Косонсойдаги бозорда 36 киши заҳарланди

бозор Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Наманганнинг Косонсой туманида 36 одам овқатдан заҳарланиб шифохонага ётқизилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, уй шароитида тайёрланган калла-поча ва хасип одамларнинг заҳарланишига сабаб бўлиши мумкин.

Хабарда айтилишича, Косонсой туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига 5 февраль куни тонги соат 6:00 дан 12:00 га қадар кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва умумий ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан тиббий ёрдам сўраб 36 нафар фуқаро мурожаат қилган.

Улар ўткир гастроэнтерит, токсикоинфекция ташхисига гумон қилиниб, шифохонага ётқизилган.

"Беморлар билан ўтказилган суҳбат давомида барча беморлар ўз касалликларини 4 февраль куни соат 12:00-13:00 оралиғида Косонсой туман марказий деҳқон бозорида номаълум шахс томонидан уй шароитида тайёрланган кала-поча гўшти ва хасип таомини харид қилиб, истеъмол қилиш билан боғлаган", деб ёзилади хабарда.

Беморларнинг ҳолати барқарорлашгани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги алоҳида назорат ташкил этган.

Юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида вазирликнинг бир гуруҳ масъул мутахассислари ҳодиса жойига юборилган.

"Шифохонада даволанаётган беморларнинг аҳволи қониқарли, оғир беморлар йўқ, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда", дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистонда озиқ-овқатдан заҳарланиш учраб туради.

2017 йилнинг май ойида Андижонда музқаймоқдан 212 киши заҳарлангани хабар берилганди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар