"Президент қабулхонасидагилар тиланчилик қил, дейишди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Жўрабек 32 ёшда, 1 фарзанди бор.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Халқ қабулхонаси мулозими даволаниш учун ёрдам сўраб борган қашқадарёлик Жўрабек Йўлдошевга "тиланчилик қилиш"ни маслаҳат берган.

Жўрабек 32 ёшда, 1 фарзанди бор.

Видеони BBC O'zbek YouTube каналида томоша қилинг.

Уйсиз. Ҳокимият берган 1 хонали ётоқхонада яшайди.

2016 йилда шифокорлар унга жигар циррози деб ташхис қўйишган.

Даволанишга пули йўқ.

Ўзининг айтишича, самарқандлик профессор шифокор (Жўрабек унинг исми шарифини билмайди-таҳр) беморлардан қолган 4-5 миллион сўмлик дорини унга беришга рози.

Аммо шунда ҳам ётиб даволаниши учун 1 миллион 700 минг ($210) сўм пул керак.

Бу пулни сўраб, маҳалла, ҳокимият ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилган беморнинг айтишича, ҳеч қандай натижа бўлмаган.

17 январь куни Президент девони қошидаги Шавкат Мирзиёевнинг Халқ қабулхонасига мурожаат қилган.

Аммо...

Қабулхона мулозими унга тиланчилик қилишни тавсия қилган.

Шундан сўнг Жўрабек ўзини ёмон ҳис қилганини айтади.

Жўрабек Йўлдошевнинг муаммосини ўрганган журналист ва инсон ҳақлари фаоли Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, Жўрабек юк машинасида пойтахтга келган.

"10 кун 16-сонли республика тез тиббий ердам шифохонасининг кутишлар залида ётган ва ҳар куни у ердан то президент қабулхонасигача совуқда пиёда қатнаган. Халқ қабулхонаси вакили "гадойлик қил" дегач, хафа бўлиб чиқиб, мазаси қочиб қолган. Одамлар мени ўша ерга чақиришди. Унинг усти юпқа, оёғидаги туфли йиртилиб кетган, уч кун овқат емаган экан. Очлигидан бехуш бўлган. Уйга олиб келдим. Кейин кетди. Уйига қайтишга пули ҳам йўқ эди", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Унинг Би-би-сига айтишича, Жўрабек Тошкентдан қайтиб боргач, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги шифохонада даволанган. Аммо яна укол-дорига пули йўқлиги учун "койкани бўшатиб қўй" дейишган.

Жўрабек ҳозир уйида ва ҳануз ёрдамга муҳтож.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek