айтишича, Иноятовнинг қудратдан кетиши атрофидаги миш-мишлар Абдуллаев ишини олиб бораётганларни иккилантириб қўйган. Уларда кейинги қадам қандай бўлиши ҳақида тасаввур бўлмаган.

"МХХ нима қилишни билмай қолиб боши қотган. Иноятовнинг лавозимидан кетиши Бобомурод Абдуллаевнинг ишига таъсир қилади. Бироқ Иноятовнинг сенат аъзоси ва Президент маслаҳатчиси бўлиб қолиши журналист ишида биз кутган натижани бермаслиги мумкин", дейди Сурат Икромов.

Ҳуқуқ фаолининг таъкидлашича, Бобомурод Абдуллаев каби ишларда терговчи ҳал қилувчи рольни ўйнамайди. Уларга тепадан бу борада топшириқ берилади. МХХнинг янги раҳбари Ихтиёр Абдуллаевнинг барча ишни ўз назоратига олиши учун эса бироз вақт керак.

"Ихтиёр Абдуллаев янги лавозимига мослашиб, танишиб чиқиши учун 10-15 кун вақт керак. Шундан сўнг Бобомурод Абдуллаев ишида ижобий ўзгариш бўлишига умид қилса бўлади. Бироқ умидларимиз қанчалик ўзини оқлаши ҳозирча номаълум", дейди Сурат Икромов.

Инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромов Би-би-сига тақдим этган қарор нусхасидан маълум бўлишича, судъя Шамсуддинова Э.Р раислигида ўтган маҳкама Бобомурод Абдуллаев "2011 йилдан шу кунгача" "Усмон Ҳақназар" тахаллуси остида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳнинг "буюртмаларини бажариб келгани"ни аниқлаган.

Маҳкама аниқловига кўра, "амалдаги тузумни босиб олишга чақирувчи" мақолалар интернет орқали Муҳаммад Солиҳга етказиб турилган.

Маҳкама Бобомурод Абдуллаевни "ЎХХ функционери" деб атаган.

Тергов Бобомурод Абдуллаевнинг асосий манбалари Салаев Равшанбек Бойжонович ва Оллоёров Шавкатжон Оллоёр ўғли исмли Ўзбекистон фуқаролари эканини айтган.

Маҳкама қарорида айтилишича, бу икки шахс Бобомурод Абдуллаевнинг танишлари бўлган ва улар "қўриқланадиган шахслар, йирик ишбилармонлар ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбариятига кириш имконига эга бўлганлар".

Маҳкамага кўра, улар ўзлари "етказган маълумотлар ҳокимиятни ноқонуний йўл билан босиб олишда ишлатилишини билганлари ҳолда Бобомурод Абдуллаев учун, унинг топшириғи билан материаллар тўплашган ва унга етказиб турганлар.

Журналист Бобомурод Абдуллаев расман "Усмон Ҳақназар"имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek