Фарғонада ота-онаси хорижда ишлаётган қизча ўлдириб кетилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RAUL ARBOLEDA/Getty Images
Image caption Ўзбекистонда меҳнат муҳожирларининг қаровсиз қолган болалари бўйича статистик маълумотлар йўқ.

Ўзбекистон матбуоти хабарига кўра, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги 6-сонли боғча тарбияланувчиси ўлик ҳолда топилган.

Беш ёшли Кибриёхон ота-онаси Туркияда ишлагани туфайли бувиси ва бобоси билан яшаб келган.

Тергов маълумотларига кўра, 5 февралда боғчанинг ҳамшираси Кибриёхонни ўзининг икки фарзанди билан ўз уйига олиб кетган.

Ҳамшира қизалоқнинг бувисига уни келиб олиб кетишни сўраб сим қоққан ва болаларни уй яқинида ўйнашга ташлаб ўз юмуши билан кетган.

Бошланғич таълим вазирлигида ҳамшира сўзларига таяниб билдиришларича, 30−35 ёшлардаги эркак киши учовлонни ширинлик олиб бериш ваъдаси билан велосипедига ўтқазиб олиб кетган.

Кўча охирида эса у икки болани қолдириб, қизча билан ғойиб бўлган.

Кўп ўтмай Кибриёхон йўқолгани унинг оиласи томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар қилинган.

6 февраль тунда қизалоқнинг жасади Оқбўйра қишлоғидан топилди. Унинг танасида жароҳат аломатлари мавжуд.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик ўқитувчининг айтишича, ота-онаси Россия ё Туркияда ишлаётгани туфайли қаровсиз қолган ёки яқин қариндошлари қўлида катта бўлаётган болалар кўп.

"Ҳар бир синфда бор бундай болалар. Мен 1-синфдан 4-синфгача бўлган ўқувчиларга дарс бераман, бувиси ё бобоси қўлида қолган ўқувчиларим кўп. Ўтган йили Гурланда қари бувиси қарамоғида қолдирилган 12 яшар қизни ўз 17 яшар акаси жинсий зўрлаб, ҳомиладор қилди. Қизча туғди, лекин катта шов-шув бўлиб, мактаб директори ва ўқитувчи ишдан бўшатилди", - дейди ўқитувчи.

Унинг айтишича, ота-она тарбияси ва меҳридан мосуво ўсаётган болалар бошқалардан ажралиб туради. "Отаси, онасини соғингани, уст-бошига, еб ичишига биров яхши қарамаётгани билиниб туради", - дейди у.

Пахта-2017: Касалманд мардикор оналар ва ташландиқ болалар

Болалар боғчаси даромадли бизнес бўлиши мумкинми?

Россия болалар омбудсмени: 'Ўзбек қизча онасига қайтарилиши керак'

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek