"Бобомурод Абдуллаевнинг аҳволидан жиддий хавотирдамиз"

Бобомурод Абдуллаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Ўзбекистонлик фаоллар МХХ ҳибсхонасида қийноқларга тутилгани айтилган журналист Бобомурод Абдуллаев аҳволидан хавотир билдириб чиқишди. Улар МХХ раиси Иноятов ишдан кетиши ортидан барча диний ва сиёсий маҳбусларни озод қилиш таклифини билдиришди.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Атаева Ўзбекистонда МХХ ҳибсхонасида қийноқларга солинаётгани айтилган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирмоқда.

Надежда Атаеванинг мурожаатини BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида томоша қилинг

"Ўзбекистонда фергана.ру мухбири Бобомурод Абдуллаевнинг тергов иши ниҳоясига етди. Тергов 4 ойдан кўп давом этди, уч адвокат ишга кириша олмади ва терговда қатнашолмади. Жамоатчиликка ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига маълум бўлишича, адвокатнинг Абдуллаев билан учрашувлари чоғида МХХ вакили ҳамиша иштирок этган ва бу Бобомуроднинг яқинлари ва ҳимоячиси билан мулоқотини қаттиқ чегаралаган", дейди Надежда Атаева.

У Бобомурод Абдуллаевнинг МХХнинг бошқа маҳбуслари сингари қийноқларга тутилаётган бўлиши мумкинлигини айтган.

"Кўп ишоралар ва МХХ ҳисбхонасида ушланган кўп собиқ маҳбуслар кўрсатмасига кўра, биз бу муассасаларда қийноқлар мунтазам равишда қўлланиши ҳақида маълумот олганмиз. Шу сабабдан биз Абдуллаевнинг аҳволидан жиддий хавотиримизни изҳор қилмоқчимиз", дейди ҳуқуқ фаоли.

У бу иш БМТнинг инсон ҳуқуқлари олий комиссари ва қийноқлар бўйича махсус маърузачиси ва фикр эркинлиги бўйича маърузачиси ва барча демократик давлатларнинг дипломатик миссиялари эътиборига молик иш деб билишини таъкидлаган.

"Абдуллаев тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон тушунадики, Бобомуроднинг озодлиги учун курашиш билан ҳар биримиз ўз фикримизни эркин изҳор қилиш ҳуқуқимиз учун курашамиз", дейди у.

Олдинроқ 10 январ куни ўғли Бобомурод Абдуллаев билан МХХ ҳибсхонасида учрашган Гавҳаржон Мадаминова Шавкат Мирзиёевга видео мурожаат йўллаб ўғлининг даҳшатли қийноқларга тутилганини ҳақида гапирган эди.

Маълум бўлишича, журналист яқинлари томонидан тайинланган адвокатлардан МХХ терговчилари томонидан аёвсиз калтакланиш ва таҳдидлар ортидан воз кечишга мажбур бўлганини айтган.

"14 декабрда Мойоров келганда менинг орқаларим моматалоқ бўлиб кўкариб ётганди. Мойоров кийимингизни ечиб кўрсам бўладими, деса, йўқ деб кўрсатмадим. Онажон сиздан илтимосим шу. Бу ердан чиққандан кейин ҳеч кимга ҳеч нарса деманг. Болам яхши экан деб қўяверинг", деб журналистнинг онаси ўғлининг гапларидан иқтибос келтирган.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон МХХ раиси Рустам Иноятов вазифасидан озод қилингач янги раҳбариятга мурожаат билан чиқди.

Мурожаатни BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида томоша қилинг

"Шу кунларда тарихий даврда яшаяпмиз. Мамлакатда сиёсий, диний вазиятни тузатиш бўйича қилинаётган ҳаракатлар кейинги паллаларда сезиларли даражада кучайди. Фурсатдан фойдаланиб, мен янги раҳбариятимиздан сиёсий ва диний маҳбуслар масаласини ижобий ҳал қилишларини сўрайман", деб айтади у.

Ёзувчи қарийб 25 йилдан бери қамоқда қолаётган ва суд томонидан берилган муддати тугашига қарамасдан янги муддат қўшиб берилаётган қўқонлик диний уламо Муҳаммад Ражаб, МХХ тергов изоляторида қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев ва блоггер Акром Маликларнинг озод қилинишини сўраган.

"Қўқонлик имом домла Муҳаммад Ражаб яқин чорак асрдан бери қамоқда ётибдилар. Арзимас сабаб ва айблар билан асосий муддатлари тугаб кетганига қарамай бир неча муддат узайтириб берилган. Қанча тез чиқарилса манга бу куннинг шукуҳига ярашади. Яқин йиллар ва ойларда қамалган бир неча сиёсий маҳбуслар бор. Масалан, журналист Бобомурод Абдулла ундан олдинроқ, олим йигит Акром Малик ва исмлар санайман деса жуда кўп. Буларни энди ўз даврида бўлар бўлмас айблар билан айблашди. Бугунги ислоҳотлар ва бугун халқнинг руҳини кўтариб турган бир паллада бу инсонларнинг ва бу инсонларга ўхшаган минглаб ватандошларимизнинг ҳибслардан озод бўлишлари мана шу чиройли даврга ярашадиган олийжаноб иш бўлган бўларди", дейди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

Олдинроқ МХХ раиси Рустам Иноятов лавозимидан олиниши ортидан Бобомурод Абдуллаев ишида силжиш бўлаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Журналистнинг тергови тугаганига 1 ойдан ошган бўлса-да, иши тасдиқланиш учун прокуратурага юборилмай келаётганди.

2 феврал куни Бобомурод Абдуллаев ишини олиб бораётган терговчининг ёрдамчиси Александр Веселов журналистнинг хотини Қутлиқиз Балхибаевага иш 6 феврал куни Бош прокуратурага тасдиқлатиш учун юборилишини маълум қилди.

Журналистнинг тергов-суриштирув ишлари 27 декабрда тугаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромовнинг айтишича, тергов тугаши билан иш чўзиб ўтирмасдан прокуратурага тасдиқлатиш учун юборилиши керак.

"Бунақаси ҳали бўлмаган. Тергов тугаганига бир ойдан ошди. Аммо улар нима қилишни билмай ҳали ҳам ишни прокуратурага оширгани йўқ. Иноятов кетганидан кейин журналистнинг хотинига иш 6 феврал куни Бош прокуратурага оширилишини маълум қилишибди", дейди у.

Сурат Икромовнинг айтишича, Иноятовнинг қудратдан кетиши атрофидаги миш-мишлар Абдуллаев ишини олиб бораётганларни иккилантириб қўйган. Уларда кейинги қадам қандай бўлиши ҳақида тасаввур бўлмаган.

"МХХ нима қилишни билмай қолиб боши қотган. Иноятовнинг лавозимидан кетиши Бобомурод Абдуллаевнинг ишига таъсир қилади. Бироқ Иноятовнинг сенат аъзоси ва Президент маслаҳатчиси бўлиб қолиши журналист ишида биз кутган натижани бермаслиги мумкин", дейди Сурат Икромов.

Ҳуқуқ фаолининг таъкидлашича, Бобомурод Абдуллаев каби ишларда терговчи ҳал қилувчи рольни ўйнамайди. Уларга тепадан бу борада топшириқ берилади. МХХнинг янги раҳбари Ихтиёр Абдуллаевнинг барча ишни ўз назоратига олиши учун эса бироз вақт керак.

"Ихтиёр Абдуллаев янги лавозимига мослашиб, танишиб чиқиши учун 10-15 кун вақт керак. Шундан сўнг Бобомурод Абдуллаев ишида ижобий ўзгариш бўлишига умид қилса бўлади. Бироқ умидларимиз қанчалик ўзини оқлаши ҳозирча номаълум", дейди Сурат Икромов.

Инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромов Би-би-сига тақдим этган қарор нусхасидан маълум бўлишича, судъя Шамсуддинова Э.Р раислигида ўтган маҳкама Бобомурод Абдуллаев "2011 йилдан шу кунгача" "Усмон Ҳақназар" тахаллуси остида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳнинг "буюртмаларини бажариб келгани"ни аниқлаган.

Маҳкама аниқловига кўра, "амалдаги тузумни босиб олишга чақирувчи" мақолалар интернет орқали Муҳаммад Солиҳга етказиб турилган.

Суд Бобомурод Абдуллаевни "ЎХХ функционери" деб атаган.

Тергов Бобомурод Абдуллаевнинг асосий манбалари Салаев Равшанбек Бойжонович ва Оллоёров Шавкатжон Оллоёр ўғли исмли Ўзбекистон фуқаролари эканини айтган.

Маҳкама қарорида айтилишича, бу икки шахс Бобомурод Абдуллаевнинг танишлари бўлган ва улар "қўриқланадиган шахслар, йирик ишбилармонлар ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбариятига кириш имконига эга бўлганлар".

Маҳкамага кўра, улар ўзлари "етказган маълумотлар ҳокимиятни ноқонуний йўл билан босиб олишда ишлатилишини билганлари ҳолда Бобомурод Абдуллаев учун, унинг топшириғи билан материаллар тўплашган ва унга етказиб турганлар.

Журналист Бобомурод Абдуллаев расман "Усмон Ҳақназар"имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek