"Диний либос"да мактабга келсам, ҳожатхона тозалашга тайёрман"

Тилхат Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Президент Мирзиёев Ўзбекистон ёшларига Ислом динини ўргатиш, ёшларни турли бузғунчи ғоялардан асраш муҳим эканини урғуламоқда. Мамлакат туманларида қорилар мусобақалари бошланган. Аммо турли идоралардаги мутасаддилар ҳамон рўмол ва соқолни Ўзбекистон "барқарорлигига таҳдид" сифатида кўраётганлари норозиликларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Фейсбук ижтимоий тармоғида бир кунда тарқатилган икки ҳодиса ҳақидаги хабар ушбу фикрни тасдиқлайди.

Фейсбук фойдаланувчиси Абдулазиз Муборак Наманганда рўй берган ҳодиса ҳақида ўз саҳифасида шундай деб ёзди:

"Кеча қизим телефон қилиб лицейига келишимни сўради. Руҳшунос рўмолини ечиб юришини талаб қилибди.

Бордим.

Эшитдим: таълим муассасасида рўмол ўраш ясақ эмиш, қизимга ўртоқлари тақлид қилиши мумкин экан, комиссия келса, ойлигидан қирқармиш, қолаверса, олаётган маоши ҳалол бўлмасмиш...

Мен аввало мини юпка, женси шим кийган ва гўзаллик салонида бежаниб келаётганларни бир ёқли қилинглар, кейин гаплашамиз дедим.

Туман бош имомини телефон орқали чақирдим, асрдан кейин бораман, деб кейин телефонни кўтармадилар...

Ўша руҳшунос ўзбекчиликда катталарни гапига кириш одобдан эканини айтди.

У ҳолда ота ёки онангизга бориб тушунтираман, улар сизга насиҳат қилади дедим. 😂

Қолаверса, қизимни рўмолини ечишга тиришмай хонангиздаги танитмани хатосиз ёзинг, исмингиз Ҳидоят эканига шубҳаланиб қолдим, дедим!

Гапирса, гап кўп, аммо догматикларнинг дастидан жамиятимизда диндорларга ҳалиям ёвқараш давом этмоқда. Афсуски шундай!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Марғилонда эса рўмолли ўқувчи қизлардан, агар яна "диний либосда" мактабга борса, ўзига нисбатан жазо қўлланиши, хусусан, ҳожатхона тозалатишларига тайёрликлари ҳақида тилхат ёздириб олинган.

Фейсбук фойдаланувчиси Мусанниф Аҳмад шундай ёзади:

"Кейин мактаб директори 10-синф қизларини ўртага олиб, ўринбосари билан жўрликда роса сўкибди. Ўрганиб қолдик - тошлоқликларни ҳаромига чиқарган ҳоким ҳам Марғилондан эди.

Сўкиш-ҳақоратлар тугагач, қуйидаги тилхат ёздирилибди: энди мактаб таълим бериш баробарида рўмолли қизларни ҳожатхона тозаловчиси қилиб етиштирар экан. Ана сизга "инновация"!"

6 февраль куни Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг раиси Қаҳрамон Қуронбоев Facebook LIVE жонли мулоқотида Фейсбук фойдаланувчилари, журналистлар ва Ёшлар иттифоқи фаолларининг саволларига жавоб қайтарди.

Мулоқот пайти Қаҳрамон Қуронбоевдан ёш мусулмон йигитлар ёнида ёки телефонида диний мавзудаги файлларни олиб юришда ҳадиксирашлари ҳақида савол сўралди.

Диний билим олишда Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасига мурожаат қилишни маслаҳат берган жаноб Қуронбоев, диний сабоқ борасида қўрқув бўлгани яхши, деб айтди.

Қаҳрамон Қуронбоевнинг ушбу саволга жавобини BBC O'zbekнинг YouTubeдаги каналида томоша қилинг

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар