Тошкент метросини энди "суратга олиш мумкин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи uzlit.net
Image caption Тошкент метроси дунёдаги энг чиройлиларидан деб эътироф этилган.

Тошкент метрополитенида энди фото ва видео олиш тақиқланмайди. Бу ҳақида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Халқаро пресс-клуб доирасида журналистлар билан мулоқот қилган Абдуҳакимовга кўра, яқин орада Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўз ходимлари билан мажлис ўтказиб, энди мамлакатда суратга туширишга аввалгидек "қатъий тақиқ" йўқлигини маълум қилади.

Ҳозирда стратегик объект деб санаб келинган Тошкент метросида фото ва видео олиш ҳаракатлари бекатларда хизмат қилаётган қўриқчилар томонидан тўхтатилади.

Сешанба куни Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган туризм тараққиёти борасидаги фармонга биноан, туристларга "жамоат жойлари, биноалар ва иншоотларни ҳеч қандай чекловсиз" фото ва видеога олишлари мумкин.

Айни дамда ҳукумат суратга олиш ман этиладиган объектларнинг рўйхати устида ишламоқда.

"Метрода суратга олса бўлади. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бизнинг метромиз дунёдаги энг гўзал метро, биз уни реклама қилишимиз керак. Шу пайтгача мумкин эмас эди, лекин Президент у ерда ҳамма нарсани суратга олса бўлади деди", - деб айтди Давлат туризм қўмитаси раиси.

Унинг айтишича, сурат ва видеога олиш эркинлиги нафақат туристлар, балки ўзбекистонликларга ҳам тааллуқлидир.

Тошкент метро тармоқларида яна хавфсизлик чоралари кучайтирилган

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek