"Бобом Тез ёрдам келгунча, ўлди. Улар 120 минг сўм талаб қилишди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи darakchi.uz
Image caption Президентнинг янги қарорига кўра, тез тиббий ёрдам кўрсатишни рад этган тиббий муассаса энди жазоланади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг январь ойи охирида "Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори афтидан ҳали иш бермаяпти.

Фейсбукдаги Потребитель.уз саҳифасида шарҳ қолдирган тошкентлик аёлнинг ёзишича, ҳарорати кескин кўтарилган синглисига тез ёрдам чақириш уринишлари бефойда бўлган.

"103 тез ёрдамга телефон қилиб ҳеч тушолмадим, хусусий тез ёрдамга телефон қилсам, улар бўш машина йўқ дейишди. Нима қилишни билмай қолдим, ваҳима босди. Синглимдан ташқари яна икки кичик укам бор, синглимни касалхонага олиб кетсам, уларни кимга қолдираман деб қўрқдим. Охири қўшнимга қолдириб кетдим. Тасаввур қилинг, агар кимдадир касалхонага бориш имконияти бўлмаса, юрак хуружи бўлиб қолса, 103 эса ўчирилган?! Унда у ўлиши мумкин", - деб ёзади у.

Президент қарорида ёзилишича, 2017 йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва бу ҳудудларнинг ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини берди, тез тиббий ёрдам хизматини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш эса икки баравар кўпайди.

Унда таъкидланишича, ҳар йили шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларида 600 мингдан ортиқ бемор стационар даволанмоқда, 1 миллиондан ортиқ кишига амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Тез тиббий ёрдам хизмати томонидан эса йилига 7 миллиондан ортиқ чақириққа хизмат кўрсатилмоқда.

Президент қарорида, айни дамда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир ой муддатда тиббиёт муассасалари раҳбарлари шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси юклатилгани айтилади.

Аммо, афтидан синглисига тез ёрдам чақира олмаган аёлнинг ҳикояси уникал эмас.

Унга жавобан шарҳ қолдирган бошқа тошкентликлар ҳам муаммонинг нақадар кескинлигига ишора қилишди.

"Яқинда Авиаторда авария бўлди. Биз ўтиб кетаётгандик. Эрим билан тўхтаб, 103га телефон қила бошладик. Тўхтамай қилдик тез ёрдамга. Умуман тушолмадик. Кейин МДСни чақирдик. Улар авария бўлган жойга келишмас экан. 103га қилинг дейишди. Яна тушолмай, 102 орқали тез ёрдам чақирдик. Жуда қўрқинчли. Керак бўлганда тез ёрдамга тушолмайсан", - дейди бир шарҳловчи.

"Уларга янги машиналар беришди дейишади, лекин телефон қилсанг, бўш машина йўқ дейишади", - дейди яна бир шарҳловчи.

"Бизда ҳам шундай ҳолат бўлди. Бобомнинг бирдан мазаси қочиб қолди, қон босими кескин кўтарилиб, нафас олиши ёмонлашди. 1003 тез ёрдамга умуман тушолмадик. Хусусий 1080,1083,1072ларга ҳам қилдик, жавоб йўқ, ёки бўш машина йўқ, заявка ололмаймиз дейишди. 1072га бақирганимиздан кейин заявкани олди. Лекин, бобом вафот этди. Унинг ёши 76да эди. Бобом ўтгач, икки соатдан кейин хусусий тез ёрдам келди. 1072 биздан уйга келгани учун 120 минг сўм талаб қилди. Бунга қандай чидаш мумкин? Ақлдан озишган", - дейди бошқа шарҳловчи.

"Президент қабулхонасидагилар тиланчилик қил, дейишди"

Ўзбекистонда ҳар йили 760 аёл бачадон бўйни саратонидан ўлади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Тизимми ё ташхис?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek